05.07.2017. 2017 йил 4 июль куни Тошкент вилоятидаги “Қуёшли” болалар соғломлаштириш оромгоҳида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ташкил этилган Республика Интеллектуал ривожлантириш оромгоҳи 2-навбатининг тантанали очилиш маросими ўтказилди.
Тантанали очилиш маросисмида Ўзбекистон касаба уюшма Федерацияси, Халқ таълими вазирлиги мутасаддилари, олимлар, устоз ва мураббийлар, фахрийлар ва ота-оналар иштирок этдилар.
Тадбирда ташкилотчилар томонидан таъкидланганидек, бугун мамлакатимизда Давлатимиз раҳбари бошчилигида жамият ҳаётининг ҳар бир жабҳасида амалга оширилаётган ислоҳот ва янгиланишларнинг энг аввало инсон манфаатларини таъминлашга қаратилганлиги алоҳида таъкидланди. Президентимиз ташаббуслари билан ишлаб чиқилиб, амалга оширилаётган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”дан ижтимоий соҳани ривожлантириш йўналишининг алоҳида ўрин эгаллагани қайд этилди. Давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг мазкур устувор йўналиши жумладан, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва эҳтиёжманд қатламлари ижтимоий ҳимоясини қўллаб-қувватлашни кучайтириш, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш, жисмонан соғлом, руҳан ва ақлан ривожланган, мустақил фикрлайдиган, Ватанга содиқ, қатъий ҳаётий нуқтаи назарга эга ёшларни тарбиялаш, ёш авлоднинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини қўллаб-қувватлаш ва рўёбга чиқариш, болалар ва ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантиришга қаратилганлиги билан янада аҳамиятлидир.
Шу боис бугунги кунда ҳар томонлама етук ва баркамол авлодни тарбиялаш йўналишидаги ишлар янги босқичга кўтарилиб, ёш авлоднинг интеллектуал ривожланиши, маънавий ва жисмоний камолоти йўлида кенг қамровли тадбирлар амалга оширилмоқда. Мазкур йўналишлардаги ишларга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳам болажонларни мазмунли дам олдириш ва соғломлаштириш борасида тизимли ишларни амалга оширмоқда. Хусусан, Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан меҳнаткашлар фарзандларининг мазмунли ҳордиғини ташкил этиш масаласига алоҳида ёндошилгани ҳолда “Қуёшли” болалар соғломлаштириш оромгоҳи негизида Республика Интеллектуал ривожлантириш оромгоҳи ташкил этилди. Ушбу оромгоҳда ёзги мавсумнинг 1-навбатида Халқ таълими вазирлиги томонидан ўтказилган “Билимлар беллашуви” ғолиблари бўлган 250 нафар иқтидорли ўғил-қиз, айни кунда давом этаётган 2-навбатда эса 210 нафар иқтидорли болажонлар касаба уюшмалари томонидан бепул йўлланмалар асосида соғломлаштирилмоқда.
Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан оромгоҳда болажонларнинг ҳар бир дақиқалари мазмунли ўтиши учун бор имкониятлар ишга солинган. Айниқса, бу масканда фаолияти йўлга қўйилган 10 дан ортиқ тўгараклар, хусусан, “Инглиз тили”, “Ёш китобхон”, “Компютер билимдони”, “Хореография”, “Ёш маънавиятчи”, “Тасвирий санъат”, “Моҳир қўллар”, “Жисмоний тарбия ва спорт” каби тўгараклар барча зарур жиҳоз ва воситалар билан таъминланиб, ўғил-қизлар табиат қучоғидаги ноанъанавий ва интерфаол усулдаги машғулотлар билан қамраб олинмоқда. Оромгоҳга юқори педагогик маҳорати орқали ёш авлод камолотига муносиб ҳисса қўшиб келаётган энг яхши устозлар ҳам жалб этилган.
Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда болажонлар учун турли фанлар йўналишлари бўйича маҳорат дарслари, ижодий ўқув машғулотлари, викториналар, танловлар, мусобақалар, назм ва наво кечалари ташкил этилмоқда. Шунингдек, таниқли фан арбоблари, олимлар, адабиёт ва санъат намоёндалари иштирокида ўтказилаётган учрашув ва суҳбатлар, очиқ мулоқотлар ўғил-қизларда катта таассурот қолдирмоқда. Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ҳамкор ташкилотлар ва вазирликлар иштирокида тайёрланган “Болалар учун мўлжалланган шеърлар, куй ва қўшиқлар тўпламлари” ўғил-қизлар билан ўтказилаётган таълим-тарбиявий жараёнларда жуда асқотмоқда.
– Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида ўтказилган “Билимлар беллашуви”да энг яхши деб топилган ғолиблар – 210 нафар билимдон ўқувчилар бепул йўлланмалар билан таъминланиб, оромгоҳимизнинг 2-навбатида имтиёзли ҳордиқ чиқармоқда, – дейди Касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги “Қуёшли” болалар соғломлаштириш оромгоҳи бошлиғи Йўлчибой Раҳимжонов. – Бу масканда уларнинг жисмонан чиниқишлари, маънавий камол топишлари ва ўз билим ҳамда кўникмаларини мустаҳкамлашлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Хусусан, бой китоб заҳирасига эга бўлган кутубхона, Интернет тармоғига уланган компютер хонаси, хореография зали, вокал хонаси, очиқ ва ёпиқ спорт майдончалари, энг замонавий услубларда барпо этилган ложувард сузиш ҳавзаси, қулай ва шинам ётоқхоналар, мазали ва дармондориларга бой таомлар тайёрланаётган ошхона болажонлар хизматида.
Оромгоҳдаги барча хоналар алоҳида дид асосида энг замонавий мебель, маиший техника жиҳозлари, ошхона анжомлари билан таъминланган. Кенг кўламдаги ободонлаштириш ишлари билан бирга болаларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун кўргазмали бурчаклар ташкил этилгани янада аҳамиятлидир. Ушбу масканда болажонларни дармондориларга бой таомнома асосида тўғри овқатлантириш тизими йўлга қўйилган.
Республика Интеллектуал ривожлантириш оромгоҳи 2-навбати очилишига бағишланган тантанали тадбир Ўзбекистон Республикаси давлат Мустақиллигининг 26 йиллигига бағишлаб ташкил этилган “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” мавзусидаги маданий-маърифий тадбирга уланиб кетди. Тантаналар давомида республикамизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, бунёдкорлик ишларининг мазмун-моҳияти, уларнинг барчаси инсон манфаатларига хизмат қилаётгани, давлатимиз томонидан ёш авлод вакилларига кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликларнинг аҳамияти болаларга саҳна кўринишлари орқали намойиш этилди. Оромгоҳда дам олаётган ўғил-қизлар иштирокида ташкил этилган концерт дастурида болажонлар Она Ватанимиз, Мустақиллик берган имкониятлар, барқарор тинчлигимиз ва мусаффо осмонимизни мадҳ этувчи куй ва қўшиқларни ижро этдилар.
Тадбирга йиғилган барча болажонлар кўзида порлаган қувонч, улардаги теран фикр ва шижоат мамлакатимизда баркамол авлод тарбияси йўлида амалга оширилаётган улкан саъй-ҳаракатларнинг нақадар муҳим аҳамиятга эга эканлигини яна бир бора намоён этди. Зеро, жисмонан соғлом, маънавий етук, юксак интеллектуал билим ва салоҳиятга эга ўғил-қизлар буюк келажагимиз эгаларидир.
МАЪЛУМОТ ЎРНИДА:
Жорий йилги мавсумда жами 1 минг 290 та, шу жумладан, 214 та стационар туридаги, 936 та кундузги, академик лицейлар ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчилари учун корхона ва ташкилотлар қошида 140 та “Меҳнат ва дам олиш” оромгоҳлари фаолияти йўлга қўйилди. Ушбу оромгоҳларда жами 294 минг 351 нафар бола соғломлаштирилади. Уларнинг 154 минг нафардан ортиғи стационар, 140 мингдан зиёди кундузги оромгоҳларга жалб этилади.
Ушбу мақсадлар учун жами 52,3 млрд. сўмдан ортиқ маблағ сарфланиши режалаштирилган.
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида ижтимоий ҳимояталаб оилалар фарзандларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш масалаларига катта эътибор қаратилиб, давлатимизнинг алоҳида эътибори ва ғамхўрлиги остида Оролбўйи минтақасидан 4,5 минг нафар бола Тошкент шаҳри, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларидаги сўлим ва баҳаво оромгоҳларда бепул дам олдирилмоқда. Касаба уюшмалари томонидан ижтимоий ҳимояталаб оилалардан бўлган 40 минг нафар болажон жамоа шартномалари ва келишувлари орқали бепул ва имтиёзли соғломлаштирилмоқда. Шунингдек, Меҳрибонлик уйларининг 1950 нафар тарбияланувчиси ҳамда 50 нафар жисмоний имконияти чекланган болалар бепул йўлланма билан таъминланди. 2 минг нафар она-болалар касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда саломатлигини мустаҳкамлайди. Бепул йўлланмалар асосида дам олиш имкониятидан маҳаллаларда яшаётган кам таъминланган оилаларнинг 700 нафар фарзанди ва ота-она қаровисиз қолган болалар ҳам фойдаланадилар. Хусусан, касаба уюшмалари ҳамда “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳамкорлигида Сурхондарё вилоятининг Сариосиё ва Узун туманида истиқомат қилаётган 100 нафар, республикамиз ҳудудларидаги маҳаллалардан 600 нафар ўғил-қиз бепул дам олдирилади.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Болаларни соғломлаштириш ишларини мувофиқлаштириб бориш бўйича Республика штаби ташкил этилган бўлиб, штаб томонидан мавсумнинг бориши бўйича ҳар кунлик назорат ва мониторинг олиб борилмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати