21.07.2017. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши томонидан 2011 йилда ташкил этилган “Энг намунали бошланғич ташкилот” кўрик-танлови фаолиятни янада жонлантириш, иш юритишда қўлланиладиган юридик, меъёрий ҳужжатларни такомиллаштиришга хизмат қилмоқда. Икки йилда бир маротаба ўтказиладиган ушбу танловда аъзолар манфаатларини ҳимоялаш ишларини юксак даражада йўлга қўйган ташкилотлар сараланиб, уларнинг тажрибалари намуна сифатида кенг оммалаштирилаётир.
Айни кунларда касаба уюшмалари бўғинларида ушбу кўрик-танловнинг қуйи босқичи якунига етиб бормоқда.
ЎзКУФК катта мажлислар залида Металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси тизимида мазкур танловнинг Республика босқичи бўлиб ўтди. Анжуманни тармоқ Республика кенгаши раиси А. Хақулов кириш сўзи билан очиб берди. Унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раисининг ўринбосари Б. Маҳмадалиев иштирок этиб, ушбу танлов қанчалар аҳамият касб этишига эътиборни қаратди.
Республика кенгаши бош мутахассиси Ш. Аюпова кўрикда иштирок этган касаба уюшма қўмиталари ўртасида саралаб олинган ғолибларни эълон қилди. Танлов шартларига кўра ходимлари 100 нафаргача бўлган бошланғич ташкилотлар ичида учинчи ўрин Самарқанд “Синов ва сертификатлаш маркази”давлат корхонасига, иккинчи ўрин Тошкент шаҳар “Автотеххизмат” масъулияти чекланган жамиятига, биринчи ўрин эса “Фарғона АвтоГласс” масъулияти чекланган жамиятига насиб этди.
Аъзолар сони 100 нафардан зиёд бўлган касаба уюшма қўмиталари ўртасида учинчи ўринга Хоразмдаги “GM Uzbekistan” акциядорлик жамияти, иккинчи ўринга “ЎзКорамКо” масъулияти чекланган жамияти, биринчи ўринга эса Андижондаги “GM Uzbekistan” акциядорлик жамияти муносиб деб топилди.
Ғолиб ташкилот етакчилари қўмита фаолияти юзасидан тақдимот қилдилар.
— Ходимларимизни моддий, маънавий қўллаб-қувватлаш, яратилган қулай меҳнат шароитлари, маҳсулот унумдорлиги ва сифатига ижобий таъсир кўсатади, — деди Андижондаги “GM Uzbekistan” АЖ касаба уюшма қўмитаси раиси Ўктамжон Мирзаев.— Шу боисдан ҳам корхона маъмурияти билан ҳамкорликда аъзоларимизнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоялаш ишларини юқори савияларда ташкил этишга эътибор тобора кучайтирилмоқда.
Биринчи ўринни эгаллаган жамоалар танловнинг якуний босқичига йўлланма олдилар. Ғолиб деб топилган бошланғич ташкилот раисларига тармоқ Республика кенгашининг дипломлари ва қимматбаҳо совғалари тақдим этилди.