[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

24.07.2017. Мамлакатда аҳоли билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, янги, самарали усул ва механизмларни жорий этиш, мансабдор шахсларнинг аҳоли олдида ҳисобот бериш тизимини амалда татбиқ этиш, шу асосда халқнинг давлат ҳокимиятига бўлган ишончини мустаҳкамлашга ҳамда инсон манфаатларига қаратилган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга оширишда  пойтахт касаба уюшмалари ҳам фаол иштирок этмоқда.

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш, юридик ёрдам ва хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш йўналишида касаба уюшмаларининг роли тобора ортиб бораётгани, айниқса, қувонарли ҳолдир.

Аҳолининг бандлигига кўмаклашиш ва реал даромадларини изчил ошириш, ижтимоий ҳимоя қилиш ва соғлигини тиклаш, кексаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш ҳамда ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда  фаол иштирок этилмоқда.

Жумладан, Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган қатор Конвенциялари жамоа шартномаларида ўз аксини топиб, бу борада жамоатчилик назорати ўрнатилган.

1941–1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийлари, ногиронлар, ёлғиз қариялар ва аҳолининг бошқа ночор қатламларини санаторийларда соғломлаштиришни ташкил этиш ишларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳозирги кунга қадар 192 нафар фуқаро соғломлаштирилди.

193 нафар пенсия ёшидаги шахсларга нисбатан 116 та корхонада пенсияга чиқишдан олдин бир йўла моддий ёрдам бериш ва уларни қимматбаҳо совғалар билан тақдирлаш ишлари амалга оширилди.

Ўз вақтида 94 та корхонада ишлаб кетган ва бугунги кунда кексалик гаштини сураётган пенсионерларнинг 357 нафарига моддий ёрдам кўрсатилди.

140 та корхонада юбилей саналари муносабати билан 271 нафар ходимга қимматбаҳо совғалар топширилди.

Хотира ва қадрлаш кунини юқори савияда нишонлаш, уларда пойтахт касаба уюшмаларининг фаол иштирокини таъминлаш юзасидан бирлашма томонидан қабул қилинган чора-тадбирлар режасига мувофиқ 58 нафар Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, меҳнат фахрийлари, мустақиллик йилларида хизмат бурчини бажариш вақтида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари, уларнинг оила аъзоларига манзилли моддий ёрдам кўрсатилди.

Тизимдаги санаторийларда фаолият юритаётган кексалардан 25 нафари, ишлайдиган эҳтиёжманд, кўп болали оилаларнинг 36 нафар аёллари, тиббиёт муассасалари ходимларидан 8 нафари, таълим муассасалари ходимларидан 8 нафари бепул соғломлаштирилди. Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан 11 нафар ишлайдиган аёлларга «Умид гулшани» санаторийсига бепул йўлланма ажратилди.

426 та корхона томонидан 883 нафар ижтимоий муҳофазага муҳтож ёш оилалар вакилларига моддий ёрдам кўрсатилди, 16 та корхонада олий ўқув юртларида таҳсил олаётган 26 нафар иқтидорли, ижтимоий муҳофазага муҳтож ва чин етим талабаларга ўқув шартнома пулларининг қисман тўлови амалга оширилди. 39 ёш оилага уй-жой қуриш ва мамлакатимизда ишлаб чиқарилган, узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни харид қилиш учун фоизсиз  cсудалар берилди, 19 нафар ходимга сафарбарлик захирасидаги ҳарбий хизматга чақирилиши муносабати билан фоизсиз ссудалар берилди.

Жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб стационар оромгоҳлар болаларни ўз бағрига қабул қилиб, бугунги кунда қарийб 16 мингдан ортиқ болалар соғ­ломлаштирилди, 3-мавсумда 2365 нафар бола дам олмоқда. Умумтаълим мактабларида ташкил этилган кундузги оромгоҳларда эса  биринчи навбатда 7965 нафар бола дам олган бўлса, иккинчи навбатда 7820 нафар бола шундай имкониятдан фойдаланмоқда.

Маҳаллаларда истиқомат қилаётган эҳтиёжманд, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари учун оромгоҳлари мавжуд корхона, ташкилотлар тегишлича йўлланмалар ажратиб келмоқда.

«Оммавий маданият» деган ниқоб остида ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик ғояларини тарқатиш, шулар эвазига бойлик орттириш, бошқа халқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига беписандлик, уларни қўпоришга қаратилган хатарли таҳдидлар ҳамда «оммавий маданият»нинг аянчли оқибатлари олдини олиш масалалари касаба уюшмаларининг доимий эътиборида.

Беш мингдан зиёд бошланғич ташкилотларда ўтказилаётган «Маънавият соатлари»да Президентимизнинг турли тадбир ва анжуманларда, йиғилишларда сўзлаган маърузаларининг мазмун-моҳияти, «Мустақиллик йилларида мамлакатимизда ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқий, маданий-маънавий соҳаларда олиб борилган ислоҳотлар ва эришилган ютуқлар», «Давлат дастурларининг мазмун-моҳияти», «Тинчлик ва аҳиллик — мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигининг асосидир»  каби мавзулар атрофлича ўрганиб борилмоқда.

Ёшлар орасида жисмоний тарбия ва спортни кенг оммалаштириш мақсадида давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда қатор мусобақалар ўтказилмоқда.

Республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситаларида касаба уюшмалари томонидан Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида амалга оширилаётган ишлар, Давлат дастурининг мазмун-моҳияти тарғиботига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.