28.07.2017. Жорий йилнинг 28 июль куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Республика Маънавият тарғибот маркази ҳамкорлигида “Фидойинг бўлгаймиз сени, Ўзбекистон!” мавзуидаги маънавий-маърифий тадбир ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 27 июндаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма олти йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Қарори доирасида ташкил этилган мазкур тадбирда таниқли олимлар, адабиёт ва санъат намоёндалари, касаба уюшма фаоллари ҳамда турли тармоқларда фаолият олиб бораётган меҳнаткашлар иштирок этдилар.
Тадбирда Мустақиллик йилларида мамлакатимизда турли соҳаларда эришилган ютуқлар, бугунги кунда Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш, инсон манфаатларини таъминлаш йўлида олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар ва уларнинг натижалари, ҳар бир соҳадаги ўзгариш ва янгиланишларнинг одамларни рози қилишдек эзгу мақсадга йўналтирилгани алоҳида таъкидланди.
Иштирокчилар бугун энг катта ва бебаҳо бойлигимиз – Ватанимиз тинчлиги ва осойишталиги эканлигини, мамлакатимиздаги дўстлик ва ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик муҳити барчанинг эътирофига сазовор бўлаётганини қайд этдилар. Буюк ва бебаҳо неъмат – мустақилликнинг миллий тараққиётимиз, бугунги ва келгуси авлодлар тақдири, келажаги учун беқиёс аҳамияти йиллар ўтиши билан тобора ортиб бормоқда. Ўзбекистоннинг давлат мустақиллиги халқимизнинг миллий манфаатларини, тинч ва осуда ҳаётини таъминлаш, мамлакатимизнинг халқаро миқёсдаги обрў-эътиборини юксалтиришда асосий омиллардан биридир.
Таъкидлаш зарурки, бу каби тадбирлар мамлакатимизнинг турли ҳудудларидаги меҳнат жамоаларида, маҳалла ва гузарларда ҳам ўтказилмоқда. Мустақиллигимизнинг 26 йиллигини муносиб туҳфалар билан кутиб олиш мақсадида касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Ватан фидойи фарзандларини унутмайди!” акцияси ташкил этилди. Мазкур акция доирасида мустақилликни ҳимоя қилиш йўлида жонини фидо қилган ҳарбий хизматчилар оилаларига манзилли моддий ёрдам кўрсатилмоқда. Республикамизнинг чекка қишлоқ туманларида яшовчи 2 мингта эҳтиёжманд оилани электр-маиший техника жиҳозлари билан таъминлаш ишлари амалга оширилмоқда. “Касаба уюшмалари стипендияси” лойиҳаси совриндорлари бўлган, республикамизнинг барча ҳудудларидаги Олий ўқув юртларида таълим олаётган 294 нафар иқтидорли талабага касаба уюшмаларининг бир марталик стипендиялари топширилмоқда.
Шунингдек, кам таъминланган, кўп болали, олис ва чекка ҳудудларда, истиқомат қилаётган оилалардан бўлган 100 нафарга яқин ишловчи аёллар ҳамда ёш оилалар касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда бепул йўлланмалар асосида соғломлаштирилмоқда. Уруш ва меҳнат фахрийлари, ёлғиз ва эҳтиёжманд оилалардаги кексаларнинг Бухоро, Самарқанд, Хива ва Тошкент шаҳарларига саёҳатлари ташкил этилмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати