[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

07.10.2017. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ижтимоий шериклар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати, шунингдек, Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси (ХКУК) ҳамда Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) билан ҳамкорликда 7 октябрь – Бутунжаҳон муносиб меҳнат кунига бағишланган “Муносиб меҳнат – муносиб ҳаёт асоси” мавзусидаги Давра суҳбати ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, вазирлик, идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий муассасалар ва касаба уюшмалари, Халқаро меҳнат ташкилоти ва Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси вакиллари иштирок этдилар.
Маълумки, Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан илгари сурилган Муносиб меҳнат Концепцияси қуйидаги тўртта муҳим стратегик мақсадларга асосланади: меҳнат соҳасидаги асоссолувчи ҳуқуқларни амалга ошириш, бандлик ва даромад олиш имкониятларини кенгайтириш, ижтимоий ҳимоя тизимларини такомиллаштириш, ижтимоий мулоқотни мустаҳкамлаш.
Мазкур Концепцияга мувофиқ муносиб меҳнатнинг хусусан, барқарор бандликни таъминлаш, бу соҳадаги барча камситишларни бартараф этиш, барча меҳнаткашларни меҳнат шартномалари билан қамраб олиш, қулай ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, ижтимоий суғурта ва ижтимоий ҳимоянинг самарали тизимларини ривожлантириш, меҳнаткашларнинг касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқларини амалга ошириш, жамоа музокаралари юритиш ва жамоа шартномаларини тузиш каби таркибий қисмлари муҳим ҳисобланади.
Шу ўринда охирги 10 йилликда бутун дунё бўйича меҳнат соҳасида кучли ўзгаришлар янада кўпроқ намоён бўлганлигини таъкидлаб ўтиш зарур. Мазкур ўзгаришлар ишлаб чиқариш соҳасини ўзгартирувчи глобаллашув ва технологик инновациялар, миграцияни ўз ичига олган демографик ўзгаришлар, иқлим ўзгаришлари каби қатор омиллар билан боғлиқдир.
Бундан келиб чиққан ҳолда 2015 йилда Халқаро меҳнат ташкилоти меҳнат соҳасига тааллуқли бўлган Юзйиллик ташаббусини илгари сурди.
Ўзбекистондаги учтомонлама ҳамкорлар ва фуқаролик жамияти биринчилардан бўлиб мазкур мулоқотни ўтказиш чақириғини ХМТнинг ижтимоий адолат ва муносиб бандлик тамойилларини таъминлаш соҳасидаги фаолиятининг келгусидаги устувор йўналишлари тўғрисидаги таклифларни тайёрлашда самарали восита деб ҳисоблаган ҳолда қўллаб-қувватладилар.
Конференцияда таъкидланганидек, Ўзбекистонда меҳнат соҳасининг барча йўналишларида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ишчи кучига бўлган эҳтиёжни рағбатлантириш, барқарор иш ўринларини яратиш, ижтимоий ҳимоя тизимларини кенгайтириш бўйича Ҳукумат даражасида тизимли саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Касаначилик, ҳунармандчилик, шахсий томорқа хўжаликларида чорвачилик маҳсулотларини ишлаб чиқаришни рағбатлантириш ва ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда иқтисодиётда банд бўлган аҳоли вакилларининг 76,6 фоизи фаолият кўрсатаётган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш аҳоли бандлигини оширишнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади.
Шунингдек, конференция иштирокчилари томонидан мамлакатимизда меҳнат соҳасида таъсирчан давлат ва жамоатчилик назорати амалга оширилаётгани, муносиб меҳнат тамойилларини амалга ошириш мақсадида давлат, иш берувчилар ва касаба уюшмалари ўртасида конструктив ижтимоий мулоқотнинг йўлга қўйилгани алоҳида қайд этилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Савдо-саноат палатаси ўртасида имзоланган ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид Бош келишувнинг амал қилаётгани мазкур йўналишлардаги ишлар самарадорлигини таъминлаётгани таъкидланди.
Ўзбекистонда меҳнат муносабатларида фуқароларнинг жинси, ирқи, тили, эътиқоди ва бошқа белгилари бўйича камситишлар, болалар меҳнатидан фойдаланиш билан боғлиқ муаммоларнинг мавжуд эмаслиги конференция иштирокчилари ва халқаро экспертлар диққат марказида бўлди. Шунингдек, мамлакатимизда касаба уюшмалари ҳуқуқларининг поймол этилишига йўл қўйилмаслиги эътироф этилди. Ўзбекистон касаба уюшмаларига меҳнат қонунчилигига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини юритиш, ходимлар ҳуқуқларини ҳимоялаш, жамоа музокараларини олиб бориш бўйича ўз вазифаларини амалга ошириш учун кенг ҳуқуқлар берилгани алоҳида таъкидланди.
Тадбирда таъкидланганидек, мамлакатимизда “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”ни ҳаётга татбиқ этиш доирасида меҳнат соҳасида ҳам туб ислоҳотлар олиб борилмоқда. Хусусан, 2018 йилнинг 1 январидан бошлаб касб-ҳунар коллежлари, академик лицейлар ва олий ўқув юртлари битирувчилари биринчи марта ишга жойлашганларидан сўнг бир йил давомида меҳнат ҳақларидан даромадлари бўйича ягона ижтимоий тўловнинг ўрнатилган ставкаси 50 фоизга, меҳнат фаолиятларининг иккинчи ва учинчи йиллари давомида 25 фоизга камайтирилади. Микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликларига ходимларнинг розилиги билан белгиланган муддатларга (муддатли меҳнат шартномалари), шу жумладан, вақтинчалик бир марталик ишларга меҳнат шартномаларини тузишга рухсат берилади.
Конференцияда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 12-Ялпи Мажлисида халқаро ва миллий меҳнат стандартларига мувофиқ ходимларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши масаласи кўриб чиқилди. Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Халқаро меҳнат ташкилоти ўртасида йўлга қўйилган самарали мулоқотнинг тегишли ташкилий-ҳуқуқий чора-тадбирлар такомиллашувига ёрдам бериши олий қонунчилик органи даражасида таъкидланди. Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликда Ўзбекистонда 2017-2020 йиллар учун муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастурининг изчиллик билан амалга оширилаётгани янада аҳамиятли экани қайд этилди.
Тадбир иштирокчилари бугунги кунда мамлакатимизда миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётига халқаро меҳнат стандартларини имплементация қилиш бўйича тизимли тадбирлар изчиллик билан амалга оширилаётганини таъкидладилар. Шунингдек, ХМТ билан ҳамкорликни ривожлантириш ва халқаро меҳнат ҳуқуқлари тамойилларини татбиқ этишни таъминлаш бўйича комплекс тадбирлар амалга оширилиши билан бирга, қатор учрашувлар, конференциялар, семинарлар ва давра суҳбатлари ўтказилаётгани қайд этилди. Мамлакатимизда халқаро меҳнат стандартларини татбиқ этиш бўйича олиб борилаётган тизимли чора-тадбирлар халқаро меҳнат стандартлари ва меъёрларига риоя этиш соҳасида ижобий натижаларга эришиш имконини бераётгани таъкидлаб ўтилди. Хусусан, болалар ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича олиб борилаётган тизимли ишлар ва уларнинг самарали натижалари бугунги кунда халқаро экспертлар томонидан ҳам эътироф этилмоқда.
Конференцияда “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” доирасида меҳнат ва ижтимоий муносабатлар бўйича қонунчиликни такомиллаштириш масалалари”, “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармонининг мазмун-моҳияти тўғрисида”, “Юзйилликнинг меҳнат соҳасининг истиқболдаги масалаларига тааллуқли ташаббуси тўғрисидаги”, “Меҳнат соҳасининг истиқболдаги масалалари бўйича Ўзбекистон касаба уюшмаларининг таклифлари”, “Муносиб иш ҳақи ва меҳнатга ҳақ тўлашни ошириш масалаларида Халқаро касаба уюшмалари Конфедерациясининг тутган ўрни”, “Замонавий меҳнат олами: чақириқлар, муаммолар ва улар ечими”, “Ходимларнинг алоҳида тоифалари учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш” мавзуларидаги маърузалар тингланиб, кенг муҳокама этилди.
Бутунжаҳон муносиб меҳнат кунига бағишлаб ўтказилган Конференцияда Ўзбекистонда халқаро меҳнат стандартларини жорий этиш борасида эришилаётган ижобий натижалар фуқароларнинг муносиб меҳнатга бўлган ҳуқуқларини тўлақонли таъминлаш учун хизмат қилаётгани алоҳида эътироф этилди.
Бутунжахон муносиб меҳнат кунига бағишланган конференциялар республикамизнинг барча ҳудудларида ўтказилди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати