[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

22.01.2018. Халқимиз ҳаёт даражаси ва сифатини янада яхшилаш, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини амалда таъминлашга қаратилган 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, шак-шубҳасиз, тизимли ислоҳотларнинг  «йўл харитаси»га айланди.

Ҳаракатлар стратегияси аҳоли бандлигини ошириш, фуқароларни ижтимоий ҳимоя қилиш, аҳолининг муҳтож қатламларига кўрсатиладиган ижтимоий ёрдам сифатини, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётдаги мақомини ошириш, соғлиқни сақлаш соҳасини ислоҳ қилиш, мактабгача таълим муассасаларининг қулайлигини таъминлаш, умумий ўрта таълим, ўрта махсус ва олий таълим сифатини яхшилаш ҳамда уларни ривожлантириш чора-тадбирларини амалга ошириш каби масалаларга алоҳида эътибор қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир.

Шу муносабат билан жорий йил бошида Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда ушбу ташкилот ва муассасаларнинг вилоятлар раҳбар ҳамда мутасаддилари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили талабларининг бажарилишида жамоат ташкилотлари ролини ошириш» мавзусида уч кунлик амалий семинар ўтказилди.

Анжуман якунлари, унда ишлаб чиқилган тавсияларга асосан Самарқанд вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси, тармоқ касаба уюшмалари вакиллари, маҳаллий ҳокимликлар, ҳамкор жамоатчилик ташкилотлари вакилларидан иборат жамоатчилик гуруҳлари ташкил этилиб, жойларда аҳолининг яшаш ҳолатини ўрганиш бўйича вилоят ҳокимлиги, туман ва шаҳар ҳокимликларида штаблар тузилди, январ-феврал ойларида деярли барча аҳоли хонадонлари ўрганиб чиқилди.

Жумладан, ўзим ҳам тармоқ касаба уюшмалари шаҳар кенгашлари раислари, ҳамкор жамоат ташкилотлари вакиллари билан Самарқанд шаҳридаги хонадонларда бўлдим. Мулоқотлар жараёнида аниқланган муаммоларнинг кўпи жойида ечим топди. Қолганлари юзасидан чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилиб, босқичма-босқич ҳал қилиниши учун тегишли ташкилотларга тақдим этилди.

Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан Ҳаракатлар стратегиясининг амалга оширилишини таъминлаш мақсадида июн ­ойида Тошкент шаҳрида «Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик» шиори остида касаба уюшма фаолларининг Форуми ўтказилди. Тадбир доирасида Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишда елкадош бўлиш, бу борада кучларни бирлаштириш мақсадларига хизмат қилувчи Кўмаклашиш дастури ва Форум иштирокчиларининг барча касаба уюшма аъзоларига Мурожаат­номаси қабул қилинди.

Яна бир муҳим жиҳат, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш борасида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари ҳамда ҳудудий бирлашмаларда ишчи гуруҳлари тузилиб, барча вилоят, туман, шаҳар ҳокимликлари ва мутасадди ташкилотлар иштирокида аҳолининг эҳтиёжманд қатлами ўрганилиб, рўйхатлар ­шакллантирилди. Ўрганишлар давомида кам таъминланган оилаларнинг яшаш шароитини яхшилаш мақсадида имтиёзли кредит маблағлари ажратиб берилмоқда.

Ҳа, мақсад аниқ, ҳаракат дадил бўлса, муаммолар ҳал бўлаверади. Жамоат ташкилоти бўлмиш касаба уюшмалари ҳам эзгулик йўлидаги ҳаракатларга доимо камарбастадир.

Сирожиддин ИЗЗАТУЛЛАЕВ,

Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари Самарқанд вилоят бирлашган касаба уюшма қўмитаси раиси