29.01.2018. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом каримов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган тадбир бўлиб ўтди.
Унда Касаба уюшмалари Федерацияси, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳар касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари, “Ишонч” ва “Ишонч-Доверие” газеталари, Федерациянинг Санатор-курортлар бошқармаси мутасаддилари ва касаба уюшма фаоллари иштирок этдилар.
Тадбирда таъкидланганидек, Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси ва амалий саъй-ҳаракатлари билан мустақиллигимиз асосчиси, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллиги мамлакатимизда кенг нишонланмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг хотирасини абадийлаштириш тўғрисида”ги Қарорида таъкидланганидек, мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, буюк давлат арбоби, ўзбек халқининг улуғ ҳамда ардоқли фарзанди Ислом Каримов Ватанимизни мустабид тузум қарамлигидан озод қилиб, ҳалокат ёқасига келиб қолган юртимизни қайта тиклади. У ўзининг серқирра сиёсий фаолияти, олижаноб инсоний фазилатлари билан Ватанимизнинг кўп асрлик тарихида ўчмас из қолдирди.
Тадбирда Ислом Каримовнинг Ватанимиз равнақи, юртимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлигига қўшган улкан ҳиссаси, у кишининг серқирра фаолияти хотирланди.