[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

09.03.2018. Мамлакатимизда олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва аҳоли даромадларини оширишга қаратилгани билан қувонарлидир. «Инсон манфаатлари — ҳамма нарсадан устун», «Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак» каби эзгу ғоялар юртимиз тараққиётининг асосини ташкил қилмокда.

Хусусан, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш юзасидан қабул қилинган Давлат дастурларида, муҳтарам Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифалар фикримизнинг далилидир.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Ҳаракатлар стратегияси ижросида фаол иштирок этиш мақсадида «Юрт тараққиёти йўлида бирлашайлик!» шиори остида ўтказилган Форумда «Ҳаракатлар стратегиясининг амалга оширилишига кўмаклашиш Дастури» қабул қилиниб, устувор йўналишлар бўйича аниқ тадбирлар белгилаб олинди.

Муносиб меҳнат муҳити

Ходим ҳар томонлама, масалан, иш ҳақидан, меҳнат шароитидан, жамоада қарор топган муҳитдан хотиржам бўлса, астойдил ишлайди. Шу боис Кўмаклашиш дастурида Ҳаракатлар стратегиясининг устувор йўналишларидан бўлган иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш ҳамда ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича қуйидаги тадбирларга алоҳида эътибор қаратилган:
– иш ҳақининг номинал қиймати ва ходимлар даромадларини ошириш борасида жамоа шартномалари ва локал ҳужжатлар таъсирчанлигини ошириш;
– корхоналарда жамоа шартномалари орқали ижтимоий шериклик асосида меҳнатга ҳақ тўлашнинг тариф-шартномавий тизимини такомиллаштириш ва меҳнатга ҳак тўлаш фондининг тариф қисмини ошириш;
– корхоналарда меҳнатга ҳақ тўлаш ходимнинг малакаси, меҳнатининг мураккаблиги, ҳажми, сифати ва меҳнат шароитига мувофиқлигини таъминлаш;
– ишчи кучини сақлаш, қайта тиклаш ва рағбатлантириш учун сарфланадиган харажатларни таҳлил қилган ҳолда унинг оптимал улушларини белгилаш.
Ушбу тадбирларнинг амалга оширилиши ҳар бир корхонадаги ижтимоий барқарорлик, иқтисодий тараққиёт ва фаровонлик омили бўлган – муносиб меҳнат муҳитини шакллантиришга хизмат қилиши табиий.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, муносиб меҳнат дейилганда, аввало, аниқ ва барқарор иш ўрни, муносиб иш ҳақи, хавфсиз меҳнат шароити, ижтимоий ҳимоя ва ижтимоий мулоқот тушунилади. Бундай муҳит учун зарур бўлган мажбурий шартлардан бири — меҳнат муносабатларининг ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинишидир. Ўз навбатида, самарали йўлга қўйилган ижтимоий мулоқот ва ижтимоий шерикликсиз мазкур масалаларни ҳал қилиш мумкин эмаслиги — касаба уюшмалари учун аксиома. Шу боис демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, иқтисодиётни эркинлаштириш ва ишлаб чиқаришни модернизациялаш, бозор иқтисодиётига хос ижтимоий меҳнат муносабатларини шакллантириш жараёнининг ҳозирги босқичида ҳар бир корхонанинг тараққиёти ва ходимлар фаровонлиги — иш берувчи билан ходимларнинг вакиллик органи ўртасидаги ўзаро ижтимоий шериклик қай даражада йўлга қўйилганлигига боғлиқ.

Ходимлар даромадини ошириш — асосий мақсад

Инсонлар кўп нарсага чидаши мумкин, аммо адолатсизликка эмас. Мисол учун, ходим ўз меҳнатига яраша муносиб маош олаётганини, муносиб шароит яратилганини ҳис этса, бу ҳол унинг кайфиятига ҳам, фаоллигига ҳам ижобий таъсир кўрсатиши, шубҳасиз. Шу сабабли ҳам меҳнат шартлари ичида муносиб иш ўринларини тавсифловчи ўта муҳим кўрсаткичлардан бири, бу иш ҳақи бўлиб, касаба уюшмаларининг мақсадларидан бири ҳам — ходимлар даромадини оширишдир. Маълумки, иш ҳақининг бозор иқтисодиётидаги асосий функциялари — ходим сарфлаган кучни қайта тиклаш ва уни рағбатлантиришдан иборат. Шуни инобатга олган ҳолда меҳнатга ҳақ тўлашнинг тариф тизимини такомиллаштириш — яъни, меҳнатнинг асосланган дифференциациясини (табақалашувини) тўла таъминловчи тизимни яратиш ва иш ҳақини тариф — шартномавий асосда тартибга солиш ва мувофиқлаштириб бориш иш берувчи ва касаба уюшмаларининг асосий вазифаларидан ҳисобланади. Меҳнатга ҳақ тўлаш ходимнинг малакаси, меҳнатининг мураккаблиги, ҳаж­ми, сифати ва мавжуд шароитга мувофиқ ҳолда амалга оширилишига эришиш ҳам ходим даромадини оширишнинг асосий омилларидандир. Хўш, бунга қандай эришиш мумкин?
Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 11 январдаги 6-сонли қарори билан меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича тариф сеткасидаги тариф ставкалари (лавозим маошлари)ни энг кам иш ҳақи миқдоридан келиб чиққан ҳолда аниқлаш тартиби сақлаб қолинган ҳамда хўжалик ҳисобидаги корхоналарга фаолиятининг якуний натижалари ва молиявий имкониятдан келиб чиққан ҳолда тариф коэффициентларини ошириш ҳуқуқи берилган. Аксарият корхона ва ташкилотларда оддий ишчи ва хизматчиларга меҳнатга ҳақ тўлаш бўйича амалдаги 22 разрядли тариф сеткасининг биринчидан еттинчи разрядигача бўлган тариф ставкалари ва лавозим маошлари бўйича ҳақ тўланади. Лекин, ишчилар бажараётган ишнинг мураккаб­лиги, ҳажми, сифати, меҳнат шароити, хизмат вазифалари ва масъулиятини инобатга олсак, улар меҳнатини фақат олтита разряд доирасида қамраб олиш мушкул.
Шунинг учун ҳам бу борада тариф сеткасининг ўртача тариф разряди, ўртача тариф коэффициентлари ва юқорида қайд этилган ҳукумат қарорида белгиланган ҳуқуқдан фойдаланган ҳолда тариф сеткасини табақалаштириш ва оширилган тариф коэффициентларини белгилаш мақсадга мувофиқдир. Шунга кўра, ишчилар гуруҳи ва бажариладиган ишнинг ўртача малака даражасини аниқлаш, ходимлар малакасини ошириш чораларини белгилаш мумкин.

Етакчи учун эслатма

Ходимларни муносиб ҳимоялаш, уларга етарли шароитлар яратиш, бу борада иш берувчи билан очиқ ва фаол ҳамкорлик олиб бориш учун касаба уюшма етакчилари ҳар томонлама чуқур билимга эга бўлиши лозим. Кўмаклашиш дастурида белгиланган вазифаларни ҳал қилишда ҳам касаба уюшма етакчи ва фаолларидан иш берувчи ва унинг вакиллари билан меҳнат соҳасида ижтимоий шерикликни амалда таъминлаш ва бу борадаги қонунчилик, меҳнат муносабатларига оид халқаро нормаларни билиши талаб этилади.

«Базис» ва «устқурма»

Бу борада, айниқса, ҳуқуқ, иқтисодиёт, молия ва меҳнат соҳасидаги билим ҳамда тушунчалар алоҳида эътиборга молик. Иқтисодиёт назариясидаги «базис» ва «устқурма» каби тушунчалар моҳиятидан келиб чиққан ҳолда фикрлайдиган бўлсак, билим — етакчи фаолиятининг асоси бўлса, малака ва тажрибани устқурма сифатида тушунишимиз мумкин.
Билимли бўлиш, билимга чорлаш, унга интилиш инсоният тараққиётининг пойдевори бўлиб хизмат қилган. Зеро, хитой донишмандлигида: «Ҳақиқий илм — нимани билсанг, шуни билишлигингни билиш, нимани билмасанг, шуни билмаслигингни билишдир», дея бежиз айтилмаган.

***

Ҳар бир жамоа катта ишонч ва умид билан касаба уюшма етакчисини сайлайди. Етакчидан эса ишонч­­ни оқлаши учун жамоа ва корхона ҳаётига дахлдорлик ҳисси билан яшаш талаб этилади.

Ғафуржон ҲАМИДОВ,

Нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси ўринбосари