24.04.2018. Пойтахтимизда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан ҳамкор ташкилотлар иштирокида “Ҳаракатлар стратегияси ва кучли ижтимоий сиёсат: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси” мавзуидаги халқаро конференция ўтказилмоқда.
Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан ишлаб чиқилган ва амалда изчил татбиқ этилаётган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” доирасида юртимизда ҳаётга изчил татбиқ этилаётган мутлақо янгича ижтимоий сиёсатнинг мазмун ва моҳиятини дунё жамоатчилигига етказиш, давлат органлари, касаба уюшмалари, Савдо-саноат палатаси ҳамда фуқаролик жамияти бошқа институтларининг аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш борасидаги ҳамкорлиги ва шериклиги истиқболларини белгилаб олиш мақсадида уюштирилган ушбу нуфузли анжуманга 30 дан ортиқ мамлакатдан нуфузли халқаро экспертлар ва йирик олимлар, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Россия Федерацияси, Афғонистон, Албания, Озарбайжон, Беларусь, Болгария, Хитой халқ Республикаси, Эстония, Грузия, Италия, Латвия, Литва, Малайзия, Молдова, Непал, Сербия, Туркия, Замбия каби ҳорижий давлатларнинг касаба уюшма марказлари раҳбарлари ташриф буюрдилар.
Бу конференция ижтимоий-меҳнат масалаларини ҳал этишда бевосита иштирок этаётган экспертлар таклиф ва мулоҳазалари ҳамда тажрибаларини конструктив муҳокама қилиш ҳамда ўзаро фикр алмашиш учун халқаро платформа вазифасини ўтайди. Айни чоғда у Ўзбекистоннинг очиқлигини, фаол ва амалий ҳамкорлик, халқаро ва чет эл тажрибасини ўрганиш асосида аҳолини ижтимоий ҳимоялашга оид вазифаларни ҳал этишга тайёрлигини намоён қилиши билан ҳам аҳамиятлидир. Эътиборлиси, ушбу ташаббус Халқаро Меҳнат ташкилоти, Халқаро касаба уюшмалари конфедерацияси, Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси Умумевропа минтақавий кенгаши, ҳамда Халқаро иш берувчилар ташкилоти каби нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан кенг қўллаб-қувватланди.
Кеча тадбир қатнашчилари Самарқанд вилоятида бўлиб, мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг амалий натижалари, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш йўналишида олиб борилаётган эзгу саъй-ҳаракатлар, ҳудудда амалга оширилаётган кенг кўламдаги бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари, тарихий ва замонавий обидалар билан танишди.
Меҳмонларларни кўҳна кент темир йўл вокзалида давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари тантанали кутиб олди. Улар бу ердаги тарихий ва замонавий иншоотлар, хусусан, “Сиёб” бозори, Улуғбек обсерваторияси, Амир Темур, Ислом Каримов ҳамда Хўжа Дониёр мақбаралари билан танишдилар.
Қатор корхоналарда бўлган чет эллик меҳмонлар жамоа шартномаларида ходимлар учун кўплаб қулайлик ва енгилликлар кўзда тутилгани, жумладан, техника хавфсизлиги ва ишчи-ходимларга яратилган меҳнат шароитларини юқори баҳолашди. Ана шундай корхоналардан бири — “СамАвто” ОАЖ. Бу завод нафақат Осиё, балки дунё транспорт саноатида ўзига хос мавқега эга. Бу ерда ўтган давр мобайнида 30 минг донадан ортиқ автобус ва юк автомобиллари ишлаб чиқарилди. Бу йилига ўртача 3-4 мингтадан зиёд техника истеъмолчиларга етказиб берилди, деганидир. Салкам минг нафар малакали ходимлардан иборат жамоа ишлаб чиқариш ҳажмини янада ошириш тараддудида.
Сўнгра меҳмонлар Самарқанд шаҳридаги “Боғи Сарой” маҳалла фуқаролар йиғинида бўлди. Маҳалладаги орасталикдан ташқари, бу ерда фуқаролар йиғини ва турли комиссиялар раислари, профилактика инспекторининг биргаликда ишлаши учун барча шарт-шароитлар яратилгани уларда катта таассурот қолдирди.
Шунингдек, халқаро конференция қатнашчилари Тошкент вилоятида бўлиб, ҳудуднинг гўзал табиатидан баҳраманд бўлишди ҳамда бу ерда олиб борилаётган кучли ижтимоий сиёсат натижалари хусусида оддий одамлар ҳаёти мисолида хабардор бўлдилар. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонда аҳоли фаровонлигини таъминлаш йўналишларида олиб борилаётган ишларга юқори баҳо бердилар. Шунингдек, ишлаб чиқариш корхоналарида бўлиб касаба уюшмалари ва иш берувчилар ижтимоий шериклигида ходимларга яратилган муносиб меҳнат шароитлари, уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш борасидаги ишлар билан танишдилар.
Нуфузли халқаро конференция бугун пойтахтимизда ўз ишини бошлади.
Сўз — меҳмонларга
“Муносиб меҳнат шароитлари яратилган”
Сергиус ГЛОВАЦКАС, ХМТнинг меҳнаткашлар фаолияти бўйича Бюроси (ACTRAV)нинг Европа ва Марказий Осиё сектори мудири:
— Ўзбекистонда охирги 1,5 йил давомида амалга оширилган ислоҳотларнинг натижалари одамлар ҳаётида яққол кўзга ташланмоқда. Бундан икки йил олдин ҳам Самарқанд автомобиль заводида меҳнаткашларга яратилган шарт-шароит билан яқиндан танишганман. Мана шу ўтган вақт ичида бу ерда ходимларга муносиб меҳнат шароитлари яратиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилибди. Ходимлар соғлигини мустаҳкамлаш, ишдан ажралмаган ҳолда уларни жисмоний жиҳатдан чиниқтиришга алоҳида эътибор берилган. Айниқса, меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлигини таъминлаш борасидаги изланишлар таҳсинга сазовор. Корхонадаги шарт-шароитлар билан яқиндан танишгач, тарихий обидаларни зиёрат қилдик.
“Бундай тажрибани ўрганиш ҳар бир иштирокчи учун ҳам фойдали”
Маҳмуд АРСЛАН, “Ҳақ иш” Туркия касаба уюшмалари Конфедерацияси президенти:
— Ўзбекистонга ташриф буюрганимдан ва мамлакатдаги улкан ўзгаришларга гувоҳ бўлганимдан мамнунман. Жойларда одамларнинг кайфияти юқорилиги бугунги ислоҳотлар самарасидан дарак.
Ишчи-ходимларни ижтимоий ҳимоя қилишда касаба уюшмалари ўрни ва роли ошганлиги ҳам менда катта таассурот қолдирди. Буни ўзимиз борган корхоналарда ходимлар учун яратиб берилган қатор қулайликлар мисолида ҳам кўрдик. Бундай тажрибани ўрганиш ҳар бир иштирокчи учун ҳам фойдали бўлади, деб ҳисоблайман.
Шуларга мос ҳолда Самарқанддаги тарихий обидаларни ҳамда замонавий иншоотлар, гўзал хиёбонларни кўриш учун келаётган хорижликлар янада кўпайиб бораётгани эътиборимни тортди. Демоқчиманки, юртингизда Президентингиз саъй-ҳаракати билан ички ва ташқи туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Узоқ ўтмиш ва бугунги кун уйғунлашган Самарқанд ҳамиша мени мафтун этган.
“Сифатли ва тезкор хизмат ҳамма жойда ҳам учрайвермайди”
Тан Энг Хонг, Малайзия касаба уюшмалари конгресси раиси:
— Самарқанд шаҳрига ташрифимизнинг дастлабки қадамлариёқ барчамизда катта таассурот қолдирди. “Afrosiyob” поездида йўл манзараларидан завқ олиб, хаёлга чўмиб, деразадан боққанча ҳайрат ва бир олам таассуротга эга бўлдик.
Очиғи, юртингиз ва унинг одамлари ҳақидаги таасуротларим бир олам. Ўзига хос табиати, кишиларнинг меҳмондўстлиги ва самимийлиги менга жуда ёқди. Бу менинг Ўзбекистонга илк бор ташрифим. Шу боис юртингизда бундай тезюрар ва барча қулайликлари мавжуд поезд борлигидан ҳайратландим. Ҳар беш дақиқада поезд ходимларининг биздан хабар олиб тургани мен учун янгилик бўлди. Чунки бу даражадаги сифатли ва тезкор хизмат ҳамма жойда ҳам учрайвермайди.
Регистон майдони ҳақида ҳар қанча гапирсам, шунчалик оз. Маҳобатли Шердор, Тиллақори ва Улуғбек мадрасаларини томоша қилаётган минглаб сайёҳлар қаторига биз ҳам қўшилдик. Бу жуда ҳам завқли эди. Дунёга не-не улуғ зотларни етказиб берган бу мўътабар маскан ҳар қандай кишида ҳайрат ва ҳавас уйғотади.
“Аждодлар меросига бўлган ҳурматдан ақлим лол қолди”
Ғулом Али Барёр, Афғонистон ишчилари Миллий уюшмаси президентининг ўринбосари:
— Самарқандга илк бор бундан 35 йил илгари келган эдим. Бу қадимий шаҳар ўша даврларда кўзимга мунғайиб, тарихий обидалар нурсиз аҳволда кўринган эди. Бугунги Самарқанд тароватидан эса қадимий аждодлар меросига бўлган ҳурматдан ақлим лол қолди. Регистонни асл ҳолатига келтиргунча озмунча муҳнат қилинмагани кўриниб турибди. Бу ердаги ободончилик, бунёдкорлик ишлари ўта нозик дид билан амалга оширилган. Самарқанд, ҳақиқатан ҳам, инсон бир кўрмаса армонга айланадиган шаҳар бўлибди.
“Келгуси гал Самарқандга ота-онамни ҳам олиб келаман”
Ан Жианхуа, Умумхитой касаба уюшмалари Федерацияси халқаро бўлими мудири:
— Ўзбекистонга биринчи марта ташриф буюришим. Дунёда гўзал юрт ва шаҳарлар кўп, аммо улар орасида Ўзбекистон менда бошқача таассурот қолдирди. Меҳмондўст, самимий, юзларидан нур ёғилиб турган одамлар билан учрашганимдан ҳаяжонимни яширолмаяпман. Бугун Регистонда туриб, юрагимга бир тилакни тугдим: келгуси гал Самарқандга ота-онамни ҳам олиб келаман. Улар бу ажиб диёрни кўриб ҳайратга тушиши аниқ.
Халқаро конференция қатнашчилари бу ерда уч гуруҳга бўлинган ҳолда шаҳардаги Мирзо Улуғбек обсерваторияси, Хўжа Дониёр мақбараси, Сиёб бозори ва бошқа зиёратгоҳлар, тарихий масканлар, ишлаб чиқариш корхоналари ва маҳаллаларга йўл олишди.