[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

26.04.2018. 2018 йилнинг 26 апрел куни Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси ташаббуси билан “Ҳаракатлар стратегияси ва кучли ижтимоий сиёсат: халқаро амалиёт ва Ўзбекистон тажрибаси” мавзуида ўтказилаётган халқаро конференция ўз ишини давом эттирди.

Анжуман иштирокчилари 4 та секция йиғилишида аҳолининг реал даромадлари ҳамда бандлиги даражасини изчил ошириб бориш, ижтимоий ҳимоя ва аҳоли соғлиғини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш, аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, арзон уй-жойлар қуриш, йўл-транспорт, муҳандислик-коммуникация, ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш ҳамда модернизация қилиш бўйича мақсадли дастурларнинг амалга оширилиши, таълим ва фан соҳасидаги ёшларга оид давлат сиёсати: миллий, ҳорижий ва халқаро тажриба каби масалалар муҳокамаси бўйича ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар. Муҳокамалар жараёнида шунингдек, мазкур йўналишлардаги ҳорижий ва халқаро тажриба ҳам ўрганилди. Иштирокчилар томонидан Тошкент Халқаро конференцияси Резолюцияси лойиҳасига таклифлар ишлаб чиқилди.

Секция йиғилишларидан сўнг халқаро конференциянинг иккинчи ялпи мажлиси ўтказилди. Унда ҳар бир секция мавзуси, уларда муҳкама этилган масалалар, билдирилган таклиф ва мулоҳазалар юзасидан секция модераторлари сўзга чиқдилар.

Модераторлар секция йиғилишларида конференция иштирокчилари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ўтказилган мазкур анжуман бевосита ижтимоий-меҳнат масалаларини конструктив муҳокама қилиш учун халқаро майдон вазифасини ўтаганини, Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамиятга очиқлигини, мазкур йўналишда фаол, амалий ҳамкорликка, халқаро ва чет эл тажрибасини ўрганиш ҳамда ҳаётга татбиқ этишга тайёрлигини намойиш қилганини таъкидладилар. Шунингдек, давлат органлари, жамоат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш йўналишидаги тадбирларни кучайтиришга хизмат қилиши қайд этилди.

Анжуман иштирокчилари ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирар эканлар Ўзбекистонда кечаётган бугунги ўзгаришлар ­мамлакат янги ­тарихини бошлаб берганини, ижтимоий-­иқтисодий, сиёсий ва бошқа соҳаларда юз ­бераётган ­улкан янгиланишлар мамлакатнинг дунё ­ҳамжамияти билан том ­маънода интеграциялашувини таъминлаётганини эътироф этдилар. Натижада бугун Ўзбекистон дунёни ўзига чорлаётгани, ёпиқликдан очиқ прагматик сиёсат сари юзланаётгани алоҳида таъкидланди.

Иштирокчилар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан аҳоли фаровонлигини изчил ошириб боришга юксак эътибор қаратилиб, ҳар бир инсон ва ҳар бир оиланинг ҳаётий манфаатларига дахлдор бўлган энг муҳим ижтимоий масалаларни ҳал этиш учун мақсадли дастурлар амалга оширилаётгани ҳам эътироф этилди. Натижада иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда йирик ўзгаришлар рўй бераётгани таъкидланди.

Анжуман якуни бўйича Тошкент Халқаро конференцияси резолюцияси қабул қилинди.

Анжуман доирасида Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнаткашлар фаолияти Бюроси (ACTRAV) иштирокида Марказий Осиё давлатлари ­касаба уюшмалари вакилларининг учрашуви ҳам бўлиб ўтди. Унда келгусида ижтимоий-меҳнат муносабатлари, ижтимоий ҳимоя каби йўналишларда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кучайтиришга келишиб олинди.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси матбуот хизмати