12.06.2018. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Раёсатининг 2018 йил 8 январдаги “Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Ўқув марказида 2018 йилнинг 1-ярим йиллигида касаба уюшма кадрлари ва фаолларини ўқитиш режаси тўғрисида”ги қарорига асосан Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси тизимидаги корхона ва ташкилотларда фаолият юритиб келаётган меҳнат муҳофазаси бўйича вакилларнинг меҳнат муҳофазаси йўналишида малака ошириш ўқуви ўтказилди.
Ўқув машғулотини ўтказишдан мақсад, ишчи-ходимларнинг меҳнат жараёнидаги хавфсизлиги, сиҳат-саломатлиги ва иш қобилияти сақланишини таъминлашга қаратилган ижтимоий-иқтисодий, ташкилий, техникавий, санитария-гигиена ва даволаш-профилактика тадбирлари ҳамда воситалари тизимини йўлга қўйиш ҳамда уларга зарур шарт-шароитлар яратилишида касаба уюшмаси ташкилотлари томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича ўзлари сайлайдиган вакиллар фаолияти самарадорлигини оширишга эришишдир.
Ўқув жараёнида 25 нафар тингловчи иштирок этди. Улар “Ўзбекистон Республикасининг “Меҳнатни муҳофаза қилиш” тўғрисидаги Қонуни (янги таҳрири)”, “Корхона ва ташкилотларда сайланган меҳнат муҳофазаси бўйича вакилларнинг асосий вазифалари ва ҳуқуқлари», «Касаба уюшмалари меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича комиссиясининг меҳнат муҳофазаси ҳолатларини текшириш бўйича вазифалари ва фаолияти», «Меҳнатда жароҳатланган ва боқувчисини йўқотган шахсларга зарар тўловларини тўлаш тартиби» ҳамда «Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисаларни ва ходимлар саломатлигининг бошқа хил зарарланишини текшириш ва ҳисобга олиш ҳамда уларнинг келиб чиқиш сабаблари тўғрисида» мавзулари бўйича тўлиқ курсни тингладилар. Шунингдек, Меҳнат муҳофазаси бўйича вакиллари амалий машуғулот учун “Ўзшаробсаноат” АЖга қарашли “Асл-ойна” АЖга ташрий буюриб, касаба уюшма қўмитасининг меҳнат муҳофазаси бўйича комиссияси раиси фаолияти, меҳнат муҳофазаси бўйича вакиллар томонидан олиб бориладиган ишлар, жамоа шартномасини тузишда меҳнат муҳофазаси бўлимига тадбирлар киритиш тартиблари, иш жойларида яратилган шароитлар, бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишда касаба уюшмаларининг вазифалари билан яқиндан танишдилар.
Ўқув машғулоти якунлари бўйича тест синовлари ўтказилиб, унинг натижалари бўйича тингловчиларга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Ўқув маркази томонидан махсус Гувоҳномалар топширилди.
Х.Умаров,
Ўзбекистон Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири