14.09.2018. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан барча соҳаларда олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар натижасида бугун оддий одамлар билан доимий мулоқот қилиб, уларни қийнаётган масала ва муаммоларни ҳал этиш давлатимиз сиёсатининг устувор мақсадига айланди. Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 10 август куни Шайхонтоҳур туманига ташрифи давомида туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва бунда жамоатчилик ролини янада кучайтириш бўйича белгилаб берилган устувор вазифаларнинг сифатли ва самарали амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси раҳбарлигида Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Нуроний” жамғармаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат Жамоатчилик комиссияси ташкил этилган бўлиб, ўтган қисқа вақт мобайнида ушбу Жамоатчилик комиссияси тумандаги ҳар бир маҳалла аҳли билан учрашув ва мулоқотлар ўтказди. Очиқ мулоқотлар чоғида жойларда аниқланган камчилик ва муаммоларга аниқлик киритиш, уларни тезкор бартараф этиш мақсадида туман аҳли билан ўтказилган учрашувлар давомида аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш бўйича зарур амалий ёрдамлар кўрсатилиб, кенг қамровли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Аҳолининг кўплаб ижтимоий-иқтисодий ва маиший масалалардаги эҳтиёжлари тезкорлик билан жойида ҳал этиб берилмоқда. Энг муҳими, одамларнинг онгу шуури ўзгариб, халқимиз лоқайдлик ва ўзибўларчилик каби кайфиятни қаттиқ қораламоқда, одамлар “сен менга тегма, мен сенга тегмайман” деган кайфиятни йўқотиб, бир ёқадан бош чиқарган ҳолда ўзи яшаб турган ҳудуд, маҳалла ва хонадонлар ободлигига муносиб ҳисса қўшиш фуқароларнинг бош мақсадига айланди.
Бугунги кунгача Касаба уюшмалари Федерацияси раҳбарлигидаги Жамоатчилик комиссияси томонидан Шайхонтоҳур туманида мавжуд 49 та маҳалладаги хонадон ва оилалар, кўп қаватли уйларда яшаётган фуқаролар билан юзма-юз суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ва маиший шароитлари, маҳаллаларнинг ҳолати ўрганилди. Учрашув ва суҳбатлар давомида маҳалла гузарлари, спорт ва болалар майдончаларини қуриш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига моддий ёрдам бериш, коммунал хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш, ижтимоий, йўл-транспорт соҳаларидаги муаммоларнинг кўпчилиги ўша ернинг ўзида тезкорлик билан ҳал этилди. Хусусан, туманнинг “Жангоҳ” маҳалласи ҳудудидаги Марказ-15 даҳасида жойлашган 5- ва 6-кўп қаватли уйлар оралиғида шу ерда яшаётган аҳолининг эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда спорт майдончасини қуриш ишлари бошлаб юборилди. Мана шу ерда истиқомат қилаётган инсонлар учун кўп йиллардан бери орзу бўлиб келаётган спорт майдончаси учун ажратилган майдонда бугунги кунда иш қизғин. Бундан маҳалла аҳли, айниқса, болажонларнинг қувончи чексиз.
– Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан олиб борилаётган тизимли янгиланиш ва ислоҳотлар натижасида халқимизнинг турмуш даражаси ошаётгани билан бирга одамларнинг онгу шуури, дунёқараши, маънавий қиёфаси, мақсад ва муддаолари ҳам ўзгарди, – деди “Жангоҳ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Баҳром Асқаров. – Бугун ҳар ким ўзини юрт, Ватан тақдирига дахлдор ҳис этмоқда. Одамларда шу юрт меники, шу маҳалла – менинг маҳаллам, унинг озодалигини ва осайишталигини сақлашим керак, обод маҳалла бўлишига ўз ҳиссамни қўшай деган тушунчалар пайдо бўлди. Биргина бизнинг маҳалламизни оладиган бўлсак, Жамоатчилик комиссиясининг аҳолимиз эҳтиёжини ўрганиши натижасида тезкорлик билан 5- ва 6-кўп қаватли уйларимиз оралиғида Касаба уюшмалари Федерациясининг кўмагида маҳалламиз болалари учун замонавий спорт майдончасини қуриш ишлари бошлаб юборилди. Керакли бўлган қурилиш материаллари олиб келиниб, майдонда текислаш ишлари амалга оширилди. Бу ерда ҳадемай аҳолимиз учун барча қулайликларга эга бўлган спорт майдончаси қад кўтаради. Бундан маҳалламиз аҳли жуда мамнун.
Дарҳақиқат, бугун Давлатимиз раҳбари бошчилигида ҳар бир соҳа ва жабҳада олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида ҳудуд ва маҳаллалар обод бўлиб, халқимиз эҳтиёжлари қондирилмоқда. Жамоатчилик комиссияси томонидан маҳаллалар аҳолиси билан ўтказилган учрашувларда жойларда аниқланган камчиликларнинг шаҳар ва туман ҳокимлиги, мутасадди идора, ташкилот ва муассасалар раҳбарлари билан зудлик билан таҳлил этилиши ҳамда уларни тезкорлик билан бартараф этиш чора-тадбирларининг кўрилиши натижасида “Гулбозор”, “Оқилон” маҳаллалари ҳудудидаги эскириб кетгани сабаб ишламай ётган симёғочлар ўрнига янги замонавий ёритгичларга эга симёғочлар ўрнатилди. “Гулбозор” ва “Эски Жарариқ” маҳаллалари ҳудудидаги таъмирталаб ташқи йўллар асфальтланиб, аҳоли учун қулайлик яратилди. “Оқилон” ва “Жарариқ” маҳаллалари ҳудудига янги трансформатор станцияси ўрнатилиши натижасида аҳолига талаб даражасидаги электр қуввати етказиб берилмоқда.
“Кўкча” маҳалласидаги 3-Оқсой ва 4-Оқсой кўчаларида истиқомат қилаётган аҳолини кўп йиллардан бери қийнаб келаётган муаммо ҳам зудлик билан бартараф этилди. Яъни мазкур кўчалардан ўтган ичимлик суви тармоқларида таъмирлаш ва қувурларни янгилаш ишлари амалга оширилиб, 260 погонометр полиэтилен қувурлари ётқизилди. Бунинг натижасида бугунги кунда аҳолига тоза ичимлик суви сифатли ва етарли босим билан етказиб берилмоқда.
Шайхонтоҳур туманидаги “Ўзбекистон” маҳалласининг “Меҳнатобод” кўчасида ҳам коммунал хизмат кўрсатиш йўналишида кўпдан бери аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган муаммолар ҳал этилди. Хусусан, ушбу кўча ҳудудида 250 метрлик канализация тармоғи қурилиши бошланди. Шунингдек, мазкур маҳалладаги симёғочларга замонавий “ЛЭД” ёритгичлар ўрнатилиб, маҳалла аҳли юрадиган йўллар тунда ҳам ёруғ ва нурафшон манзилларга айланди.
Бундан ташқари Жамоатчилик комиссиясининг амалий ёрдами натижасида “Шайхонтоҳур” маҳалласидаги 22 та кўп қаватли уйнинг том қисми тубдан капитал таъмирланиб, замонавий тунука томлар ёпилди ва мазкур уйларда яшаётган аҳолининг кўп йиллик муаммолари бартараф этилди. Маълумот ўрнида шуни айтиб ўтиш жоизки, ушбу маҳалла ҳудудидаги ўтган асрнинг 50 йилларида барпо этилган 37 та кўп қаватли уйда бу турдаги тубдан капитал таъмирлаш ишлари биринчи марта амалга оширилмоқда. Шунингдек, мазкур маҳалла ҳудудидаги 7- ва 21-кўп қаватли уйларнинг том қисмида капитал таъмирлаш ишлари амалга оширилмоқда. Қолган 13 та кўп қаватли уйнинг ҳам том қисмини капитал таъмирлаш ишларига ҳозирлик кўрилмоқда. Бундан ташқари 35-уйнинг ертўласида яроқсиз ҳолга келиб қолгани боис одамлар учун хавф туғдираётган электр узатиш шити олиб ташланиб, уй йўлагида янги электр шитини ўрнатиш ишларига киришилмоқда.
Шунингдек, Жамоатчилик комиссияси кўмагида тумандаги “Янги камолон” маҳалласи ҳудудида жойлашган кўп қаватли 17-уйда яшовчи аҳолининг оғири енгил қилиниб, янги лифт ўрнатиб берилди. “Сархумдон” маҳалласидаги кўпхонадонли 85-уйнинг том қисми янгитдан ёпилиб, мазкур уйда яшовчилар учун ноқулайлик туғдираётган муаммолар бартараф этилди.
– Турмуш ўртоғим вафот этган, ўғлим ва ўзимнинг ногиронлигим бўлгани учун анча қийналиб қолганмиз. Кўпдан бери оиламизда музлатгичга эҳтиёж бор эди. Жамоатчилик комиссияси билан бўлган учрашув чоғида ийманибгина ушбу камчилигимни айтишга жазм қилдим, – дейди “Янги Жарариқ” маҳалласида истиқомат қилувчи Сайёра Сагатова. – Касаба уюшмалари Федерацияси оиламизни янги замонавий музлатгич билан таъминлади. Бундай хайрли ишлар ташаббускори бўлган Президентимизга оиламиз номидан улкан миннатдорчилик билдираман. Қаранг, ташкилот ва идоралар раҳбарлари хонадонма-хонадон юриб аҳолининг эҳтиёжларини ўрганмоқда, биздек оилаларга амалий ёрдам кўрсатилмоқда. Одамларимизнинг ҳам дунёқараши ўзгариб, бугун юртимизда бўлаётган ўзгариш ва янгиланишларга ўз ҳиссасини қўшиш иштиёқида яшамоқда. Бундан барчанинг кўнгли ёришмоқда.
– 5 нафар фарзандим бор. Тўртинчи ва бешинчи фарзандларим эгизаклар, – деди “Янги Жарариқ” маҳалласида истиқомат қилувчи Наргиза Ҳакимова. – Оиламизда бир оз етишмовчилик бор эди. Жамоатчилик комиссияси билан бўлган мулоқотлар чоғида муаммомиз ҳал этиб берилди. Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан фарзандларим ва оиламиз учун 5 миллион сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди. Президентимизнинг биз каби оилаларга, ёш авлод камолотига кўрсатаётган юксак эътиборларидан миннатдормиз. Бунга жавобан биз ҳам фарзандларимизни эл-юрт корига ярайдиган, юртимиз равнақига хизмат қиладиган инсонлар қилиб тарбиялаймиз.
– Бизга кўрсатилаётган катта эътибор натижасида маҳаллаларимизда ҳам каттани ҳурмат қилиш, қўшнининг ҳолидан хабар олиш, ночорларни қўллаш, кўчаларнинг тозалиги, ободлигига ҳисса қўшиш каби азалий бўлган маънавий қадриятларимиз кучаймоқда. Оиланинг хотиржамлиги, оилада эркакнинг вазифаси, бурчи, хотиннинг вазифаси, бурчи деган тушунчаларнинг умри боқий бўлишига барчамиз бирдек масъулмиз, – деди “Шофайзи” маҳалласида яшовчи фуқаро Неъматилла Муҳамедов. – Халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш йўлида Президентимизнинг туну кун меҳнат қилаётганларини кўриб юрт тинчлиги, осойишталиги, ривожига ҳар биримизда бор куч-ғайратимизни сафарбар қилиш, муносиб улуш қўшиш иштиёқи ортиб бормоқда. Одамлардаги лоқайдлик, ўзи бўларчилик, сен менга тегма, мен сенга тегмайман деган кайфият йўқолиб, бир эзгу мақсад йўлида бирлашишни бош вазифа деб билмоқдамиз.
Айни кунда Жаомоатчилик комиссиясининг фаолияти қизғин давом этмоқда. Хусусан, аҳоли билан мулоқотларнинг навбатдагиси Шайхонтоҳур туманининг “Боғ кўча”, “Илғор”, “Тинчлик”, “Жарариқ”, “Сархумдон”, “Каттаҳовуз”, “Обиназир”, “Оқилон”, “Шофайзи”, Маннон Уйғур номли маҳаллари аҳолиси билан ўтказилди. Учрашувни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, Жамоатчилик комиссияси раҳбари Қудратилла Рафиков олиб борди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ректори Рустам Қосимов, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳибаси Дилбар Ғуломова, “Нуроний” жамғармаси раиси Шуҳрат Жалилов, Тошкент шаҳар ва Шайхонтоҳур тумани ҳокимликлари мутасаддилари, коммунал соҳалар ва тегишли мутасадди ташкилотлар вакиллари иштирок этдилар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, Жамоатчилик комиссияси раҳбари Қудратилла Рафиков Президентимиз ташаббуслари билан юртимиз ободлиги ва аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлаш, халқимиз бугунги кунидан рози бўлиб яшаши йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ишлар, галдаги долзарб вазифалар хусусида алоҳида тўхталди. Олиб борилаётган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида эҳтиёжманд оилаларга ёрдам бериш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, одамларни рози қилиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишидан бирига айланганини таъкидлади.
Шундан сўнг Жамоатчилик комиссияси томонидан фуқароларни ўйлантираётган масалалар бирма бир эшитилди.
Учрашув давомида аҳолининг ижтимоий-иқтисодий ва коммунал соҳалардаги эҳтиёжлари ва таклифлари таҳлил этилиб, амалий ёрдамлар кўрсатилди. Жамоатчилик комиссияси таркибидаги ишчи гуруҳлари ўрганган маҳаллалардаги айрим масалаларни ҳал этиш бўйича аниқ чора-тадбирлар белгиланди.
Йиғилишда иштирок этган 10 дан ортиқ маҳалла аҳли бу каби очиқ мулоқот ва ўз маҳаллаларига тегишли масалаларнинг манзилли ечим топаётганидан кўнгиллари тўлгани, буларнинг барчаси Президентимизнинг халқни рози қилиш йўлидаги саъй-ҳаракатлари натижаси эканлигини алоҳида таъкидлашди. Аҳоли вакиллари бу борада амалга оширилаётган катта кўламдаги ишларга ҳар бир инсон ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиши зарурлиги, энг аввало оилада фарзандлар тарбиясига, озодалик ва саришталикка риоя қилиш, лоқайдлик кайфиятига йўл қўмаслик зарур эканлигини алоҳида таъкидладилар. Улар халқимизга, оддий одамларга кўрсатилаётган катта эътибор натижасида маҳаллаларимизда ҳам каттани ҳурмат қилиш, қўшнининг ҳолидан хабар олиш, ночорларни қўллаш, кўчаларнинг тозалиги, ободлигига ҳисса қўшиш каби азалий бўлган маънавий қадриятларимиз кучаяётганини, оиланинг хотиржамлигига барча бирдек масъул эканлигига эътибрни қаратдилар. Халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш йўлида Президентимизнинг туну кун меҳнат қилаётганларини кўриб ҳар бир инсонда юрт тинчлиги, осойишталиги, ривожига бор куч-ғайратини сафарбар қилиш, муносиб улуш қўшиш иштиёқи ортиб бораётганини таъкидладилар. Одамлардаги лоқайдлик, ўзи бўларчилик, сен менга тегма, мен сенга тегмайман деган кайфият йўқолиб, бир эзгу мақсад йўлида бирлашишни бош вазифага айланганини билдирдилар. Жамиятдаги ҳар бир киши вазифасига сидқидилдан ёндошиши, ишига масъулиятли бўлиши жуда муҳим эканлигини таъкидладилар.
Муҳаббат Ўрмонбекова,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари