08.10.2018. “Ўзбекистон Республикасининг меҳнат ва ижтимоий муносабатлар соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришнинг концептуал асослари” мавзусидаги Давра суҳбати
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Меҳнат ва ижтимоий масалалар Қўмитаси билан ҳамкорликда 7 октябрь – Бутунжаҳон муносиб меҳнат кунига бағишланган “Ўзбекистон Республикасининг меҳнат ва ижтимоий муносабатлар соҳасидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришнинг концептуал асослари” мавзусидаги Давра суҳбати ўтказилди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, вазирлик, идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий муассасалар ва касаба уюшмалари, Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) ва Халқаро касаба уюшмалари Конфедерацияси (ХКУК) мутасаддилари иштирок этдилар.
Маълумки, Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан илгари сурилган Муносиб меҳнат Концепцияси қуйидаги тўртта муҳим стратегик мақсадларга, яъни, меҳнат соҳасидаги асоссолувчи ҳуқуқларни амалга ошириш, бандлик ва даромад олиш имкониятларини кенгайтириш, ижтимоий ҳимоя тизимларини такомиллаштириш, ижтимоий мулоқотни мустаҳкамлаш мақсадларига асосланади. Мазкур Концепцияга мувофиқ муносиб меҳнатнинг барқарор бандликни таъминлаш, бу соҳадаги барча камситишларни бартараф этиш, барча меҳнаткашларни меҳнат шартномалари билан қамраб олиш, қулай ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, ижтимоий суғурта ва ижтимоий ҳимоянинг самарали тизимларини ривожлантириш, меҳнаткашларнинг касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқларини амалга ошириш, жамоа музокаралари юритиш ва жамоа шартномаларини тузиш каби таркибий қисмлари муҳим ҳисобланади.
Давра суҳбатида Ўзбекистон ва Халқаро меҳнат ташкилоти ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг янги босқичга кўтарилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги тарихий маърузаси улкан аҳамият касб этгани алоҳида таъкидланди. Натижада бугун Ўзбекистон ва Халқаро меҳнат ташкилоти ўртасидаги ҳамкорлик ривожланиб бормоқда. Республикада амалга оширилаётган Муносиб меҳнат бўйича Ўзбекистон Республикаси дастури мазкур ҳамкорлик самарадорлигининг ёрқин далилдир.
Тадбир давомида миллий ва халқаро экспертлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва ҳаётга изчил татбиқ этилаётган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” доирасида барча соҳаларда, шу жумладан, ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида ҳам туб ислоҳотлар амалга оширилаётганини қайд этдилар. Хусусан, мазкур йўналишда миллий ва халқаро стандартларни янада уйғунлаштиришга қаратилган қатор ташаббуслар амалга татбиқ этилмоқда.
Бугун Ўзбекистонда меҳнат соҳасининг барча йўналишларида изчил чора-тадбирлар ва тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ишчи кучига бўлган эҳтиёжни рағбатлантириш, барқарор иш ўринларини яратиш, ижтимоий ҳимоя тизимларини кенгайтириш бўйича Ҳукумат даражасида тизимли саъй-ҳаракатлар олиб борилмоқда. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик секторини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Тадбир иштирокчилари мамлакатимизда меҳнат соҳасида таъсирчан давлат ва жамоатчилик назорати амалга оширилаётгани, муносиб меҳнат тамойилларини амалга ошириш мақсадида давлат, иш берувчилар ва касаба уюшмалари ўртасида конструктив ижтимоий мулоқот ва ижтимоий шерикликнинг йўлга қўйилганини алоҳида қайд таъкидладилар. Бу жараёнда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси ва Савдо-саноат палатаси ўртасида имзоланган ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид Бош келишув алоҳида аҳамиятга эга эканлиги қайд этилди.
Бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси 6 миллион 150 мингдан ортиқ аъзога эга бўлиб, мамлакат миқёсида иқтисодиётнинг барча тармоқлари ва ижтимоий соҳани қамраб олган 40 мингдан ортиқ бошланғич касаба уюшма ташкилотлари фаолият кўрсатмоқда. Охирги икки йилда Ўзбекистонда барча соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳот ва ўзгаришлар ҳар йили турли мулк шаклига эга бўлган минглаб янги ишлаб чиқариш корхоналари ва тадбиркорлик субъектлари ташкил этилишига кенг имкониятлар яратмоқда. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан мазкур янги ташкил этилган корхона, ташкилот ва муассасаларда бошланғич касаба уюшма ташкилотларини тузиш, бу орқали уларда меҳнат қилаётган ходимлар меҳнатини муҳофазалаш, муносиб меҳнат шароитларини яратиш, ижтимоий имтиёз ва кафолатлар кўламини кенгайтириш, нафақат ходимлар, балки уларнинг оила аъзолари соғломлаштирилишини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Айни кунда Бош келишув асосида республикада 105 та тармоқ келишуви, 14 та ҳудудий келишув, 171 мингдан ортиқ жамоа шартномалари амал қилмоқда. Жамоа шартномалари ва келишувлар орқали ходимларнинг тўлиқ бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш масалалари ҳал этилмоқда. Шунингдек, жамоа шартномалари ва келишувларига ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш, устамалар, қўшимча тўловлар ва компенсациялар ўрнатиш тартибини белгилаш билан боғлиқ аниқ меъёрлар киритилмоқда. Бундан ташқари мазкур локал ҳужжатларда меҳнат хавфсизлиги даражасини ошириш, иш жойларидаги санитар-гигиеник ҳолатларни янада яхшилаш, ходимларни шахсий ва жамоавий ҳимоя воситалари ҳамда санитар-маиший бинолар билан таъминлаш, иш ўринлари аттестациясини ўтказиш, меҳнат муҳофазаси қоидаларига ўқитиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Иш ва дам олиш вақтини тартибга солиш борасида кўплаб корхона ва ташкилотларда асосий узайтирилган ва қўшимча таътиллар бериш тизими йўлга қўйилган. Жамоа шартномалари ва келишувлари орқали 2 ёшдан 3 ёшгача фарзандлари бўлган аёлларга моддий ёрдам кўрсатиш, ходимларга уй-жой олиш, олий ўқув юртларида таълим олиш учун фоизсиз ссудалар бериш, ёш болали аёлларнинг иш вақтини қисқартириш каби кўплаб тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Давра суҳбати давомида “Ислоҳотлар жараёнида меҳнат ҳуқуқларининг муҳимлиги”, “Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги Фармонининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тўғрисида”, “Янги қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Хусусий бандлик агентликлари” тўғрисидаги Қонунининг мазмуни ва хусусиятлари”, “Халқаро касаба уюшмалари конфедерациясининг навбатдаги конгрессида муҳокамага қўйилган масалалар”, “Мустақил ҳамдўстлик мамлакатлари минтақасида меҳнат бозори муаммолари”, “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ этиш концепцияси тўғрисида”, “Меҳнат органлари тузилмасини такомиллаштириш ҳамда фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва меҳнатини муҳофаза қилиш тизимини мустаҳкамлаш чора-тадбирлари”, “Касаба уюшмалари тўғрисидаги миллий қонунчиликни такомиллаштириш концепцияси” мавзуларидаги маърузалар ҳам тингланди.
Тадбир якунида ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасидаги ижтимоий шерикликни янада ривожлантириш борасида билдирилган фикр ва мулоҳазалар муҳокама қилинди. Халқаро меҳнат стандартларини жорий этиш борасида Ўзбекистонда эришилаётган ижобий натижалар фуқароларнинг муносиб меҳнатга бўлган ҳуқуқларини тўлақонли таъминлаш учун хизмат қилаётгани алоҳида эътироф этилди. Халқаро ва миллий иштирокчилар мазкур Давра суҳбати келгусида меҳнат соҳасидаги миллий қонунчиликни янада такомиллаштириш ва муносиб меҳнатни таъминлаш йўналишидаги ижтимоий шерикликни кучайтириш борасидаги ҳамкорликни янада кенгайтиришини таъкидлаб ўтдилар.
Бутунжахон муносиб меҳнат кунига бағишланган Давра суҳбатлари республикамизнинг барча ҳудудларида ўтказилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати