[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

03.12.2018. Тошкент шаҳар касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси томонидан ҳудудий идоралар ва бошқа ҳамкор ташкилотлар вакиллари иштирокида «Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар» мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Унда ҳуқуқий ҳимоя, бандлик, иш ҳақи, меҳнат муҳофазаси йўналишларида ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳимоясига оид муаммоларни ҳал қилиш юзасидан атрофлича фикрлашиб олинди.

Тадбирни бирлашма кенгаши раиси Сайфулла Аҳмедов кириш сўзи билан очиб, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини таъминлашда эътибор қаратилиши лозим бўлган бирламчи жиҳатлар хусусида гапириб ўтди.

Таъкидланганидек, 2018 йил – Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили давлат бош­қарув органлари билан бирга, мамлакатда энг йирик нодавлат ташкилоти бўлмиш касаба уюшма ташкилотлари зиммасига ҳам катта масъулият юклади. Фаолиятда фуқаролар муаммолари ечими, орзу-истаклари ушалишига яқиндан кўмаклашиш, меҳнаткашларнинг ҳаётий масалаларидан келиб чиққан ҳолда устувор йўналишларни белгилаш ва ҳаётга татбиқ этиш энг муҳим вазифалар қаторидан ўрин олди.
Эътиборли томони, ҳокимият, меҳнат, молия органлари, молия муассасалари, Савдо-саноат палатаси, турли давлат бошқарув органлари билан фуқароларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган йўналишларда: бандлик масалалари, иш ҳақи тўловлари, иш жойларида муносиб меҳнат шароитларини яратиш, меҳнаткашларни дам олдиришга қаратилган тадбирлар, тадбиркорлик фаолиятларига кўмаклашиш, касбий маҳоратни ошириш ва бошқа йўналишларда самарали ҳамкорлик йўлга қўйилди.
Жорий йилда меҳнат соҳасига оид бир қатор ҳужжатлар қабул қилингани эса касаба уюшмалари фаолиятида муҳим аҳамият касб этди. Айни пайтда кўпгина қонун ҳамда меъёрий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш ҳақида таклифлар берилмоқдаки, бу ишловчилар ҳуқуқларини тўлақонли ҳимоялашга кенг имконият яратиши шубҳасиз.
Давра суҳбатида турли идора ва ташкилотлар мутасаддилари сўзга чиқиб, меҳнат соҳасига оид масалаларни ҳал этиш билан боғлиқ ҳамкорлик доирасида ўз йўналишларида бажарилиши керак бўлган вазифалар ижросига эътиборни қаратишди. Жумладан, Тошкент шаҳар бандлик бош бошқармаси вакили Беҳзод Зарипов ишсиз аҳолининг бандлигини таъминлаш, янги иш ўринлари ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида тўхталиб ўтган бўлса, шаҳар молия бош бошқармаси масъул ходими Асрор Маҳмудов бюджет ташкилотларида иш ҳақи, ижтимоий ҳимоя ҳамда меҳнат муҳофазаси ишларини молиялаштириш масалалари хусусида сўз юритди.
Ҳудудий касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатларини ҳимоя қилиш бўлими мудири Шуҳрат Алимуҳамедов эса касаба уюшмалари, иш берувчилар бирлашмалари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасида тузилган ҳудудий келишув бажарилиши бўйича дастлабки натижалар тўғрисида батафсил маълумот берди. Шаҳар хотин-қизлар қўмитаси, прокуратура масъул ходимларининг мавзуга оид фикрлари ҳам йиғилганларни эътиборсиз қолдирмади.
Давра суҳбати давомида кун тартибидаги масалалар атрофлича муҳокама этилиб, қатнашчилар томонидан берилган саволларга жавоб қайтарилди.
Ҳамкор ташкилотлар вакиллари муҳокама жараёнида баён этилган фикр-мулоҳаза ва билдирилган таклифларни яна бир бор элакдан ўтказиб, тегишлилиги бўйи­­ча ҳаётга татбиқ этиш юзасидан аниқ чораларни белгилаш ҳақида келишиб олишди.