04.12.2018. Фарғона вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгашида меҳнат муҳофазаси, ижтимоий ҳимоя, бандлик, иш ҳақи, янги иш ўринларини яратиш, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳимоясига оид масалаларни ҳал этиш, шунингдек, долзарб ижтимоий-иқтисодий масалалар ва олдинда турган вазифаларни муҳокама қилиш учун «Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар» мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Вилоят касаба уюшма фаоллари ва иш берувчиларнинг маҳаллий ҳокимлик, идора ва бошқармалар ҳамда уларнинг жойлардаги вакиллари иштирокида кечган давра суҳбатида «Аҳоли бандлигини таъминлаш ишларини ва меҳнат муносабатларини янада такомиллаштириш масалалари», «Бюджет ташкилотларида иш ҳақи, ижтимоий ҳимоя ҳамда меҳнат муҳофазаси ишларини молиялаштириш масалалари», «Касаба уюшмалари, иш берувчилар бирлашмалари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ўртасида тузилган ҳудудий келишув бажарилишининг дастлабки натижалари» мавзуларида маърузалар қилинди.
Музокараларда вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси вакили З.Жамолдинов, халқ таълими бошқармаси вакили А.Шокиров, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармаси вакили М.Ҳамроқулов, соғлиқни сақлаш бошқармаси вакили О.Зокиров, Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари Федерацияси ҳудудий бирлашмаси вакили Б.Солиев, таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг вилоят бўйича масъул ташкилотчиси Л.Аҳмедова соҳага оид муҳим масалалар юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирдилар.
Қизғин кечган давра суҳбатида вилоят миқёсида ҳал этилиши лозим бўлган масалалар бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилди ва мутасадди ташкилотларга керакли тавсиялар берилди.
Шунингдек, семинар давомида меҳнатни муҳофаза қилиш, иш ўринларини шаҳодатдан ўтказиш, ходимларни махсус кийим ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш каби масалаларга оид саволларга батафсил жавоблар берилди.
Ушбу мавзудаги тадбирлар вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида белгиланган тартибда ўтказилди. Жойларда ўз ечимини кутаётган масалалар юзасидан чора-тадбирлар белгиланиб, мутасадди корхона ва ташкилотларга ижро учун йўналтирилди.
Давра суҳбати давомида вилоят миқёсида ечимини топиши лозим бўлган меҳнатга оид масалалар касаба уюшмалари томонидан тақдим этилди.
Манзура АКРАМОВА,
Фарғона вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси бўлим мудири