25.12.2018. 2018 йилнинг 25 декабрь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан «Меҳнат соҳасидаги муҳим аҳамиятга молик масалалар» мавзусидаги давра суҳбати ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси, Савдо-саноат палатаси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалалар бўйича 2017-2019 йилларга имзоланган Бош келишувга мувофиқ ташкил этилган мазкур тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенаторлар, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), вазирлик ва идоралар, Марказий банк, Бош прокуратура, Савдо-саноат палатаси, Хотин-қизлар қўмитаси, «Маҳалла» хайрия жамоат фонди, Касаба уюшмалари Федерацияси, унга аъзо ташкилотлар ва бошқа қатор нодавлат нотижорат ташкилотлари мутасаддилари иштирок этдилар.
Таъкидлаш зарурки, Республика Давра суҳбати олдидан мамлакатимиз ҳудудларидаги туман ва шаҳарларда, шунингдек, ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаларида ушбу мавзуга доир ҳудудий давра суҳбатлари ўтказилди ҳамда уларда кўтарилган масалаларнинг катта қисми жойларда ўз ечимини топди. Айни пайтда, республика миқёсидаги ташкилотлар томонидан кўриб чиқилиши лозим бўлган масалалар касаба уюшмалари томонидан республика Давра суҳбати муҳокамасига олиб чиқилди.
Давра суҳбатида жорий йилида мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳалари қаторида ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳам кўплаб муҳим ўзгаришлар рўй бераётгани алоҳида қайд этилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ишлаб чиқилган ва амалда изчил татбиқ этилаётган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида аҳолининг реал пул даромадларини ва ҳарид қобилиятини ошириш, кам таъминланган оилалар сони ҳамда аҳолининг даромадлари бўйича фарқланиш даражасини янада камайтириш, бюджет муассасалари ходимлари иш ҳақи, пенсия, стипендия ва ижтимоий нафақалар ҳажмини инфляция суръатларидан юқори миқдорда изчил ошириш, янги иш ўринларини яратиш ҳамда аҳолини, энг аввало, ўрта махсус ва олий ўқув муассасалари битирувчилари бандлигини таъминлаш, меҳнат бозори мутаносиблигини ва инфратузилмаси ривожланишини таъминлаш, меҳнатга лаёқатли аҳолининг меҳнат ва тадбиркорлик фаоллигини тўлиқ амалга ошириш учун етарли шароитлар яратиш, иш билан таъминланиши зарур бўлган шахсларни касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини кенгайтириш вазифалари белгилаб берилиб, тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Тадбирда таъкидланганидек, жорий йил давомида Ҳаракатлар стратегияси доирасида Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига ўзгартириш киритилиб, фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш мақсадида ходимни ишга қабул қилишда пропискани тасдиқловчи ҳужжатни талаб қилиш бекор қилинди. Ўзбекистон Республикасининг “Хусусий бандлик агентликлари тўғрисида”, “Медиация тўғрисида”, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги Қонунлари қабул қилинди, бир қатор тармоқлар ходимларининг касб байрамлари ўрнатилди. Шунингдек, “Давлат хизмати тўғрисида”, “Миграция тўғрисида”, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”, “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонунлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш, Халқаро меҳнат ташкилотининг Учтомонлама маслаҳатлашувлар тўғрисидаги 144-сон Конвенцияси ҳамда Мажбурий меҳнат тўғрисидаги 29-сон Конвенциясига қўшимча протоколни ратификация қилиш бўйича ишлар ниҳоясига етказилмоқда.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш зарурки, Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 31 майдаги “2018-2020 йилларда Халқаро меҳнат ташкилотининг Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган конвенцияларини амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 407-сонли Қарори қабул қилинди. ХМТнинг меҳнатни муҳофаза қилиш, меҳнат инспекциялари фаолияти, ҳақ тўланадиган таътиллар, меҳнаткаш-мигрантлар, уч томонлама маслаҳатлашувлар, касаначилик, оилавий мажбуриятли ходимлар, оналикни муҳофаза қилиш масалаларини тартибга солувчи қатор конвенциялари ратификация қилиш учун тайёрланди.
Давра суҳбати иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан амалга оширилаётган туб ислоҳотлар натижасида меҳнаткашларнинг кенг қатламлари томонидан анча йиллардан бери кўтариб келинаётган кўплаб муаммолар охирги 2 йил давомида ўз ечимини топганини алоҳида таъкидладилар. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 февралдаги ПҚ-2753 сонли Қарорига биноан барча турдаги пенсиялар тўлиқ ҳажмда нақд шаклда берилиши, 58 та тоғли ва олис туманлардаги бюджет ташкилотлари ходимларига иш ҳақи ва ижтимоий тўловлар нақд шаклда амалга оширилиши, олий ўқув юртлари талабаларига стипендияларнинг камида 50 фоизи нақд шаклда берилиши таъминланди, жойларда терминаллар ва банкоматлар сони кўпайтирилди, аксарият тармоқларда иш ҳақи ўз вақтида тўланишига эришилди.
Жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорлари билан аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш, аҳолининг ижтимоий заиф қатлами бандлигини таъминлашни рағбатлантириш, ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш, умумий ўрта, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълими тизимини тубдан такомиллаштириш, давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тасдиқланди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари билан барча фуқароларнинг иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдори икки марта оширилди. Шунингдек, давлат тиббиёт муассасалари ва фармацевтика, мактабгача таълим муассасалари, олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари, давлат маданият муассасалари ва давлат архивлари ходимлари меҳнатига ҳақ тўлашнинг такомиллаштирилган тизимлари жорий этилди. Истиқболда эса пенсия таъминоти ва солиқ сиёсатида янгича ёндошувларни жорий этиш ҳисобига фуқаролар ва хўжалик субъектлари даромадларини ошириш режалаштирилмоқда.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, жорий йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамаси томонидан мажбурий меҳнатга барҳам бериш борасида тарихий ҳужжатлар қабул қилинди ва амалий ишлар олиб борилди. Масалан, 2018 йил 10 май куни Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 349-сонли қарорини қабул қилинди. Унга мувофиқ, ҳокимлар, барча даражадаги давлат ва ҳўжалик бошқаруви органлари раҳбарларига фуқароларни, жумладан, таълим, соғликни сақлаш муассасалари бошқа бюджет ташкилотлари ҳодимларини, таълим муассасаси ўқитувчилари ва талабаларни мажбурий меҳнатга, ободонлаштириш ҳамда кўкаламзорлаштириш ишлари, мавсумий қишлоқ ҳўжалиги ишлари, металл чиқиндилар ва макулатура йиғиш, шунингдек, бошқа турдаги мавсумий ишларга жалб қилиш ҳолатларининг зудлик билан олдини олиш ва чек қўйиш, бундай ҳолат рўй берганда эса ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига хабар бериш вазифалари юклатилди. Ушбу Қарор билан шунингдек, ихтиёрий-мажбурий ҳашарлар ҳам тақиқланди.
2018 йилги пахта йиғим-терими ишларида болалар меҳнати мавжуд эмаслигини, мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик борасида катта ютуқларга эришилганини ҳорижий кузатувчилар ҳам тан олишди.
Давра суҳбатида Касаба уюшма фаоллари томонидан меҳнаткашлар билан жойларда ўтказилган мулоқотлар давомида аниқланган қатор масалалар тегишли вазирлик, идора ва ташкилотлар мутасаддилари эътиборига ҳавола этилди. Хусусан, Касаба уюшма фаоллари томонидан меҳнатни муҳофаза қилиш, иш ўринларини шаҳодатдан ўтказиш, ходимларни махсус кийим ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминлаш, қишлоқ хўжалиги ходимларига бериладиган кафолатлар ва бошқа масалаларга оид кўтарилган саволларга мутасаддилар томонидан аниқ ва батафсил жавоблар берилди. Шунингдек, аҳоли бандлигини таъминлаш ва меҳнат муносабатларини янада такомиллаштириш, бюджет ташкилотларида иш ҳақи, ижтимоий ҳимоя ҳамда меҳнат муҳофазаси ишларини молиялаштириш, “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури доирасида касаба уюшмалари томонидан олиб борилган ишлар бўйича фикр алмашилди.
Тадбир давомида иқтисодиётни эркинлаштириш, унинг таркибида хусусий мулк улушини кўпайтириш, ҳорижий инвестицияларни ўзлаштириш жараёнида фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини изчил ҳимоя қилиш масаласи доимий диққат марказида бўлиши зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Тадбир якунида келгусида ушбу йўналишлардаги масалаларни ҳаморликда ҳал этиш борасида келишиб олинди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати