[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

08.01.2019. Одамзод бахт деган тушунчани турлича тасаввур қилади. Кимдир уни тинчлик-хотиржамлик ёки сиҳат-саломатликда деса, бош­­қа биров оила, дўстлар, яхши даромадли ишда деб билади. Умуман, бахт ҳақида гап борганда ҳар ким уни ўз ­дунёқараши, тафаккури, қаричи билан ўлчайди ва хулосага келади. Бизнингча, аслида инсонни бахт­­га, яъни ҳаёт ва яшашга ундайдиган асосий туйғу – умид ва собит ишончдир. Бу иккиси бор экан, одам сўнг­ги нафасигача ҳаётга муҳаббат билан интилиб яшайди, орзу қилади, унинг рўёбини кўради…

Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб замирида ҳам, аввало, одамларда умид ва ишончни оширишдек улкан ғоя мужассам. Ахир, ўттиз уч миллион нафар аҳолиси бор катта мамлакатда ҳар бир инсон кўнглига йўл топиш осонми? Бутун халқ дард-у ташвиш­ларига малҳам бўлиш, орзу-умидларига қанот бағишлаш-чи? Ўзбекистон ­Республикаси Президенти, муҳтарам Шавкат Мирзиёев юртимизда турли соҳаларда тўпланиб қолган муаммоларга оқилона ечим излар экан, катта-ю кичик раҳбарлар олдига муҳим бир талабни қўйди: Одамларни рози қилиш! Бунинг учун эса халқ орасига чуқурроқ кириб бориш лозим. Шундай бўлаяпти ҳам. Натижа эса кундалик ҳаётимизда ўз аксини топмоқда.
Энг асосийси, жамиятда адолатни қарор топтириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар дастлабки меваларини бера ­бошлади. Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилиш, чегара муносабатларини тартибга солиб, оға-ини, қардош-биродар бўлиб яшаган халқларнинг азалий муносабатларини қайта тиклаш, уйсизларга уй бериб, муҳтожларга мурувват кўрсатиш, давлат идораларини тўлиқ халқ учун хизмат қилдириш…
Узоқ йиллар давомида ўз ечимини кутган бундай оғриқли муаммоларни ҳал этиш, албатта, осон кечаётгани йўқ. Буларнинг бари — юксак ақл-идрок, донишмандлик, оқилона сиёсат, фидойилик ва матонат маҳсули.

Якунига етган 2018 йил мамлакатимизда инсонни улуғлаш, унинг учун барча шарт-шароитларни яратиб бериш йўлида муҳим из қолдирди. Давлат бу мақсадларга эришишда мамлакатни иқтисодий тарафдан ривож­лантириш, инвестициялар киритиш, прагматик ташқи сиёсат юритиш йўлида собит турди ва адашмади.
Инсон қадри
Сўзимиз бошида «инсон қадрини улуғлаш» деган иборани қўлладик. Бу бежиз эмас. Зотан, ҳар бир соҳа ривожига қаратилган эътиборда одамлар тақдири ўз аксини топган. Масалан, ўқитувчи, унинг мақоми ҳақида айтайлик. Улар тилда мунтазам эъзозланган бўлса-да, ижтимоий ҳимоя, рағбат нуқтаи-назаридан узоқ йиллар назардан четда қолди. Мана, Президентимизнинг халқ таълими тизимига эътибори туфайли соҳа ходимларининг маоши ошириляпти, кенг шарт-шароитлар яратиб бериляпти. Муҳими, бола таълим-тарбиясида алоҳида ўрин тутадиган эркак ўқитувчилар яна мактабларга қайтмоқда. Бунинг муҳим самараларини, албатта, тез орада кўрамиз. Ёки бошқа бир мисолни келтирайлик. Илгари тиббиёт ходимларини қўллаб-қувватлаш ҳам етарли даражада эмас эди. Ўтган йилда тиббиёт ходимлари ойлиги оширилди, бу – биринчи қадам. Жорий йилда ҳам бу борада бошланган ишлар изчил давом этади. Яна бир мисол: ҳали билаги кучга тўла, катта тажрибага эга, ҳар бир масалани чуқур таҳлил этадиган мутахассислар пенсия ёшига етиши билан кўпинча ишдан бўшашни афзал кўришарди. Чунки пенсия тўлови тизимидаги камчиликлар уларни бундай йўл тутишга мажбур қиларди. Бу масала ҳам оқилона ечим топди. Фуқаро энди маошига қўшиб, пенсия пулини тўлиқ оладиган бўлди. Бундай ҳаётий мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.
Мамлакатимизда адашганларга имконият бериш, туҳмат, нотўғри гувоҳлик туфайли жавобгарликка тортилган фуқароларнинг ҳуқуқлари, инсоний қадри тикланмоқда. Кейинги икки йилда судлар мустақиллигини таъминлаш бўйича ҳам муҳим чоралар кўрилди. Жумладан, ўтган йилнинг ўзида 1 минг 881 та жиноят иши далиллар етарли бўлмаганлиги сабабли тугатилди, судлар томонидан 590 нафар шахс оқланди. Ваҳоланки, бу кўрсаткич 2016 йилда, эътибор беринг, бор-йўғи 28 тани, 2017 йилда эса 263 тани ташкил этган эди.
Бундан ташқари, 5 минг 462 нафар шахсга нисбатан терговда асоссиз қўйилган моддалар айбловдан чиқариб ташланди, 2 минг 449 нафар шахс эса суд залидан озод қилинди.
Судларда ишларни йиллар давомида қайта-қайта кўриш амалиётига бутунлай чек қўйилмоқда. Инсонпарварлик тамойили асосида мутлақо янги амалиёт жорий этилди. Бунинг натижасида жиноят йўлига адашиб кириб, қилмишига чин дилдан пушаймон бўлган 993 нафар фуқаро, жумладан, 456 нафар йигит-қиз ҳамда 113 нафар аёл Ёшлар иттифоқи, маҳалла фуқаролар йиғинлари ва хотин-қизлар қўмиталарининг кафиллиги билан жазодан озод қилинди.
Жазони ўтаётган 3 минг 333 нафар, жумладан, фаолияти ман этилган ташкилотларга кириб қолган 646 нафар маҳкум афв этилиб, оиласи бағрига қайтарилди.
Бир пайтлар «диний экстремистик гуруҳларга алоқаси бор», деб назоратга олинган 20 мингдан зиёд фуқаро «махсус ҳисоб­лар»дан чиқарилди.
Ман этилган ташкилотларга адашиб кириб қолган, қилмишига пушаймон бўлиб, тузалиш йўлига ўтган фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича Республика идоралараро комиссияси тузилди.
Шу юртда туғилиб, унинг тараққиёти йўлида меҳнат қилиб, лекин ўз уйида бегонадек қаралган инсонлар оҳ-у зорини давлат эшитди ва буни ижобий ҳал этди. Яъни, биз билан ватандош бўлишни орзу қилган 2 минг 528 нафар шахс Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди.

Иқтисодиёт нега ривожланмаётган эди?

2018 йилнинг энг муҳим воқеаси — бу солиқ тизимидаги ислоҳотлар десак, янглишмаган бўламиз. Чунки кўп йиллар давомида солиқ юкининг юқори бўлгани мамлакатда «хуфиёна» иқтисодиёт улушининг ортиб кетишига шароит яратди.
Мавжуд вазиятни ҳисобга олиб, авваламбор иқтисодиётни жадал ривожлантириш, мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш учун Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси қабул қилинди. Бу концепция устида узоқ ишланди. Мазкур ҳужжат лойиҳаси мамлакатимиз жамоатчилиги, бизнес ҳамжамияти, халқаро молиявий ташкилотлар, нуфузли экспертлар томонидан кенг ва атрофлича муҳокама қилинди.
Концепция асосида солиқ сиёсатида муҳим ўзгаришлар жорий қилинмоқда. Жумладан, жисмоний шахслар учун ҳозиргача амал қилиб келган энг юқори 22,5 фоизлик даромад солиғи ўрнига 12 фоизлик ставка белгиланди, 8 фоизлик суғурта бадали эса бекор қилинди.
Бизнес ҳамжамияти учун энг оғир ҳисоб­ланган ягона ижтимоий тўлов ставкаси илгариги 25 фоиз ўрнига 12 фоиз этиб белгиланди. Бюджетдан ташқари пенсия, йўл ва таълим бўйича мақсадли жамғармаларга 3,2 фоиз миқдоридаги мажбурий тўлов бекор қилинди. Божхона тўлов ставкалари қайта кўриб чиқилиб, 3,5 мингга яқин товарлар бўйи­­ча бож миқдори ва 800 га яқин товарлар бўйича акциз солиғи ставкалари камайтирилди.
Мамлакатимизда ишлаб чиқарилмайдиган маҳсулотлар учун хомашёларга, шунинг­­дек, асбоб-ускуна ва техникаларга нисбатан давлат божи олинмайдиган бўлди. Тадбиркорлик субъектлари молиявий-хўжалик фаолиятини режали текшириш бекор қилинди. 138 та лицензия ва рухсат бериш билан боғлиқ талаблар соддалаштирилди, уларнинг 42 таси бутунлай тугатилди. Тадбиркорлик фаолияти учун ер майдонларини ажратишдаги тўсиқ ва ғовларни бартараф этиш, тизимдаги коррупция ҳолатларига барҳам бериш мақсадида ер майдонларини электрон аукцион орқали ажратиш тартиби жорий этилди. Мулк эгасига зарарнинг ўрни тўлиқ қопланмагунча давлат ва жамият эҳтиёжлари учун ер участкаларини олиб қўйиш ва кўчмас мулкни бузиш тартиби бекор қилинди.
Булар айтишгагина осон бўлган ишлардир. Буларнинг замирида тадбиркорга, умид билан яшаётган минглаб инсонларга чексиз ғамхўрлик, юртнинг ҳалол тараққиётига ишонч турибди. Буни англаш учун ҳар бир қўйилаётган инқилобий қадамларни бирма-бир таҳлил қилиб кўриш лозим бўлади.

Ташқи сиёсатдаги прагматизм

Ўзбекистоннинг ички сиёсатдаги ислоҳотлари қатори ташқи сиёсатдаги ёндашув ҳам эътирофга сазавор бўлмоқда. Дипломатларимиз кўп йиллар асосан ташқи сиёсат билан шуғулланган бўлса, энди бир вақтда ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланиш, мамлакатимиз иқтисодиётига инвестициялар киритиш, сайёҳларни юртимизга жалб этиш, хориждаги ватандошларга эътибор қаратиш каби масалаларга ҳам устувор вазифа сифатида эътибор қаратяпти.
Хорижий давлатлар билан муносабатлар янгича руҳда мустаҳкамланмоқда. Мисол учун айтсак, 2018 йилда давлат раҳбарлари даражасида 21 та ташриф, шу жумладан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг хорижий мамлакатларга 13 та ташрифи (Тожикистон ва Ҳиндистонга давлат ташрифи, АҚШ ва Францияга расмий ташриф, кўп томонлама тадбирларда иштирок этиш учун 9 та амалий ташриф) амалга оширилди. Ўзбекистонга 8 та давлат (Афғонистон, Беларусь, Миср, Қозоғистон, Россия Федерацияси, Тожикистон, Туркманистон ва Туркия) раҳбари ташриф буюрдилар. Уларда эришилган аҳдлашувларнинг ижроси изчил амалга оширилмоқда.
Ушбу ташрифларнинг натижадорлиги ва тарихий аҳамияти халқаро экспертлар томонидан эътироф этилди ва юқори баҳоланди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги ва бошқа халқаро ташкилотлар билан алоқалар сезиларли даражада кучайди. Жорий йилнинг ноябрь ойида Ўзбекистон Халқаро миг­рация ташкилотининг тўлақонли аъзосига айланди. Халқаро меҳнат ташкилоти билан эришилган муваффақиятли ҳамкорликнинг мамлакатимиз иқтисодиёти, халқаро майдондаги нуфузининг ошишидаги муҳим аҳамиятини англайсизми?
Ўтган йил охирида Тошкент шаҳрида яна бир нуфузли халқаро ташкилот ҳисобланган Касаба уюшмалари Умумконфедерацияси (КУУ) Ижроия қўмитасининг сайёр йиғилиши бўлиб ўтгани ва унда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси мазкур ташкилот аъзолигига қабул қилингани ҳам тарихий ишлардан бири бўлди. Касаба уюшмалари Умумконфедерациясининг давлатимиз раҳбарини фахрий олтин нишон билан тақдирлагани эса Ўзбекистонда касаба уюшмалари фаолиятига катта эътибор ва ғамхўрликнинг ўзига хос эътирофидир десак, адолатдан бўлади.
Президентимизнинг йирик халқаро ташаб­бусларини илгари суриш ва амалга ошириш бўйича муайян ишлар амалга оширилди. 2018 йилда Ўзбекистоннинг 10 та муҳим халқаро ташаббуслари тўлиқ амалга оширилди.
БМТ Бош Ассамблеясининг «Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш» (22 июнь) ва БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи сессия­сида «Маърифат ва диний бағрикенглик» (12 декабрь) резолюцияларининг қабул қилиниши йилнинг алоҳида эътирофга молик воқеалари бўлди, албатта. Ана шундай амалий саъй-ҳаракатларнинг натижаси ўлароқ, давлатимиз раҳбари Осиё журналистлар Ассоциацияси томонидан «Осиёнинг энг яхши сиёсатчиси» дея баҳоланди.
Йил якунида Президентимиз парламентга Мурожаатнома тақдим этди. Унда жорий йилда мамлакатимизда амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар белгилаб берилган. Шу маънода у халқимиз фаровонлигини таъминловчи ва тараққиётимизни белгиловчи муҳим дастуриламалдир.
Ушбу мурожаатнома бир жиҳатдан халқимизнинг кўп йиллик орзу ва умидларининг ижобати, қолаверса, юрт тараққиёти учун муҳим дастуриламал сифатида баҳоланмоқда.
Дарҳақиқат, биз янги тараққиёт босқичига қадам қўйдик. Янги йил кириб келди! Унга юксак орзу-ниятлар, собит ишонч билан қадам қўйилмоқда.
Муҳтарам Президентимиз раҳбарлигида улкан марраларни кўзламоқдамиз. Биздан янгича фикрлаш, янгича ишлаш, Ватанга сид­қидилдан хизмат қилиш талаб этилмоқда. Нафсиламрини айтганда, бу ҳам инсон учун катта бахт!

Қудратилла РАФИКОВ