16.01.2019. Жамоатчилик комиссиясининг Юнусобод туманидаги навбатдаги учрашуви «Шайх Шивли», «Янги тарнов», «Бодомзор», «Хиёбонтепа» ва «Фирдавсий» маҳаллалари фаоллари иштирокида бўлиб ўтди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси, Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика кенгаши, «Маҳалла» ва «Нуроний» жамғармалари, Республика маънавият ва маърифат маркази, туман ҳокимлиги ва бошқа мутасадди ташкилотлар вакилларидан иборат Жамоатчилик комиссияси қошида ташкил этилган ишчи гуруҳларнинг маҳалла фаоллари билан ҳамкорликдаги ўрганишлари чоғида аниқланган муаммолар ва уларнинг ечими мутасадди ташкилотлар эътиборига ҳавола этилди.
Дастлаб «Шайх Шивли» маҳалласида мавжуд муаммолар тилга олинди. Маҳалла қияликда жойлашгани сабабли ёғин-сочин пайтида кўчаларда тўпланган сув «Ҳурматли» кўчасига йиғилиб, йўлларда катта кўлмак ҳосил бўлади ва ҳатто айрим хонадонларга тошиб киради. Оқова сув қувурлари кўмилиб кетган. Мутасадди ташкилотларга бир неча маротаба мурожаат қилинган бўлса-да, ҳалигача ҳолат ўзгаргани йўқ. Шунингдек, маҳалладаги боқувчисини йўқотган, ижтимоий кўмакка муҳтож фуқаролардан тушган мурожаатлар ҳам тилга олиб ўтилди.
Учрашув давомида «Янги Тарнов» маҳалласи фуқаролари томонидан уй-жой масаласида, кадастр ва эгалик ҳуқуқини тиклаш борасида ечимини кутаётган масалалар айтиб ўтилди.
Ишчи гуруҳнинг ўрганишлари давомида Фирдавсий номли маҳаллада канализация йўқлиги, ҳудуддаги 44 та эски симёғочни алмаштириш зарурати борлиги аниқланган. Шунингдек, маҳалла фаоллари 50-автобус йўналиши илгаригидек «Қўйлиқ» бозорига қадар узайтирилса яхши бўлар эди, деган таклифни билдиришди.
«Бодомзор» маҳалласи ҳудудидан ўтган Бўзсув каналининг 350 метр қисмини тозалаш, ободонлаштириш кераклиги қайд этилди. Маҳаллада яшовчи Тўхтахон Умархўжаева ҳудудда мактабгача таълим муассасаси қуриш зарурлигини айтди.
«Хиёбонтепа» маҳалласида боғчага эҳтиёж борлиги таъкидлаб ўтилди. Бундан ташқари, «Бодомзор» кўчасидан ўтган ирригация тармоғи кўмилиб кетган. Ёғингарчилик вақтида 1-, 9-, 10-уйларга сув тошади.
Мулоқот давомида ижтимоий ҳимояга муҳтож, имтиёзли уй-жой масаласида ёрдам сўраган фуқароларнинг мурожаатлари тингланди. Мавжуд муаммоларни ижобий ҳал этиш ва кейинги учрашувларда халқ олдида амалга оширилган ишлар бўйича ахборот бериш учун туман ҳокимлиги ҳамда тегишли мутасадди ташкилотлар вакилларига зарур топшириқлар берилди.
Аъзам АБУЛФАЙЗОВ