01.04.2019. Жамоа шартномаси муҳокамасига бағишланган йиғилиш шунчаки ҳисобот ёки йил давомида сарфланган маблағларни жамоа олдида оқловдан ўтказиб олиш эмас, балки корхонадаги ҳар бир ишчининг қай даражада наф кўрганлигини холисона баҳолаш жараёнидир. «Наманган ҳудудий электр тармоқлари корхонаси» акциядорлик жамиятининг 2018-2020 йиллар учун қабул қилинган жамоа шартномасининг 2018 йилда бажарилиши бўйича ўтказилган йиғилишда бу яна бир бор ўз тасдиғини топди.
– 2018-2020 йиллар учун қабул қилинган жамоа шартномасининг 2018 йилда бажарилиши барча ТЭТК, ШЭТКда ўтказилган умумий йиғилишларда кўриб чиқилди ва тегишли баёнлар касаба уюшма қўмитасига тақдим этилди, – дейди касабақўм раиси Рустам Дедамирзаев. – Жамоа шартномасининг 2018 йилда бажарилиши якунлари иш берувчи ва касаба уюшма қўмитасининг тенг миқдордаги вакиллари томонидан бандма-банд текшириб чиқилиб, махсус далолатнома тузилган.
Корхонамизда 8 та фаолият тури бўйича 12 нафар касаначи меҳнат қилади. Ходимларнинг малакасини ошириш бўйича 400 нафар ходим ишдан ажралган ҳолда ўқитилди. Бу борадаги ишлар тизимли равишда давом эттирилмоқда. Хусусан, 2018 йил давомида 7 нафар ишловчи II гуруҳ ногиронига қонун доирасида тегишли имтиёзлар қўлланилди. Иш жойлари аттестациядан ўтказилиб, қўшимча таътиллар иш шароитидан келиб чиққан ҳолда белгиланди.
Ўртача иш ҳақимиз (ҳамма тўловлар билан) республикада ўрнатилган энг кам иш ҳақининг 8 баробари миқдоридан кам бўлмаслигига келишиб олинган.
Ҳисобот даврида ўртача иш ҳақи 1 891 500 минг сўмни ташкил қилди. Иш ҳақидан муддати ўтган қарздорликка йўл қўйилмади. Ойликлар 17 фоизга оширилди ҳамда тизимда 3 йилдан ортиқ меҳнат стажига эга бўлган ходимларга 15 фоиз миқдорида коэффициентлар қўлланилди.
92 нафар ходимга 50, 60 ёшга тўлиши муносабати билан бир йўла 166,1 млн. сўм мукофот пули берилди. 69 нафар ходим ишлаб чиқаришда ва жамоат ишида фаол қатнашгани муносабати билан фахрий ёрлиқ билан тақдирланди ва уларга 280 млн. сўм миқдорида пул мукофотлари тақдим этилди.
Йил давомида ходимлар ҳимоя воситалари ва махсус кийим-бошлар билан таъминланди, бу мақсадларга 1 млрд. 126 млн. сўм сарфланди.
Меҳнат муҳофазаси техника хавфсизлиги ва электр қурилмаларига хизмат кўрсатишни яхшилаш мақсадида жамоа шартномаси талаблари асосида йил давомида 1579 та иш жойи текширилди, натижада меҳнат муҳофазаси, техника хавфсизлиги ва ходимлар билан ишлаш бўйича 2905 та камчилик аниқланди ва улардан 2600 таси бартараф қилинди.
Махсус ишларда банд бўлган 35 нафар ходим навбатдан ташқари тиббий кўрикдан ўтказилди. Янги сайланган меҳнат муҳофазаси бўйича вакиллардан 22 нафари ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда корхона Ўқув марказида малака оширди.
Ёрдамчи хўжаликда етиштирилган маҳсулотлар ходимларга бепул тарқатилди.
5 нафар ходимга уй-жой олиши учун корхона ҳисобидан 109,5 млн. сўм фоизсиз ссуда ажратилди.
Йил давомида 451 нафар ходим, пенсионерлар ва уларнинг оила аъзолари ТСКда, 190 нафар ходим ва уларнинг оила аъзолари «Нурчи» ва «Кўксарой» дам олиш масканларида дам олдирилди. 17 нафар ходим ижтимоий суғурта маблағларидан молиялаштирилган йўлланмалар билан санаторийларда соғломлаштирилди. 102 нафар ходим, уларнинг оила аъзолари ва пенсионерлар жамоа шартномаси орқали корхона ва касаба уюшма қўмитаси томонидан молиялаштирилган йўлланмалар билан санаторийларда соғликларини тиклаб олишди.
Ходимларнинг 160 нафар фарзанди шаҳардан ташқаридаги болалар оромгоҳларида ҳордиқ чиқарди.
Ҳисобот даврида корхона тасарруфидаги спорт зали тўла таъмирланди, волейбол майдончаси ташкил қилиниб, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларининг спорт билан шуғулланиши учун шароитлар яратилди.
Корхонада 166 нафар аёл ишлайди, улар учун жамоа шартномасида белгиланган мажбуриятлар бажариляпти, фитнес ва спорт заллари мунтазам ишлаб турибди.
2018 йилда жамоа шартномасининг бажарилиши орқали ҳар бир ходимга 14,9 млн. сўмдан наф келтирилди.
Йиғилиш якунида Наманган шаҳридаги «Истиқбол» электр тармоқлари корхонаси вакили Муқаддас Холмирзаева, Хавфсизлик техникаси ва меҳнат муҳофазаси бўлими бошлиғи Камолиддин Зиёвуддинов сўзга чиқиб, ҳужжат ижросини қониқарли деб баҳолади.
Шунингдек, конференция иштирокчилари билан Энергетика ходимлари касаба уюшмаcи Республика кенгаши раиси Қ.Қирғизалиев мулоқот қилиб, ходимлар учун шароитни янада яхшилашга доир таклиф ва мулоҳазалар юзасидан фикрлашиб олди.