[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

10.05.2019. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан бугунги кунда мамлакатимизда инсон манфаатлари йўлида барча соҳаларда изчил олиб борилаётган тизимли ислоҳотлар халқимиз турмуш даражасини оширишга хизмат қилмоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуслари билан 2019 йилнинг “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” деб эълон қилиниши инвестицияларни фаол жалб этиш, янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш ҳисобидан иқтисодиётни жадал ривожлантиришга замин яратди. Иқтисодиётни жадал ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишлар ва уларнинг ижобий натижалари эса ижтимоий соҳада тўпланиб қолган муаммоларни тизимли ҳал этиш имкониятларини кенгайтирмоқда.

Бунда давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг ижтимоий шериклик асосидаги фаолияти ҳам муҳим аҳамиятга эга. Чунки ижтимоий шериклик жамиятнинг барқарорлиги, ривожланиши, унумли ижтимоий-иқтисодий тараққиётини таъминлаш имконини беради. Бугун мамлакатимизда ижтимоий шерикликнинг турли шакллари ривожланиши ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик қилиши учун барча шарт-шароитлар яратилган.

Бевосита корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият кўрсатаётган ходимлар ва уларнинг оила аъзолари ижтимоий ҳимоясини таъминлашда меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик муҳим аҳамиятга эгадир. Жамоа шартномаси меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик маҳсули бўлиб, корхона, ташкилот ва муассасаларда иш берувчи билан ходимлар ўртасидаги меҳнатга, ижтимоий-иқтисодий масалаларга ва касбга оид муносабатларни тартибга солувчи норматив ҳужжатдир. Мазкур локал ҳужжат иш берувчи ва касаба уюшма қўмитаси ўртасида имзоланиб, ижтимоий шериклик асосида амалга оширилади.

Қонун ҳужжатларига биноан Ўзбекистонда меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик тўртта, яъни умумреспублика, тармоқ,  ҳудудий ва локал миқёсларда амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Касаба уюшмалари Федерацияси, Савдо-саноат палатаси ўртасида 2017-2019 йиллар учун тузилган ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид Бош келишув умумреспублика миқёсида ижтимоий шерикликнинг асосий ҳужжати ҳисобланади. Бош келишув асосида республикада 105 та тармоқ, 14 та ҳудудий келишувлар, бевосита ташкилотларда эса 157 мингдан ортиқ жамоа шартномалари амал қилмоқда.

Бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси корхона, ташкилот ва муассасаларда иш берувчи ва касаба уюшма қўмитаси ўртасида имзоланаётган Жамоа шартномаларининг ижтимоий таркибини кучайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда. Натижада бугун жамоа шартномалари ва келишувлари орқали ходимларнинг тўла бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратиш, кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш масалалари ҳал этилмоқда. Жамоа шартномалари ва келишувларига ходимлар меҳнатига ҳақ тўлашни ташкил этишга, устамалар, қўшимча тўловлар ва компенсацияларни ўрнатиш тартибига оид аниқ ва батафсил меъёрлар киритилмоқда. Ҳукумат томонидан тасдиқланган Ягона тариф сеткасига нисбатан оширилган тариф коэффициентларини ўз ичига олган тармоқ ва локал тариф сеткаларини жорий этиш йўли билан меҳнат ҳақи миқдорларини жамоа-шартномавий тарзда ўрнатиш масаласига алоҳида эътибор қаратилиши натижасида турли соҳаларда меҳнат қилаётган касаба уюшма аъзоларидан қарийб 764 минг нафарининг иш ҳақлари оширилган тариф коэффициентлари бўйича ҳисоблаб тўланмоқда.

Жамоа шартномалари ва келишувларида меҳнат ҳавфсизлиги даражасини ошириш, иш ўринларида санитар-гигиеник вазиятни яхшилаш, ходимларни якка тартибдаги ва жамоавий ҳимоя воситалари, санитар-маиший хоналар билан таъминлаш, иш ўринларини шаҳодатдан ўтказиш, меҳнат муҳофазаси қоидаларига ўргатиш, зарарли меҳнат шароитлари учун ходимларга имтиёз ва компенсациялар бериш масалаларига ҳам катта эътибор қаратилмоқда. Шунингдек, Жамоа шартномаларига киритиш орқали иш вақти ва дам олиш вақтини тартибга солиш борасида аксарият корхона ва ташкилотларда асосий узайтирилган ва қўшимча таътиллар ўрнатилган. Иш стажига қараб қўшимча таътиллар бериш тартиби жорий этилган. Натижада 2 млн. 500 минг нафардан зиёд ходим асосий узайтирилган, 2 млн. 300 минг нафарга яқин ходим эса йиллик қўшимча таътиллардан фойдаланмоқда.

Ижтимоий кафолатлар, соғлиқни муҳофаза қилиш, ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини, шу жумладан, болаларни соғломлаштириш масалалари жамоа шартномалари ва келишувларининг муҳим бўлими ҳисобланади. Хусусан, ўтган 2018  йилда жамоа шартномалари ва келишувлари орқали корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган 2 минг 391 та ёш оилага узоқ муддат фойдаланиладиган товарлар ҳарид қилиш ҳамда уй-жой қуриш учун фоизсиз cсудалар ажратилди. Ижтимоий ҳимояталаб оилалар вакилларидан 56 минг 166 нафарига эса моддий ёрдам кўрсатилди ва ушбу мақсадлар учун касаба уюшмалари ва иш берувчилар ҳисобидан 25 млрд. 220 млн. сўм маблағ йўналтирилди. Шу билан бирга корхона ва ташкилотларда боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилалардан бўлган ходимларнинг 75 минг 982 нафар фарзандлари жамоа шартномалари орқали 13 млрд. 884 млн. сўмлик ўқув анжомлари билан таъминланди. Икки ёшдан уч ёшгача фарзандлари бўлган 10 минг 702 нафар аёлга 3 млрд. 830 млн. сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди.

Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан нодавлат секторидаги корхона ва ташкилотларда меҳнат қилаётган ходимларни касаба уюшмаларига жалб этиш ва мазкур корхоналарда жамоа шартномаларини тузиш борасида олиб борилаётган тизимли ишлар натижасида 2018 йил давомида шу турдаги корхоналарда меҳнат қилаётган қарийб 7 минг нафар болали аёлнинг ойлик маоши сақланган ҳолда иш ҳафтаси 1 соатга қисқартирилиб, имтиёз ва қулайликлар яратилди. Ушбу мақсадларга корхоналар ҳисобидан 1 млрд. 682 млн. сўм сарфланди. Ёш болали ишловчи аёллардан 126 минг 441 нафарига икки ёшга тўлмаган фарзандини овқатлантириш учун ҳақ тўланадиган танаффуслар бериш тизими жорий этилди. Шунингдек, 67 минг 821 нафар ходим ва уларнинг оила аъзолари корхона ва ташкилотлар маблағлари ҳисобидан соғломлаштирилди ҳамда ушбу мақсадларга 48 млрд. 906 млн. сўм маблағ йўналтирилди.

Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш зарурки, барча жамоа шартномалари ва келишувларига аёллар ва ёшлар меҳнатини тартибга солиш бўйича меъёрий бўлимлар киритилган бўлиб, уларда ишга қабул қилиш учун энг кичик ёшга оғишмай риоя қилиш, мажбурий ва болалар меҳнатига йўл қўймаслик, камситмаслик ва тенг аҳамиятли меҳнат учун тенг ҳақ тўлаш принципларига риоя этиш борасида иш берувчиларнинг мажбуриятлари белгилаб қўйилган.

Жорий йилда республика миқёсида корхона ва ташкилотларда жамоа шартномалари бажарилиши якунларига бағишланган меҳнат жамоаларининг умумий йиғилиш (конференция)лари бўлиб ўтди. Уларда юқори касаба уюшмаси органлари вакилларининг иштироки таъминланди. Касаба уюшмалари тизимидаги ушбу муҳим жараённинг бориши тўғрисида ҳафталик мониторинг олиб борилди. Мазкур мониторинг натижаларига назар ташласак, жорий йилнинг 1 апрель ҳолатига олинган маълумотларга асосан 143 753 та юридик шахсдан 143 635 тасида умумий йиғилиш (конференция)лар ўтказилди. Шундан 54 350 та юридик шахснинг умумий йиғилиш (конференция)ларида юқори касаба уюшмаси органлари, яъни Касаба уюшмалари Федерацияси, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари, ҳудудий касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари, туман, (шаҳар) кенгашлари вакиллари, масъул ташкилотчилар ҳамда бирлашган қўмиталар раислари иштирок этдилар.

Меҳнат жамоаларининг умумий йиғилиш (конференция)ларида иш берувчилар ва касаба уюшма қўмиталари раислари Жамоа шартномаси бажарилиши якунлари юзасидан ходимлар олдида очиқ ҳисобот бердилар ва меҳнаткашларнинг таклифлари асосида Жамоа шартномаларига янги банд ва меъёрлар, қулайликлар киритилди. Хусусан, ходимлар таклифларига асосан жорий йилда тузилаётган жамоа шартномалари ва келишувлари бугунги кун талабидан келиб чиққан ҳолда бир қатор тадбирлар билан бойитилди. Булар:

электр энергияси ва ёқилғи-энергетика ресурсларини тежаш бўйича кўрик-танлов ўтказиш;

– ноанъанавий бандликни чеклаш;

– Халқаро меҳнат ташкилотининг “Тенг аҳамиятли меҳнат учун эркак ва аёл меҳнаткашларга тенг ҳақ тўлаш тўғрисида”ги 100-сонли Конвенциясига биноан эркаклар ва аёллар томонидан турли шароитларда, турли кўникма ва малака билан, турли кўринишдаги, жавобгарлиги бир-бирига боғлиқ бўлмаган, лекин бир хил қийматга эга бўлган ишлар тенг миқдорда рағбатлантирилиши;

– қарамоғида ногиронлиги бор фарзанди бўлган ходимларга моддий ёрдам кўрсатилиши;

– рағбатлантириш сифатида ташкилотнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан ўз ходимларининг камида 10 фоизини оила аъзолари билан биргаликда ҳар йили дам олишга (ички туризмга) юборишни назарда тутиш;

– ходимларга саёҳат қилиш ва дам олиш учун отгул бериш;

– касб байрамларини кенг нишонлаш, байрам муносабати билан касб маҳорати ва бадиий ҳаваскорлик бўйича мусобақа, танлов ҳамда тадбирлар уюштириш;

– ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини қизиқишларига кўра спорт тўгаракларига қатнашлари учун имтиёзли чипталар билан таъминлаш;

– корхоналарда спорт майдончалари ташкил этиш, жисмоний тарбия жамоаларини тузиш ва уларнинг ишини жонлантириш;

– ходимларни спорт кийимлари ҳамда спорт анжомлари билан таъминлаш, уларни спорт тадбирларига кенг жалб этиш;

– икки ва ундан ортиқ 12 ёшгача фарзанди ёки 16 ёшгача ногиронлиги бор фарзанди бўлган аёлларнинг ва фарзандлари бошланғич синфда ўқийдиган ёлғиз аёлларнинг иш ҳафтасини иш ҳақлари сақланган ҳолда 1 соатга қисқартириш каби тадбирлардир.

Бугунги кунда таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки амалдаги жамоа шартномаларининг деярли 99,4 фоизига иш берувчи ташаббусига кўра ходим билан меҳнат шартномасини бекор қилишдан аввал касаба уюшма қўмитасининг розилигини албатта олиш лозимлиги тўғрисидаги банд киритилган.

Шуни ҳам таъкидлаш зарурки, кейинги йилларда жамоа шартномалари ижтимоий таркибининг кучайтирилиши натижасида жамоа шартномалари ходимларнинг бевосита ва билвосита даромадларини ошириш манбаига айланди. Хусусан, корхона, ташкилот ва муассасаларда ўрта ҳисобда бир ходимга ойлик маошдан ташқари жамоа шартномаси орқали бир йилда сарфланган маблағ миқдори бундан 4-5 йил аввал ўртача 1,5 млн. сўмни ташкил этган бўлса, 2018 йил давомида ўртача 3,5  млн. сўмдан зиёдни, йирик ишлаб чиқариш корхоналарида эса 8-12 млн. сўмни ташкил этди.

Сирасини айтганда, бугунги кунда жамоа шартномалари ва келишувлари иқтисодий ўсиш ва ишлаб чиқаришнинг рақобатдошлигини ошириш, ходимларнинг меҳнат ва турмуш шароитларини яхшилаш, бандликни таъминлаш, ижтимоий масалаларни ҳал этиш борасида меҳнат муносабатлари барча субъектларининг ўзаро манфаатдорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати