24.05.2019. Бугун «жамоатчилик назорати» деган ибора тез-тез қулоққа чалинади. Бундай назоратнинг қонун билан мустаҳкамланиши жойларда муаммоларнинг олдини олиш ва ўз вақтида ечим топишига хизмат қилмоқда.
Бадиий Академия тасарруфидаги муассасамизда айни пайтда 97 нафар касаба аъзолари меҳнат қилаётир. Бошланғич касаба уюшма қўмитаси меҳнат шароитлари ва муҳофазаси масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда. Буни таълим муассасасида меҳнат муҳофазасини ташкил қилиш бўйича жамоатчилик назоратининг йўлга қўйилганида ҳам яққол кўриш мумкин. Бу жараёнда касаба уюшма фаолларидан иборат комиссия иш режаси асосида жамоатчилик назоратини амалга оширади. Назорат натижалари махсус журналга қайд қилиниб, иш берувчига ҳавола этилади. Бу эса қисқа муддатда кўплаб камчиликларни бартараф этишга ёрдам бермоқда.
Мисол учун айтадиган бўлсак, ошхонадаги санитария-гигиена шароитларини ўрганиш жараёнида тозаловчи вентиляция тизимининг ишламаётгани аниқланиб, бу ҳақда мутасаддиларга хабар берилди. Иш берувчи ушбу муаммони ўз вақтида ҳал қилди. Бундан ташқари, хоналардаги электр тизимларида муаммоларни бартараф қилишда ҳам назорат гуруҳи аъзоларининг кўмаги катта бўлди.
Яна бир назорат тадбирида ишчи-ходимларнинг махсус кийим билан таъминлангани, ювиниш хоналарининг жиҳозланиши, ходимларнинг дам олиш ва спорт билан шуғулланишлари учун яратилган шароит ўрганилди. Бу борада ҳам ютуқлар билан бирга камчиликлар ошкора таҳлил қилинди. Пировардида ювиниш ва дам олиш хоналари таъмирдан чиқарилди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, иш берувчи эътирозларимизни ўз вақтида кўриб чиқмоқда. Ҳар бир масалага жиддий ва самимий ёндашилаётгани натижасида муассасада меҳнат муҳофазаси тадбирлари талаб даражасида йўлга қўйилган. Бу эса таълим-тарбия сифатига ҳам ижобий таъсир кўрсатаётгани шубҳасиз. Ўқитувчи ва ўқувчилар санъатнинг ҳайкалтарошлик, рассомлик, амалий санъат, дизайн ва бошқа йўналишлари бўйича кўплаб ютуқларни қўлга киритаётгани бунинг исботидир.
Яқинда меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлиги бўйича жамоатчилик назоратини ташкил этиш бўйича кўрик-танловнинг вилоят босқичида «Энг яхши касаба уюшма қўмитаси» номинацияси ғолиби бўлдик. Меҳнатимизнинг эътироф қилиниши зиммамиздаги масъулиятни янада оширди. Келгусида ҳам меҳнат муҳофазаси тадбирларини янада самарали йўлга қўйиш, ўқитувчи ва мураббийларнинг муносиб шароитларда фаолият кўрсатишлари, ўқувчиларнинг сифатли билим олиши, санъат сирларини пухта эгаллаши учун шароитни янада кенгайтириш борасида изланаверамиз.
Нилуфар Худойберганова
Урганч ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернати бошланғич касаба уюшма қўмитаси раиси