11.07.2019. Жорий йилнинг 2 июль куни “kun.uz” сайтида Косонсой туманидаги 54 та мактаб ўқитувчилари мажбурий меҳнатга жалб этилганлиги, яъни, жорий йилнинг 29 июнь куни ўқитувчилар мазкур тумандаги Намуна қишлоғи яқинидаги анҳор бўйида бетон қуйишгани тўғрисида хабар тарқатилган эди.
Ушбу хабарда келтирилган маълумотлар 2019 йил 3 июль куни Наманган вилояти Касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси, вилоят Адлия бошқармаси, вилоят Бандлик бош бошқармаси давлат меҳнат инспекцияси, Косонсой тумани Адлия бўлими, туман Бандликка кўмаклашиш маркази давлат меҳнат инспектори, туман Бандликка кўмаклашиш маркази вакилларидан иборат Ишчи гуруҳ томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганилди.
Ўрганиш жараёнида 2019 йил 27 июнь куни Косонсой туман халқ таълими бўлими мудири в.б. Ф.Нумонов томонидан тумандаги мавжуд 52 та умумтаълим мактаби директорларига 2019 йил 28 июнь куни соат 07:00 да Косонсой туманидаги “Мажнунтол” ва “Махдуми Аъзам” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида қурилаётган “Яшил хиёбон”да йиғилиш ўтказилиши ва барча умумтаълим мактаблари директорлари унда иштирок этиши шартлиги тўғрисида кўрсатма берилганлиги аниқланди.
Кўрсатмага асосан мактаб директорлари мазкур йиғилишда иштирок этиб, туман ҳокимлиги мутасаддиларидан 2019 йил 29 июнь куни “Мажнунтол” ва “Махдуми Аъзам” маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳудудида қурилаётган “Яшил хиёбон”да ҳашар ўтказилиши, ҳашарда мактаб ўқитувчилари иштирок этмасликлари, фақат мактабларнинг техник ходимларини жалб этиш тўғрисида топшириқ олган.
Топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида 2019 йил 29 июнь куни “Яшил хиёбон”даги ҳашарда туман халқ таълими бўлимига қарашли 41 та умумтаълим мактабининг техник ходимлари иштирок этишган.
Косонсой туман ХТБ мудири в.б.Ф.Нумонов мазкур ҳолат юзасидан ўз тушунтириш хатида ҳашарда иштирок этган ҳар бир мактабга 10 метрдан жой ажратиб берилгани, ажратилган жойларда бетон қуйилиб, текислаш ишлари амалга оширилгани, шунингдек, мактаб техник ходимларини ободонлаштириш ишларига жалб қилиш мажбурий меҳнат ҳисобланишини ҳамда қонун билан таъқиқланганлигини билмаслигини, бирорта мактаб ўқитувчиси ушбу ҳашарга жалб қилинмаганлигини таъкидлаган.
Шу ўринда таъкидлаш зарурки, раҳбарнинг қонунни билмаслиги уни жавобгарликдан соқит қилади, дегани эмас.
Косонсой туман ХТБга қарашли умумтаълим мактаблари директорлари билан ўтказилган суҳбат жараёнида 10-, 17-, 18-, 27-, 28-, 37- ва 51-сонли мактабларнинг директорлари тушунтириш хатларида ҳақиқатдан ҳам мактаб техник ходимлари 29 июнь куни ҳашарда ўз хоҳишлари билан иштирок этганлигини таъкидлашган.
Тумандаги 1-, 5-, 8-, 12-, 19-, 20-, 21-, 44- ва 46-сонли мактабларнинг директорлари эса ўз тушунтириш хатларида мактаб ўқитувчилари ва техник ходимлари мазкур ҳашарда иштирок этмаганлигини маълум қилганлар.
Кези келганда айтиб ўтиш жоизки, юқоридаги каби ҳолатларга йўл қўйилишининг олдини олиш мақсадида Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Косонсой туман кенгаши томонидан жорий йилнинг 31 май куни туман халқ таълими бўлими мудири в.б. Ф.Нумановга 18-сонли, туман мактабгача таълим бўлими мудири Д.Якубовага 19-сонли, тумандаги касб-ҳунар коллежлари директорларига улар раҳбарлик қилаётган бўлим тизимидаги муассасалар ходимларини мажбурий меҳнатга жалб этилиши ҳолатларига йўл қўймаслик, уларни мажбурий жамоат ишларига бевосита ёки билвосита жалб қилган мансабдор шахсларга нисбатан қатъий интизомий жазо чоралари кўрилиши белгиланганлиги тўғрисида огоҳлантириш хатлари берилган.
Бундан ташқари жорий йилнинг апрель-июнь ойларида республикамизнинг барча туман ва шаҳарларида касаба уюшмалари томонидан Халқаро меҳнат стандартларининг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб қилишга йўналтирилган тизимли семинарлар ўтказилди. Мазкур семинар 11 июнь куни айнан Косонсой тумани Хтбда ўтказилиб, унда 57 нафар киши иштирок этган.
Косонсой туманидаги ҳолатни ўрганиш мақсадида тузилган Ишчи гуруҳ вакиллари томонидан туман ХТБ мудири в.б. Ф.Нумоновга ҳамда мактаб директорларига ходимларни ўз вазифаларидан бошқа ишларга, яъни, мажбурий меҳнатга жалб этиш қонунга хилоф эканлиги, бунинг учун жавобгарлик белгиланганлиги, хусусан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 10 майдаги “Ўзбекистан Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 349-сонли Қарорининг мазмун-моҳияти тушунтирилган.
Шунингдек, 2019 йил 5 июль куни Наманган вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси томонидан Косонсой туманида аниқланган Халқаро ва миллий меҳнат стандартлари талаблари бузилиши ҳолатига йўл қўйган Халқ таълими тизими раҳбар ходимларига қонуний чора кўриш, бундан буён таълим соҳаси ходимларининг мажбурий меҳнатга жалб қилинишига йўл қўймаслик, мутасадди раҳбарларнинг халқаро ва миллий меҳнат стандартлари талабларига риоя этишлари юзасидан тегишли чоралар амалга оширилиши зарурлиги тўғрисида Наманган вилоят Халқ таълими бошқармасига Тақдимнома киритилди.
Бугунги кунда Косонсой тумани ХТБ мудири вазифасини вақтинча бажарувчи Ф.Нумонов лавозимидан озод этилган.
Халқ таълим вазирлиги тарқатган маълумотга кўра, Косонсой туманидаги умумтаълим мактабларининг 80 нафар ишчи-ходимлари мажбурий меҳнатга жалб этилганлиги учун мансабдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўрилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори номига жорий йилнинг 4 июль куни хат юборилган.
Алоҳида таъкидлаш зарурки, юртимизда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик бўйича Президентимиз ташаббуслари билан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистонда мажбурий меҳнатни тугатиш борасида турли қонун ҳужжатлари имзоланди. Муҳтарам юртбошимизнинг 2017 йил 19 сентябрда БМТнинг Бош Ассамблеясидаги маърузасидан сўнг ушбу масалага янада жиддий ёндошилиб, 2018 йилда мажбурий меҳнатга қарши курашни янада кучайтириш юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Маълумот ўрнида айтиб ўтиш лозимки, агар мажбурий меҳнат ҳолатларига дуч келсангиз, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 1092 ёки 71-200-10-92 телефон рақамлари орқали мурожаат қилишингиз мумкин.