17.07.2019. Жорий йилги болаларни ёзги соғломлаштириш мавсуми қизғин давом этаётган айни кунларда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги “Қуёшли” болалар соғломлаштириш оромгоҳида ҳам болажонлар мириқиб ҳордиқ чиқармоқдалар. Ушбу масканда ўғил-қизларни нафақат жисмоний соғломлаштириш, балки маънавиятини юксалтириш, интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган. Айниқса, ёзнинг жазирама иссиқ кунларида “Қуёшли”даги салқин об-ҳаво танга ҳузур бағишлайди.
Тошкент вилоятининг хушманзара ва баҳаво Чимён қишлоғида, она табиатнинг сўлим қучоғида жойлашган ушбу масканда болажонлар дам олиш билан бирга турли мавзулардаги маданий-маърифий тадбирлар, театрлаштирилган томошаларда ҳам иштирок этиш имконига эгалар. Куни кеча эса ҳордиқ чиқараётган болажонлар ўртасида ўзлари қизиққан соҳалар, хусусан, рассомчилик, аппликация ясаш, моҳир қўллар каби тўгаракларда ўрганган ва ўз қўллари билан ясаган ўйинчоқлар, эртак қаҳрамонлари кўргазмаси бўлиб ўтди. Мазкур кўргазма болалар ўртасидаги санъат фестивалига уланиб кетди. Унда болажонлар қўшиқчилик, рақс, халқ оғзаки ижоди йўналишларида ўз ижод намуналари билан иштирок этдилар. Болажонлар табиат қўйнида Она юртни мадҳ этувчи жарангдор куй ва қўшиқлар, жозибадор рақсларни ижро этдилар. Уларнинг ҳар бир чиқиши барчани бирдек руҳлантириб, жаннатмакон диёримизга бўлган меҳр-муҳаббатлари нечоғлик юксак эканлигини яна бир бора намоён этди. Оромгоҳда ташкил этилган спорт мусобақаларида мириқиб ҳордиқ чиқараётган ўғил-қизлар футбол, волейбол, сузиш, стол тенниси, шахмат, шашка, енгил атлетика ва арқон тортиш бўйича мусобақалашдилар. Мазкур тадбирлардан кўзланган мақсад – ёш авлод вакиллари қалбига Она Ватанга муҳаббат, эл-юртга садоқат каби туйғуларни янада чуқурроқ сингдиришдир.
Тадбирлардан сўнг болажонлар учун “Лазер-шоу” томошаси намойиш этилди.
Кези келганда таъкидлаш ўринлики, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси тасарруфидаги “Қуёшли” болалар соғломлаштириш оромгоҳида болажонларнинг жисмонан чиниқишлари, маънавий камол топишлари ва ўз билим ҳамда кўникмаларини мустаҳкамлашлари учун барча шарт-шароитлар яратилган. Хусусан, бой китоб заҳирасига эга бўлган кутубхона, Интернет тармоғига уланган компютер хонаси, хореография зали, вокал хонаси, очиқ ва ёпиқ спорт майдончалари, энг замонавий услубларда барпо этилган ложувард сузиш ҳавзаси, қулай ва шинам ётоқ бинолари, мазали ва дармондориларга бой таомлар тайёрланаётган ошхона болажонлар хизматида.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан оромгоҳда болажонларнинг ҳар бир дақиқалари мазмунли ўтиши учун барча имкониятлар яратилган. Айниқса, бу масканда фаолияти йўлга қўйилган тўгарак хоналари барча зарур жиҳоз ва воситалар билан таъминланган бўлиб, ўғил-қизлар табиат қучоғидаги ноанъанавий машғулотлар билан қамраб олинмоқда. Болажонлар учун турли викториналар, танловлар, мусобақалар, назм ва наво кечалари ташкил этилмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати