22.07.2019. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг ёш фаолларидан иборат делегацияси жорий йилнинг 20-21 июль кунлари Халқаро меҳнат ташкилоти ташаббуси билан Қирғизистон Республикасининг Чўлпон-Ота шаҳрида ташкил этилган “Келажакдаги меҳнат ва муносиб меҳнатни таъминлашда касаба уюшмалари ёшларининг роли” мавзусидаги минтақавий семинарда иштирок этди.
Семинарда Марказий Осиё мамлакатлари (Қирғизистон, Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистон) касаба уюшмалари ташкилотларининг 30 дан ортиқ ёш фаоллари қатнашдилар.
Ушбу семинар келажакдаги меҳнат масаласи бўйича ХМТнинг Глобал комиссияси илгари сурган асосий вазифалар билан касаба уюшмалари ташкилотлари ёшлар вакилларини таништириш, ХМТнинг бандлик, муносиб меҳнат ва келажакдаги меҳнат тўғрисидаги тамойилларини қўллаб-қувватлашга қаратилган ПР-кампанияларни ўтказиш ва ташкил этиш техникаси бўйича иштирокчиларни ўқитиш, ёш ходимлар манфаатлари ва ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек, уларни касаба уюшмалари ташкилотлари вакиллик органларига фаол жалб қилиш бўйича замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш каби мақсадларда ташкил этилди.
Анжуманда вакилларимиз Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан олиб борилаётган ишлар ҳақида тақдимот қилдилар. Ушбу тақдимот семинар иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Ўзбекистонда ёшлар учун берилаётган имтиёзлар, Президентимиз ташаббуслари билан ишлаб чиқилиб, ҳаётга татбиқ этилаётган 2017-2021 йилларда мамлакатни ривожлантириш бўйича ҳарактлар стратегияси ҳамда 5 та муҳим ташаббус бўйича иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Минтақавий семинар ишида Халқаро меҳнат ташкилоти Меҳнаткашлар фаолияти бўйича бюроси (АКТРАВ)нинг Европа ва Марказий Осиё сектори мудири Сергеюс Гловацкас, ХМТнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатлари учун Бюросининг меҳнаткашлар фаолияти бўйича мутахассиси Гоча Александрия, ХМТ эксперти Василе Чоарик, “Россия хотин-қизлар иттифоқи” жамоат ташкилотининг Мурманск минтақавий бўлими раиси Юлия Величко ҳамда Қирғизистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Жээнбек Осмоналиев иштирок этди.
Семинарда иштирокчиларга қуйидаги йўналишларда билим ва кўникмалар берилди:
- келажакдаги меҳнат масаласи бўйича ХМТнинг Глобал комиссияси илгари сурган вазифаларни тарғиб қилишда касаба уюшмалари ёшларининг роли;
- меҳнат бозорида ёш ходимлар тўқнаш келадиган биринчи галдаги муаммоларни аниқлаш ва таҳлил қилиш;
- ПР-кампания вазифа ва мақсадларини аниқ ифода қилиш;
- ПР-кампанияга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш режасини ишлаб чиқиш;
- кампания учун шиорлар ва кўргазмали воситалар ишлаб чиқиш;
- ПР-кампанияга ОАВни жалб қилиш усуллари;
- ПР-кампанияни натижадор ўтказишда замонавий ахборот технологияларидан фойдаланиш.