[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

22.07.2019. Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши Ишчи гуруҳи вакиллари Наманган вилояти, Чуст туманидаги 9-умумтаълим мактаби ўқитувчиларини мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатини тўлиқ ўрганди.

Ўрганиш жараёнида, Наманган вилояти, Чуст туманида ХТБ мудири Шавкат Юлдашев ҳамда 9-умумтаълим мактабининг бир гуруҳ педагоглари билан суҳбат ўтказилди. Суҳбатда жорий йилнинг май-июль ойларида 9-умумтаълим мактаби ҳовлисида бўлаётган қурилиш, ободонлаштириш ишларига ўқитувчилар навбатма навбат жалб қилинганлигини тасдиқлашди. Маълум бўлишича, барча педагоглар учун жорий йилнинг 11 ва 21 июнидан меҳнат таътили берилган (буйруқлар илова қилинади), аммо педагоглар меҳнат таътилига чиққан бўлишига қарамай тозалаш, ғишт ва қум ташиш ишларини амалга оширишга мажбур бўлишган.

Педагоглар томонидан мактабда ижтимоий-маънавий муҳит яхши эмаслиги ва мактаб директори томонидан қонунбузилиш ҳолатларига тез-тез йўл қўйилиши, ўқитувчилар соғлиги ёмонлашган ҳолатда ҳам ободонлаштириш ишларига жалб қилинганлиги сўзлаб берилди. Бундан қаттиқ норози эканликларини билдирган педагоглар ўз норозиликларини ёзма равишда тақдим қилиш билан бирга видео ва аудио маълумотларни ҳам бердилар.

Шуниси қизиқки, ўрганиш жараёнида айрим педагоглар тозалаш ишларига ўз ҳохиши билан келганликларини билдиришган. Шу ўринда алоҳида эслатиб ўтамизки, ўқитувчилар ўз ҳохиши билан ҳам меҳнат шартномасида белгиланган вазифалардан ташқари ишларни бажаримасликлари керак. Чунки, қурилишда бахтсиз ходиса рўй бериш эҳтимоли юқори бўлиши билан бирга, оғир юк кўтариш талаблари мавжуд бўлган қурилиш ишлари аёллар саломатлигига путур етказиши мумкин. Бундан ташқари, ободонлаштириш, қурилиш, тозалаш ишларига жалб қилиш бўйича ходимларнинг ёзма розилиги ҳамда иш берувчининг буйруғи ҳам  бўлмаган.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 124-моддасига асосан ходим учун белгиланган кундалик иш муддатидан ташқари ишлаш иш вақтидан ташқари иш деб ҳисобланади. Иш вақтидан ташқари ишларга албатта  ходимнинг розилигисиз йўл қўйилмайди. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 130-132-моддаларига кўра ходимларни дам олиш кунларида ишлатиш таъқиқланади. Иш берувчининг фармойиши бўйича, айрим ходимларни дам олиш кунлари ишга жалб этишга алоҳида ҳоллардагина, хусусан, жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб, белгиланган асослар бўйича ва тартибда йўл қўйилади.

Меҳнат кодексининг 157-моддасига асосан, иш вақтидан ташқари ишлар, дам олиш кунларидаги ва байрам кунларидаги ишлар учун камида икки баробар миқдорда ҳақ тўланади. Тўланадиган ҳақнинг аниқ миқдори жамоа шартномасида, агар у тузилмаган бўлса, иш берувчи томонидан касаба уюшмаси қўмитаси ёки ходимларнинг бошқа вакиллик органи билан келишиб белгиланади. Байрам ёки дам олиш кунидаги иш ходимнинг хоҳишига қараб бошқа дам олиш куни (отгул) бериш билан қопланиши мумкин. Ходимнинг илтимосига биноан иш вақтидан ташқари иш учун белгиланган иш вақтидан ташқари бажарилган иш соатларига тенг келадиган миқдорда отгул берилиши ҳам мумкин. Байрам ёки дам олиш кунидаги иш ёхуд иш вақтидан ташқари бажарилган иш учун бошқа дам олиш куни берилган тақдирда, бундай ишлар учун камида бир баробар миқдорда меҳнат ҳақи тўланади.

Меҳнат кодексининг 177-моддасига кўра, иш берувчи ходимдан унинг меҳнат вазифалари доирасига кирмайдиган ишларни бажаришни, қонунга хилоф ёки ходим ва бошқа шахсларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавф туғдирувчи, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳаракатлар қилишни талаб этишга ҳақли эмас.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Касаба уюшмаси Ишчи гуруҳи томонидан туман ХТБга  тақдимнома киритилди. Тақдимномада:

– Чуст туманидаги 9-умумтаълим мактабида дам олиш кунлари ва меҳнат таътили даврида ободонлаштириш ишларига жалб қилинган 50 фоиз атрофидаги ўқитувчилар рўйхатини тузиб, Меҳнат кодексининг 130,131, 132, 157-моддаларига асосан, отгул бериш ёки икки баробар иш ҳақи тўлаш бўйича буйруқ чиқариш;

– тумандаги барча мактабларда меҳнат қилаётган педагогларнинг таътил олиши ҳолатини қатъий мониторинг қилиш ва келгусида Меҳнат қонунчилиги талабларига ҳамда ходимларнинг меҳнат ҳуқуқлари таъминланишига қатъий риоя қилиш;

– ходимларнинг меҳнат ҳуқуқи бўйича саводхонлигини ошириш мақсадида август ойининг охирида семинар ташкил қилиш каби масалалар ўз аксини топди.

Мазкур тақдимнома талабларини бажариш мақсадида 2019 йилнинг 19 июлида ХТБнинг 63-сонли буйруғи чиқарилиб, ижрога йўналтирилди.

Мазкур ташкилотда ХТБ буйруғи ижроси ва келгусида соҳа ходимларининг меҳнат ҳуқуқлари таъминланиши Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши томонидан қатъий назоратга олинган.

Л.Турикова

Ўзбекистон таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши бош мутахассиси