13.08.2019. Маълумки, спортнинг футбол тури кенг оммалашган бўлиб, барча ёшдаги болалар футбол ўйинига қизиқадилар. Айниқса, маҳалла болалари жам бўлганида бир неча жамоа шаклланиб, қизғин ўйин бошланиб кетади.
Ўсиб келаётган ёшларда оммавий спортга қизиқишни ошириш ва иқтидорини ривожлантириш, спортсеварларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Сирдарё вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ва “Маҳалла” хайрия жамоат фондининг вилоят бўлими ҳамкорлигида “Чарм тўп” мусобақаси ўтказилиши анъанага айланган. Аҳамиятли жиҳатларидан яна бири шуки, ушбу мусобақа энг улуғ ва энг азиз айём – Мустақиллик байрами арафасида ўтказиб келинади.
Куникеча вилоят ҳудудидаги маҳаллаларда истиқомат қилаётган 13 ва 14 ёшли ўсмирлар ўртасида мини футбол бўйича ўтказилаётган мусобақаларнинг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Гулистон шаҳридаги “Гулистон марказий ўйингоҳи”да ўтказилган беллашувларда вилоятдаги барча туман ва шаҳар маҳаллаларининг ҳаваскор футболчи ўсмирлари иштирок этдилар.
Қизиқарли мусобақалар якунида Гулистон шаҳридаги “Улуғобод” МФЙ ёш футболчилари ғолиб бўлдилар. Улар финалда тенгдошлари бўлган “Соҳилобод”лик ёшларни кичик ҳисобда енгиб, республика босқичига йўлланма олдилр.
3-ўринни Сирдарё туманининг “Аҳиллик” маҳалласи ёшлари эгалладилар.
Ғолиб жамоалар кубок ва дипломлар билан тақдирланди.
Шунингдек, иштирокчиларга вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг эсдалик совғалари топширилди.