13.08.2019. Нурота туман халқ таълими бўлимига қарашли 18 умумий ўрта таълим мактабида Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Нурота туман кенгаши ташаббуси билан тармоқ тизимида фаолият юритаётган ёш ходимлари ўртасида Ўзбекистон Республикасининг “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонун лойиҳасининг кенг муҳокамасига бағишланган йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда сўзга чиққанлар, ёшларнинг давлат ва жамият учун нечоғли аҳамиятлилиги, мамлакатимизда амалга оширилаётган шиддатли ислоҳотларда касаба уюшмалари ёшларининг ҳам фаол ва муносиб иштирокини таъминлаш муҳим ҳисобланиши, шу маънода, айниқса, янги қонун лойиҳасида ёшларга алоҳида эътибор қаратилганлиги, уларнинг касаба уюшмасига бирлашиш ҳуқуқи акс эттирилгани нечоғлик қувонарли ҳолат эканлигини таъкидлади.
Таъкидландики, мустақиллигимизнинг илк йилларида қабул қилинган амалдаги қонун бугунги кун талабларига жавоб бермаяпти. Мамлакатимизда демократик жамият, фуқаролик жамияти қурилаётган экан, қамрови жиҳатидан республикада энг катта жамоат ташкилоти бўлмиш касаба уюшмаларининг фаолиятини такомиллаштиришни замоннинг ўзи тақозо этмоқда. Янги, мукаммалроқ қонунга эҳтиёж туғилганининг асосий сабаби ҳам шунда.
Юртимизда сўнгги уч йилда барча жабҳаларда рўй бераётган улкан ўзгаришлар, хусусан, касаба уюшмалари фаоллиги ошгани, қолаверса, иш берувчилар томонидан фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга риоя этиш, меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсиз меҳнат шароитларини таъминлаш соҳасидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этилиши устидан давлат назорати ва текширувини амалга ошириш, иш куни муддати, иш ҳақи, меҳнат хавфсизлиги, болалар меҳнатидан фойдаланиш тўғрисидаги қоидалар қўлланишини таъминлаш мақсадида қонунчилик ташаббуси илгари сурилди. Қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда эса, аввало, унинг мукаммаллиги, соҳага доир барча қонуности ҳужжатларига мослиги ва хориж тажрибасини ўрганишга эътибор қаратилди.
Хусусан, қонун лойиҳасида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган, шунингдек олий ёки ўрта махсус, касб таълим муассасасаларида ўқаётган ўн беш ва ундан катта ёшдаги Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ўзларининг манфаатларини ҳимоя қилиш учун ўз танловлари бўйича касаба уюшмаларини тузиш, уларга аъзо бўлиш, касаба уюшмаси фаолияти билан шуғулланиш ва касаба уюшмасидан чиқиш ҳуқуқига эгалиги белгиланганлиги ёшлар эътиборини тортди.
Ёшлар ушбу йўналиш бўйича ўз фикр ва мулоҳазаларини изҳор этди.
-“Касаба уюшмалари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини диққат ва эътибор билан ўқиб чиқдим,- дейди Нурота туман халқ таълими бўлими ёшлар билан ишлаш комиссияси раиси Тоҳир Муҳиддинов. – Ҳақиқатан ҳам ушбу қонунда касаба уюшмаларига кўплаб ваколатлар берилмоқда. Улар келгусида касаба уюшмалари нуфузини янада оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.
Қизғин савол-жавоблар ва мулоҳазаларга бой руҳда ўтган муҳокамада “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонун лойиҳасининг айрим бандлари юзасидан ёшлар ўз таклифларини билдиришди.
Дилафрўз Ўрозова
Навоий вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раисининг ёшлар масалалари бўйича маслаҳатчиси