[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

20.08.2019. Ишхонадаги ҳар жиҳатдан соғлом ва қулай, хавфсиз меҳнат шароити яратилиши кишининг ғайратига ғайрат қўшиб, ишчанлик кайфиятини янада оширади.
Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги тизимидаги ташкилот ва корхонларнинг масъул ходимларини меҳнат муҳофазаси бўйича асосий тушунчалар, қоида ва йўриқномалар билан таништириш мақсадида ташкил этилган давра суҳбатида ҳам шулар хусусида сўз юритилди.
Тадбирда бугунги кунда вазирлик тизимидаги корхона ва ташкилотлар, корхоналар томонидан ишчи-ходимларга яратилган хавфсиз иш ўринлари, меҳнат муҳофазаси бўйича шарт-шароитлар ҳақида маълумотлар берилди. Жумладан, соҳа ходимлари махсус кийимлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, пойабзаллар ҳамда техник хавфсизлик жиҳатдан зарур асбоб-ускуналар билан таъмирланганлик борасида олиб борилаётган ишлар эътироф этилди. Айниқса, иш берувчи томонидан ишчи ходимнинг ҳар томонлама шароитини, саломатлигини, ишга лаёқатини ўрганиб чиқиб, кейин иш бериш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
– Иш берувчи ва ишчи ходим ўртасидаги келишувга шунчаки кўз билан, меҳнат шартномасида, дея қараш у қадар тўғри эмас, – дейди  Ўзбекистон ахборот технологиялари ва оммавий коммуникация ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг меҳнатни муҳофаза қилиш бош мутахассиси Ботир Мирзаев. –  Чунки ходим бир хонадоннинг боқувчиси ёки бўлмаса бир оиланинг боши, норасида гўдакларнинг онаси, ё бўлмаса ота-онасининг бўйи етган ўғил-қизи бўлиши мумкин. Корхона ва ташкилотларнинг масъул ходими, иш берувчи сифатида ўз вазифасини тўғри англагани ҳолда, ишчининг манфаатларини ҳам ҳисобга олиши икки томонни бирдек муросага келтирувчи кўприк вазифасини ўтайди.
Давра суҳбатида корхонада меҳнатни муҳофаза қилиш ҳамда ходимларга яратилган меҳнат ва маиший шароитлар аҳволини жамоатчилик тартибида назорат қилишда хавфсизлик техникаси ва ишлаб чиқариш санитариясига оид амалдаги қоида ва меъёрлар бузилишларини бартараф этиш юзасидан зарур чора-тадбирларнинг ишлаб чиқилиши ва амалга оширилиши юзасидан ҳам керакли тавсиялар берилди.
— Меҳнат муҳофазаси фонди маблағларини корхона ва ташкилотлар касаба уюшмасининг жамоатчилик назоратини олиб бориш орқали тўғри ва мақсадли йўналтириш жоиз, – дейди Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат вазирлигининг Тошкент шаҳар давлат меҳнат инспекцияси бошлиғи ўринбосари Абдулла Мўминов. – Иш берувчи меҳнаткашлар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг тиббий кўригига алоҳида аҳамият қаратиш баробарида, зарур бўлса ходимга нисбатан меҳнат муҳофазаси талаб даражасида бўлмаган ҳолатда ишни тўхтатиши керак. Қолаверса, зарарли меҳнат омилларида эҳтиёт чораларини кўриш, соғлиғига қараб иш бериш, суғурта компаниялари ўртасида тендер ўтказиб ходимларни суғурталаш лозим. Қачонки, иш берувчи ишчига «бу менинг қизим, бу менинг ўғлим» деган инсоний муносабатда бўлса, меҳнат муҳофазасига панжа орасидан қарамаса, айнан корхона-ташкилотларда баъзида учраб турадиган бахтсиз ҳодисалар кузатилмайди. Бизнинг барча саъй-ҳаракатларимиз инсон омили билан боғлиқ нохуш ҳодисаларнинг олдини олишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Қизғин баҳс-мунозаралар билан ўтган давра суҳбатида иштирокчилар иш берувчи ва ишчи ўртасидаги масъулият, талаб катта бўлса, натижа ҳам ижобий, салмоқли ва ҳаёт бахтли ҳодисаларга бой бўлади, деган хулосага келишди.