[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

26.08.2019. Қишлоқ хўжалигида меҳнат муҳофазаси қай даражада ташкил этилган? Оддий фермердан тортиб, ишчилар-у тракторчилар учун меҳнат муҳофазасига оид шарт-шароитлар яратиб берилганми?

Очиғини айтганда, қишлоқ хўжалигида меҳнат муҳофазаси масаласи жудаям эътиборталаб мавзу. Далада ишлайдиганларнинг меҳнат муҳофазаси ҳақида тушунчаси йўқ даражада. Масалан, далада ишлаётган шундай тракторчи ва комбайн­чилар ҳам борки, улар бошқараётган техника воситалари меҳнат муҳофазасининг меъёрий талабларига умуман жавоб бермайди. Механизаторлар баҳор ва куз ойларида совқотиб, ёзда эса иссиқдан «эриб» ишлайди.

Техникаларнинг созлиги ва мавсумга шайлиги учун масъул бўлган ташкилотлар жойларда йўқ ҳисоби. Эртадан кечгача даладан бери келмайдиганлар ўз ҳақ-ҳуқуқларини билишмайди.
Шу жиҳатлар эътиборга олинган ҳолда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси томонидан 2018 йилда ­«Қишлоқ хўжалигида меҳнат муҳофазаси ва хавфсизлигини таъминлаш лойиҳасини амалга ошириш юзасидан 2018-2020 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар дастури» ишлаб чиқилган эди.
Ҳозирда мазкур Ҳаракат дастури ижросини таъминлаш мақсадида бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Навбатдаги тадбирлардан бири «Тошкентвино» акциядорлик жамиятида бўлиб ўтди.

Ўқув-машғулот тарзида ўтказилган ушбу тадбирда Ҳаракатлар дастури ижросини таъминлаш борасида жорий йилнинг етти ойи давомида идоралараро Ишчи гуруҳ амалга оширган ишлар муҳокама қилинди. Келгусидаги вазифалар белгилаб олинди. Келгусида жойларга кўпроқ чиқиб, фермер ва ишчилар билан бевосита мулоқатда бўлиш ва уларнинг муаммоларини кўтариб чиқиш ҳақида таклифлар айтилди.

Тадбирда сўзга чиққан Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси ­Республика кенгаши раиси вазифасини бажарувчи Тўхта Бозоров, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Нодира Каримова ва бошқалар қишлоқ хўжалигида меҳнат муҳофазаси ҳамда хавфсизлигини таъминлаш ҳамда бу борада амалга оширилиши зарур бўлган муҳим чора-тадбирларга тўхталиб ўтди.
Семинар сўнгида иштирокчилар корхонанинг ишлаб чиқариш фаолияти ҳамда ходимлар учун яратилган меҳнат шароитлари билан яқиндан танишдилар.

Алижон Абдураҳмонов