28.08.2019. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳасининг Республика босқичидаги муҳокамаси бўлиб ўтди.
Маълумки, касаба уюшмаларини ташкил этиш ва уларнинг фаолияти, фуқароларнинг касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқларини рўёбга чиқариш соҳасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солиш мақсадида “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси бир гуруҳ депутатлар ташаббуси билан ишлаб чиқилди. Жорий йилнинг июль ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Касаба уюшмалари тўғрисида»ги Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилиб, депутатлар томонидан концептуал жиҳатдан маъқуллангач, Қонунчилик палатасининг қарорига мувофиқ Қонун лойиҳасини жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш белгиланган эди.
Қонун лойиҳасини маромига етказишда аҳолининг муносабатини ўрганиш, фикр-мулоҳазалари ва таклифларини олиш мақсадида мазкур Қонун лойиҳасининг матни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг веб-сайти – «parliament.gov.uz»га ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг “kasaba.uz” веб-сайтига жойлаштирилди. Шундан сўнг, қонун лойиҳаси юзасидан кўплаб таклифлар келиб тушаётгани инобатга олиниб, мамлакатимизнинг барча ҳудудларида қонун лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамалари ўтказилди. Ҳудудларда ташкил этилган муҳокамалар чоғида иштирокчилар томонидан ўртага ташланган қатор таклифларнинг ёзма жамланмаси лойиҳани янада мукаммаллаштиришда фойдаланиш учун Қонунчилик палатаси депутатларига тақдим этилди. Қонунчилик палатаси депутатлари, Касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда манфаатдор вазирликларнинг мутахассис ҳамда экспертларидан ташкил топган Ишчи гуруҳи томонидан Қонун лойиҳаси юзасидан тушган таклифлар таҳлил этилиб, лойиҳани янада такомиллаштириш ишлари олиб борилмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясида ташкил этилган “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонун лойиҳасининг Республика босқичидаги муҳокамасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари, қатор вазирлик ва идоралар, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Ўзбекистон иш берувчилар Конфедерацияси, жамоат ташкилотлари, тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари мутасаддилари, касаба уюшма фаоллари ва оммавий ахборот воситалари вакилари иштирок этдилар
Қонун лойиҳасининг жамоатчилик муҳокамаларини ташкил этиш қонун ижодкорлигидаги ижобий қадамлардандир, дея таъкидланди жумладан, муҳокама йиғилишида. Авваллари, қонун қабул қилингач, тарғибот ишлари амалга оширилган бўлса, эндиликда лойиҳа жамоатчиликка тақдим этилиб, фикрлар, таклифлар жамланмоқда. Қонун лойиҳаси шу тарзда пишитиб борилмоқда. Бу нафақат қонун ижодкорлари иш сифатининг ошиши билан боғлиқ жараён, балки қонунни амалиётга қўллашдан манфаатдор тарафнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилашда лўнда, аниқ асосларни шакллантириш жараёни ҳамдир.
Таъкидлаш зарурки, бугун тараққиёт шиддати тезлашди, замон, имконият ва меҳнат шароитлари тубдан ўзгариб бормоқда. Меҳнат шароити ва меҳнат муносабатларининг миллий ва халқаро меҳнат стандартлари асосида ташкил қилинаётгани ўз-ўзидан ходимлар манфаатини ҳимоя этишда янгича услубларга таянишни тақозо этмоқда. Амалдаги «Касаба уюшмалари, уларнинг ҳуқуқлари ва фаолиятининг кафолатлари тўғрисида»ги Қонун қабул қилинган даврдан, яъни, 1992 йилдан бери кўп нарсалар ўзгарди. Хусусан, рақамли иқтисодиёт ва меҳнатга ҳақ тўлашнинг замонавий шакллари пайдо бўлган бугунги кунда мазкур қонун имкониятлари чекланиб қолди. Ҳаётий зарурат янги қонунга эҳтиёж борлигини кўрсатиб берди. Бугун жойларда янги қонун лойиҳаси юзасидан кўплаб фикр ва мулоҳазалар билдирилмоқда, ҳудудлардан касаба уюшмасининг фаолиятига бефарқ бўлмаган фуқаролардан кўплаб таклифлар келиб тушмоқда.
Муҳокамалар аввалида сўз олганлар қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёни, мақсад, зарурат ва ундаги янгиликлар ҳақида кенг тушунча бердилар. Хусусан, мазкур қонунни ишлаб чиқиш жараёнида амалдаги қонунчилик ва қўллаш амалиёти чуқур таҳлил этилгани таъкидланди. “Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш жараёнида авваламбор, миллий-ҳуқуқий қонунчилик ва амалиётга асосланиш билан бирга, хорижий тажриба, Ғарб, Шарқ, МДҲнинг бу борадаги тажрибалари ўрганилиб, керакли жиҳатларга эътибор қаратилди. Шунингдек, халқаро стандартлар, хусусан, Халқаро меҳнат ташкилотининг конвенциялари, Бирлашган миллатлар ташкилотининг қатор пактлари, универсал халқаро шартномаларига таянилди. Шундан сўнг депутатлар муҳокамасига қўйилди.
Қонун лойиҳаси муҳокамага киритилгунга қадар қонун лойиҳаси, лойиҳанинг концепцияси, хорижий тажриба, халқаро стандартларга қай даражада мувофиқлигини асословчи ҳужжатлар тақдим этилди. Бунда Ўзбекистоннинг ўзи қўшилган халқаро ҳужжатларга, ратификация қилинган Конвенцияларга мувофиқлигига таяниб иш тутилди.
Таъкидлаш жоизки жамоатчилик муҳокамалари чоғида берилаётган таклифлар чуқур ўрганиб чиқилиб, лозим топилганлари ҳужжатда акс этишига алоҳида эътибор қаратилди. Қонун лойиҳаси амалиётчилар, яъни касаба уюшма фаоллари томонидан бир қанча таклиф, ўзгартириш ва қўшимчаларни инобатга олган ҳолда узоқ вақт мобайнида пишитиб борилиб, муҳокама чоғида ўртага ташланди ҳамда қонун ижодкорларининг муносабатлари эътиборга олинди.
Алоҳида қайд этиш зарурки, янги қонун лойиҳасида фуқароларнинг касаба уюшмаларига бирлашиш имонияти кенгаймоқда. Амалдаги қонунда “ходимлар касаба уюшмасига бирлашиш ҳуқуқига эга” дейилган бўлса, лойиҳада бу конституциявий ҳуқуқ даражасида кенгайтирилиб, Ўзбекистон фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, чет эл фуқароларининг касаба уюшмаларига бирлашиш ҳуқуқи кўзда тутилган. Бу халқаро ҳуқуқ тамойилларига мос келадиган меъёрдир. Шунингдек, амалдаги Қонунга биноан касаба уюшмалари корхона-ташкилотларда тузилиши белгиланган бўлса, янгисига мувофиқ эса барча иш ўринларида касаба уюшмалари тузиш мумкин бўлади.
Халқаро меҳнат ташкилотининг 98-сонли конвенциясига кўра, касаба уюшмалари мустақиллигини таъминлаш учун иш берувчилар касаба уюшмаси таъсисчиси ва сайлаб қўйиладиган органи аъзоси бўла олмайди. Муҳокама этилаётган қонун лойиҳасида мазкур жиҳатлар эътиборга олинган бўлиб, касаба уюшмалари ва иш берувчилар ташкилотларининг бир-биридан мустақиллигини таъминлашга хизмат қилади.
Амалдаги қонун 27 йилдан буён амал қилмоқда ва шу давр ичида меҳнат бозорида рўй берган катта ўзгаришларни ўзида акс эттирмайди. Ўтган давр ичида меҳнат бозорида рўй берган ўзгаришларни касаба уюшмалари фаолиятида ифодалаш учун янги қонунга касаба уюшмаларининг жамоатчилик назорати, касаба уюшмаларининг жамоатчилик инспекциялари ва меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик масалаларига тааллуқли янги боблар киритилди. Хусусан, Касаба уюшмаларининг жамоатчилик назоратини амалга оширишдаги ҳуқуқлари лойиҳада тўла баён этилиб, унинг энг яхши инструментларидан бири касаба уюмалари инспекциялари ҳақида аниқ нормалар кўрсатиб ўтилди.
Касаба уюшмлари бирлашмаларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишдаги иштироки кафолотлари кучайтирилганини ҳам муҳим янгиликлар сирасига қўшиш мумкин. Айни пайтда касаба уюшмалари Федерацияси бундай ваколатга эга бўлса, эндиликда республика миқёсидаги касаба уюшмалари бирлашмаларининг барчаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда иштирок этиши мумкин. Шу ўринда қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда мазкур соҳа бўйича етакчи ҳорижий давлатларнинг қонунчилиги ва тажрибаси ўрганилгани, халқаро ҳужжатлар – Халқаро меҳнат ташкилотининг конвенциялари талаблари эътиборга олинганини таъкидлаш зарур.
Бундан кейин мазкур қонун билан касаба уюшмалари ўз аъзоларининг манфаатини ифода этувчи ташкилот сифатида ижтимоий шериклари, халқаро термин билан ифода этганда, трипартизм вакиллари билан ходим манфаати юзасидан судларгача бориши мумкин. Шунинг учун ҳам мазкур қонун аниқ, лўнда, тушунарли ёзилган. У касаба уюшмалари фаолиятининг тўлиқ ва изчил амалга оширилишида етарли, зарур ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилишига шубҳа йўқ. Янги қонун қабул қилиниши касаба уюшмалари тизимида фаолият олиб бораётган аъзоларнинг аниқ тушунчаларга эга бўлишига, ишларни ташкил этишда, ходимларнинг ҳимоясини тўғри амалга оширишда кўмаклашади.
“Касаба уюшмалари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинганидан сўнг, жамоатчилик назоратининг қонун билан белгиланган янги шаклларини жорий этиш, инспекциялар фаолиятини ташкил қилиш, касаба уюшмалари аъзоларининг меҳнат хуқуқи маданиятини янада юқори даражага кўтариш, ходимларга муносиб меҳнат шароитлари яратишга эришилади. Қонундаги татбиқ қилинган халқаро меҳнат стандартлари мамлакатимиз касаба уюшмаларининг дунё ҳамжамиятига янада интеграциялашувига имкон беради.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати