13.09.2019. Юртимизда биргина 2018 йилда ишлаб чиқариш билан боғлиқ 554 та бахтсиз ҳодиса содир бўлди. Бу кичик рақам эмас.
Хўш, меҳнатни муҳофаза қилиш мутахассислари бугунги кунда ўз зиммасидаги бурчни қай даражада уддаламоқда? Тинимсиз фаолият юритилиши, назорат, тарғибот ишларига урғу берилишига қарамай, бахтсиз ҳодисалар содир бўлаётганини нима билан изоҳлаш мумкин?
Наманган вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмасида ташкил этилган «Меҳнатни муҳофаза қилиш мутахассисларининг ҳозирги кундаги ўрни» мавзусидаги давра суҳбатида айни шу хусусда сўз юритилди. Унда касаба уюшма фаоллари, вилоят Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси, шунингдек, корхона, ташкилот ва муассасалардаги меҳнат муҳофазаси бўйича вакиллар иштирок этди.
– Ҳар қандай киши муайян фаолият билан шуғулланар экан, шу жойдан маош оламан, оиламни боқаман, деган ўй билан ишга келади, – деди давра суҳбатида ВКУТБ бўлим мудири Мирзанозир Қорабоев. – Ходим учун муносиб иш ўрни яратиш эса касаба уюшма фаолларининг ҳам, меҳнат муҳофазаси бўйича вакилларнинг ҳам биринчи галдаги вазифасидир. Меҳнат муҳофазаси борасида арзимас нарсанинг ўзи йўқ. Вақтида тузатиб қўйилмаган, очилиб қолган электр сими ёки ускунанинг яхши ёпилмаган қопқоғи жуда аянчли оқибатларни юзага келтирувчи воқеаларга сабаб бўлиши мумкин. Шундай экан, иш ўрнини доимий назорат қилиш, тартибга келтиришда жавобгарликни ҳис қилишни ўзимиздан бошлашимиз шарт.
Давра суҳбатида мутасаддилар ходимлар меҳнатини муҳофаза қилишни ташкил этишга доир ишларни янада такомиллаштириш, уларнинг самарадорлигини оширишга доир масалаларга эътибор қаратди. Тажрибалар кўрсатмоқдаки, хавфсизлик маданиятининг юқори даражада бўлиши ходимларга, иш берувчиларга ва Ҳукуматга бирдек наф келтиради.
Қайд этилишича, бахтсиз ҳодиса ва касб касалликлари кўп ҳолларда иқтисодиётнинг бошланғич секторида, яъни қишлоқ хўжалиги, балиқчилик, қурилиш, саноат ва кончилик соҳаларида юз бермоқда.
Хўш, бунинг сабаби нимада?
Жавоб оддий: ходимларнинг билим даражаси етарли эмаслиги, меҳнат хавфсизлиги қоидаларини ўрганмагани, ёнғин, хавфли моддалар билан нотўғри мулоқот, шунингдек, норасмий иқтисодиёт ўлим кўрсаткичларининг ошишига олиб келади.
Биргина мисол: қурилишда ишловчи Баҳромжоннинг асосий вазифаси арқон ёрдамида турли оғирликдаги юкларни юқорига узатиб бериш. У бепарволик қилиб, махсус қўлқоп кийишни ўзига ошиқча иш деб қарайди. Ғишт уриш учун қоришмани арқон ёрдамида тортиб бераётган кунларнинг бирида арқон қўлидан сидирилиб кетади. Оғир юк таъсирида ишқаланиш туфайли арқон Баҳромжоннинг қўлини кесиб юборади. Шу каби ҳолатлар зарур ҳимоя воситаларидан фойдаланишни истамаган ходимлар билан содир бўлмоқда.
Қолаверса, раҳбар, муҳандис техник-ходимлар ва мутахассислар ўзларининг лавозим вазифалари, йўриқномалари талабларини етарлича бажармаслиги, меҳнатни муҳофаза қилиш қоида ва меъёрлари талабларига амал қилмаслиги ва бу борада масъул шахсларнинг раҳбарлик назоратини сусайтиргани ҳам бу каби аянчли воқеаларга сабаб бўлаётир.
Республикамизда ноқулай меҳнат шароитларида ишлаётган ходимларга қонунчиликда белгиланган тартибда имтиёз ва кафолатлар белгилаб берилган. Жумладан, юқори тариф ставкаларда белгиланган меҳнат ҳақи, қисқартирилган иш вақти, қўшимча меҳнат таътили, бепул даволаш-профилактикаси, озиқ-овқатлар, имтиёзли пенсиялар. Бугунги кунда 300 мингга яқин ходим мунтазам равишда ушбу имтиёз ва кафолатлар билан таъминланмоқда.
Таъкидланишича, вилоятда бу борада салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, ўтган 6 ой мобайнида ташкилотларнинг меҳнатни муҳофаза қилиш тадбирлари учун қилган харажатлари 7 миллиард 219 миллион 815 минг сўм, шу жумладан, якка тартибда ҳимояланиш воситаларига бўлган харажатлар (махсус кийим-бош, махсус пойабзал ва бошқалар) 3 миллиард 263 миллион сўмдан зиёд, махсус таомлар ҳамда бошқа харажатларга эса 3 миллиард 956 миллион 815 минг сўм сарфланган. Рақам катта, бироқ… Бу эса соҳада қатъий ҳамкорликни давом эттиришни тақозо этади.
Давра суҳбатида кўтарилган муаммоларнинг ечими юзасидан тегишли тавсиялар ишлаб чиқилиб, вилоят меҳнаткашларининг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатлари ҳимоясини янада кучайтириш мақсадида тегишли органларга тақдим этилди.
Дилдора Мирзакаримова