25.09.2019. Жорий йилнинг 21 сентябрь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг телеграмм канали орқали Аноним мурожаат келиб тушди.
Мурожаатда айтилишича Тошкент вилоятининг Ангрен шаҳридаги маҳаллаларда аҳолидан пахтага деб пул йиғилаётган экан. Бундай ҳолатдан норози бўлган фуқаролар Касаба уюшмалари Федерациясидан ёрдам сўраганлар.
Мазкур мурожаатни ўрганиб чиқиш мақсадида Ангрен шаҳридаги “Гулбоғ”, “Янгигўштсай” ва “Ғофур Ғулом” маҳалла фуқаролар йиғинлари худудида уйма-уй юриб очиқ мулоқотлар ўтказилди ва ҳолат ўрганилди.
Ўрганишлар натижасида мазкур ҳудудда яшайдиган 18 нафар фуқародан 30 000 сўмдан пахтага деб пул йиғиб олингани маълум бўлди. Касаба уюшмалари аралашуви натижасида 18 нафар фуқаронинг барчасига пуллари қайтариб берилди.
Ушбу ҳолат бўйича тегишли ҳуқуқий чора кўриш учун Давлат меҳнат инспекциясига хабар берилди.