09.10.2019. Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида жойлашган “206-сон қурилиш монтаж корхонаси” МЧЖ да сувоқчилик вазифасидан бошлаб, мастер лавозимигача кўтарилган Шароф Рахматов, 1973 йилнинг 24 сентябрь куни йўл-транспорт ҳодисаси натижасида оғир тан жароҳати олиб, бир қўлидан ажралган. Содир бўлган бахтсиз ҳодиса комиссия ёрдамида махсус текширилиб, “206-сон қурилиш монтаж корхонаси” МЧЖ томонидан 25 сентябрь 1973-йилда Н-1 шаклидаги далолатнома расмийлаштирилган.
Орадан 35 йил ўтганидан сўнг, Ш.Рахматов соғлиғига етказилган зарар учун тўловлар олиш ҳуқуқи мавжудлигини билиб қолган ва вилоят Бош бандлик бошқармасига корхона томонидан унга зарар тўловлари тўғри тўланишини талаб қилиб мурожаат қилган. Шундан сўнг корхона Ш.Рахматовга соғлиққа етказилган зарар учун тўланадиган тўловларни меъёрий ҳужжатлар талабларига риоя қилмаган ҳолда ўзи билганича тўлаб келаверган, аммо фуқаро олаётган тўловлардан қаноатланмаганлиги боис, Бухоро вилояти касаба уюшма ташкилотлари Бирлашмаси кенгашига ариза билан мурожаат қилган.
Фуқаронинг аризаси атрофлича ўрганиб чиқилди ва корхонанинг фуқародан 9 784 380 сўм миқдорида қарзи мавжудлиги аниқланиб, корхона раҳбарияти билан музокара олиб борилди. Музокаралар натижа бермаганидан сўнг корхона раҳбарига касаба уюшмалари томонидан тақдимнома киритилди. Ўз навбатида корхона тақдимномани ижро этишдан бош тортиб, судга мурожаат қилиш мумкинлигини оғзаки равишда билдирди.
Бухоро вилояти касаба уюшма ташкилотлари Бирлашмаси кенгашининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими томонидан даъвогар сифатида фуқаро Ш.Рахматовнинг манфаатини кўзлаб фуқаролик ишлар бўйича Ғиждувон туманлараро судига даъво ариза киритилди.
Суд томонидан узоқ вақт давомида олиб борилган ўрганишлар натижасида Ш.Рахматов фойдасига 7 252 896 сўм миқдоридаги зарар тўловини тўлаб берилиши тўғрисида қарор қабул қилиниб, фуқаронинг талаби қондирилди.