[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

18.10.2019. Жамоатчилик комиссияси Яккасарой туманидаги мавжуд ҳолат билан танишди.

Халқимиз қуйидаги иборани бугунги кунлар учун атайин топиб айтгандек:
Ҳар бир ишнинг вақти бор,
Вақтин билганга омад ёр.

Дарҳақиқат, қиш яқинлашмоқда. Олдинда қорли-қировли кунлар турибди. Мавсумга тайёргарликни пухта қилган, бу ишларни ўз вақтида амалга оширган инсон ҳам, мутасаддилар ҳам синовли фаслни бехавотир кутиб олиши мумкин. Лекин ҳамма жойда ҳам шундайми?
Жамоатчилик комиссияси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда бошқа мутасадди идоралар ҳамкорлигида куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини кўздан кечириш, муаммоли масалаларни ҳал этиш учун туманларда ташкил этилаётган учрашувларда ана шу саволга жавоб изланиб, аҳоли билан очиқ мулоқотлар ташкил этилмоқда.

Яккасарой туманида бўлиб ўтган нав­батдаги учрашувда ҳудуддаги мавжуд ижтимоий соҳа объектлари, жумладан, таълим муассасаларида куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича амалга оширилган ишлар муҳокама қилинди. Ишчи гуруҳ аниқлаган ҳолатлар, амалга оширилган ишлар ҳамда ҳал этилиши зарур бўлган муаммолар кўриб чиқилди.
Жумладан, Юнус Ражабий номли маҳалладаги 91-умумтаълим мактабининг биринчи биноси ҳозирги кунда таъмирталаб ҳолда бўлиб, айнан шунга кўра унда ўқув жараёни кетмаяпти. Шу маҳалладаги 250-мактабгача таълим муассасаси ертўласидаги канализация қувуридан сизиб чиқаётган сув эса бинога жиддий зарар етказиши мумкинлиги айтиб ўтилди.
Бундан ташқари, ҳудуддаги кўп қаватли турар жойларда ҳам аҳвол қониқарли даражада эмас. Айрим уйларнинг ертўласидаги чириган сув қувурлари тўлиқ алмаштирилмаган, томининг бурчак қисмидан чакка ўтиши натижасида ёриқлар пайдо бўлган. Баъзи уйларнинг ертўласида канализация қувурлари ёрилган. Шунингдек, иссиқлик энергияси тармоғидаги носозлик­лар, тарнов ўрнатилмагани боис чакка ўтиб захлаб бораётган хонадонлар, маиший чиқиндиларни йиғиш майдончаси йўқлиги ҳамда айрим уйларнинг иситиш тизимлари ювилмагани ва босим остида текширилмагани ҳам қайд этилди.
Ҳудудда аксарият мактаблар ва мактабгача таълим муассасаларидаги ҳолатнинг қониқарли даражада эмаслиги, мутасаддиларнинг сусткашлиги сабабли ҳал этилмаётган масалаларни белгиланган муддатда бартараф этиш, бунинг учун барча куч ва имкониятни сафарбар этиш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилишда, шунингдек, маҳалла раислари, мактаб директорлари, боғча мудиралари, кўп қаватли уйларда яшовчи аҳолининг куз-қиш мавсумига ҳозирлик кўриш бўйича шикоят ва таклифлари тингланди.
Жорий йилда қиш мавсумига пухта ҳозирлик кўриш, куз-қиш даври бўйи­­ча қабул қилинган дастурларни амалга оширишда туман ҳокимлиги, масъул идоралар ҳамкорлигида тайёргарлик ишларини назорат қилиб, мавжуд камчилик­ларни бартараф этиш, иссиқлик, электр, газ ва сув таъминотини, умумий фойдаланиш жойларини, лифт ускуналарини тартибга келтириш, ҳудудларда санитария ҳолатини яхшилаш, ободонлаштириш, хусусан, коммунал хизматлардаги камчилик­ларни ҳамжиҳатликда бартараф этиш муҳимлиги айтиб ўтилди.
Уй-жой фонди, коммунал хизмат кўрсатиш ва ижтимоий соҳа объектларини иситиш мавсумига тайёрлаш, куз-қиш мавсумида барқарор ишлашини таъминлаш, ҳудудларнинг санитария – тозалик ҳолатини яхшилаш бўйича тегишли вазифа ва топшириқлар берилди.

Аъзам Абулфайзов