12.02.2020. Икки томонлама манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама этиш ҳамда тажриба алмашиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясига ташриф буюрган Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси вакиллари мамлакатимиз касаба уюшмалари тизимида фаолият кўрсатаётган ўқув ва соғломлаштириш муассасалари, қайта алоқа механизми, шунингдек, Федерация Кенгаши бўлимлари ва тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Хусусан, меҳмонлар Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Малака ошириш институтида бўлиб, дизайн жиҳатидан бир-бирини такрорламайдиган замонавий ўқув аудиториялари, энг сўнгги русумдаги барча зарур жиҳоз ва воситалар билан таъминланган конференц зал, ҳар томонлама қулай шароитлар яратилган ахборот ресурс маркази, интернет тармоғига уланган компьютер зали, ахборот коммуникация технологиялари тармоғининг сифатли хизмат кўрсатишини таъминлаб берувчи сервер блокини кўздан кечирдилар. Делегация вакиллари институт фаолияти билан танишар эканлар, ушбу масканда тингловчилар учун яратилган шарт-шароит ва қулайликларни ҳамда таълим бериш тизимини юқори баҳоладилар. Жумладан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан давр талабидан келиб чиққан ҳолда касаба уюшма фаолларини ўқитиш тизимини тубдан такомиллаштириш мақсадида техник жиҳатдан жаҳон стандартларига мос келувчи Малака ошириш институтининг яратилгани – касаба уюшма кадрлари салоҳиятини ҳар томонлама ошириш, айниқса, бошланғич касаба уюшма ташкилотлари етакчиларининг соҳага оид билим ва кўникмаларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидладилар. Шунингдек, масофавий таълим портали орқали бошланғич касаба уюшмалари ташкилотлари раислари ўқувини амалга ошириш, ўқув жараёнлари узлуксизлигини таъминлаш, ўқув жараёнини компьютерлаштириш ва ахборотлаштириш, ахборот-ресурс, ўқув-услубий базаларни юритиш борасидаги ишлар билан танишиш жараёнида ўзлари учун кўплаб фойдали тажрибаларни ўрганганиш имконига эга бўлганларини эътироф этдилар.
Шундан сўнг Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси вакиллари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси қошида ташкил этилган Юридик клиника фаолияти билан яқиндан танишдилар. Юридик клиника орқали фуқароларнинг ижтимоий ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш, миллий ва халқаро меҳнат стандартларидан хабардорликларини ошириш, болалар ва мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик борасида олиб борилаётган ишлар меҳмонларда катта таассурот қолдирди. Айниқса, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Юридик клиникаси негизида ташкил этилган Қайта алоқа механизми доирасида Call-Center ва Телеграмм тармоғида махсус бот ташкил этилгани, уларга фуқаролар ёзма, оғзаки ва интернет тармоғи орқали мурожаат қилиб, ижтимоий-меҳнат муносабатлари ҳамда ҳуқуқлари тўғрисида бепул маслаҳатлар олиш имкониятининг яратилгани делегация аъзолари эътиборини тортди. Юридик клиника фаолияти билан танишиш жараёнида меҳмонлар ходимлар мурожаатлари билан ишлаш соҳасида ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Навбатдаги танишув объекти Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Даволаш профилактика маркази ҳамда “Турон” санаторийси бўлди. Мазкур соғломлаштириш муассасалари фаолияти билан танишиш жараёнида делегация аъзолари дам олиб, даволанувчиларга яратилган шарт-шароитлар, уларга тиббий хизмат кўрсатиш ишларининг юқори сифатли ташкил этилгани таҳсинга сазовор эканлигини таъкидладилар. Айниқса, Даволаш профилактика марказининг энг сўнгги русумдаги замонавий тиббий асбоб-ускуналар, диагностик текширув аппаратлари билан таъминлангани, биохимик таҳлил лабораторияси фаолияти, даволанувчилар учун ётоқ мажмуаларида яратилган шарт-шароитлар юқори баҳоланди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси нашри бўлган “Ишонч” ва “Ишонч-Доверие” газеталари таҳририятида ташкил этилган учрашув меҳмонларда алоҳида қизиқиш уйғотди. Ижодий жамоа билан суҳбатлар жараёнида газеталарнинг мазмун-мундарижасини бойитиш, газетхон учун қизиқарли бўлган мавзуларни қамраб олиш борасидаги саъй-ҳаракатлар мазкур нашрлар ададини ошириш имконини бераётгани алоҳида таъкидланди. Бугунги кун учун долзарб бўлган мавзулардаги танқидий мақолалар ва уларнинг муаммолар ечимини топишдаги аҳамиятига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Ташриф давомида делегация вакиллари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси аппаратининг бўлимлари, Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси ҳамда Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш, савдо ва хизмат кўрсатиш ташкилотлари ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашлари фаолияти билан ҳам яқиндан танишдилар.
Мазкур тармоқлар мутасаддилари билан учрашувлар давомида агросаноат тармоғи, кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларида меҳнат қилаётган ходимларни касаба уюшмасига тўлиқ қамраб олиш, бу орқали уларнинг ижтимоий ҳимояси ва меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш соҳасида тажриба алмашиш билан бирга келгусида амалга оширилиши лозим бўлган масалалар ҳам муҳокама этилди.
Шунингдек, рақамли иқтисодиётга ўтиш натижасида меҳнат муносабатлари соҳасида ҳам катта ўзгаришлар юз бераётгани, хусусан, меҳнат муносабатларининг янги шакллари юзага келаётгани алоҳида таъкидланди. Шу муносабат билан мавсумий банд бўлган ходимлар, касаначилар, шахсий томорқа хўжаликларида ҳамда чорва молларини парваришлаш билан банд бўлган инсонларнинг ҳам ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, шу мақсадда уларни касаба уюшмаларига жалб этиш, норасмий бандликдан расмий бандликка ўтказиш масалалари иккала томон касаба уюшмалари учун муҳим масала эканлиги боис, қизғин муҳокама этилди.
Самимий суҳбат жараёнида Қозоғистон касаба уюшмалари Федерацияси делегацияси вакиллари Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида олиб борилаётган ишлар билан танишиш улар учун жуда фойдали бўлгани, кўплаб йўналишларда катта тажриба орттирганларини алоҳида таъкидладилар. Айниқса, Ўзбекистон касаба уюшмаларининг нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик йўналишларини юқори баҳолаб, бу борада кўплаб фойдали жиҳатларни ўрганиш имконига эга бўлганликларини мамнуният билан қайд этдилар.
Муҳаббат Ўрмонбекова
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федарацияси Матбуот хизмати раҳбари