[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

18.02.2020. Ўзбекистон Республикаси Президенти топшириғига биноан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков раҳбарлигида тузилган Хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича Республика ишчи гуруҳи фаолиятининг навбатдаги манзили Жиззах вилоятининг Пахтакор тумани бўлди.

Маълумки, мазкур Ишчи гуруҳ фаолиятидан кўзланган асосий мақсад –  мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий аҳволини яхшилаш, бандлигини таъминлаш ва даромадларини кўпайтириш масалаларида амалий ёрдам кўрсатишдир. Худди шу мақсадларда Республика Ишчи гуруҳи вакиллари Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида уйма-уй юриб, 14 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 300 дан ортиқ кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва нотинч оилаларни ўргандилар. Ўрганишлар жараёнида эҳтиёжманд, оғир турмуш шароитларида яшаётган хотин-қизлар билан самимий суҳбат ва мулоқотлар ўтказилиб, уларни қийнаётган муаммолар аниқланди. Асосий эътибор хотин-қизлар кўтараётган масалаларни ҳал этишга қаратилиб, очиқ мулоқотлар жараёнида аниқланган муаммоларни тезкорлик билан ҳал этиш чоралари кўрилди ҳамда ижтимоий-иқтисодий ёрдамга муҳтож хотин-қизларга манзилли ёрдамлар кўрсатилди.

Куни кеча Жиззах вилояти хокимлигида Республика Ишчи гуруҳининг кенгайтирилган йиғилиши ўтказилди. Йиғилишда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси, Республика ишчи гуруҳи раҳбари Қудратилла Рафиков Пахтакор туманидаги хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий ва маиший шароитларини ўрганиш натижаларини таҳлил этар экан, 380 дан ортиқ муаммо аниқланганини алоҳида таъкидлади.

Таҳлилларнинг кўрсатишича аниқланган муаммоларнинг:

23,7 фоизи уй-жой билан таъминлаш ва мавжуд уй-жойини таъмирлаш;

7,7 фоизи саломатлигини тиклаш;

45,5 фоизи моддий ёрдамга муҳтожлик;

8,5 фоизи иш билан таминлаш;

1,6 фоизи тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун кредит ажратиш;

1,2 фоизи коммунал соҳа;

0,5 фоизи оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитнинг нотинчлиги;

0,5 фоизи таълим;

10,2 фоизи бошқа йўналишларга тўғри келди.

Ўрганишлар натижасига кўра аниқланган муаммоларни бартараф этиш юзасидан манзилли ва муддатли “Йўл харитаси” ишлаб чиқилди.

Пахтакор туманидаги Буюк ипак йўли қишлоқ фуқаролар йғинида яшовчи Фазилат Шаҳриева ўзи ҳеч қаерда ўқимаган бўлса ҳам, сингиллари учун ишлаб, ўқишга тайёрлаган ҳамда икки нафар синглиси ўтган йили Олий таълим муассасаси талабаси бўлишга эришган. Айни кунда олий таълим муассасаларида ўқиётган сингилларининг тўлов-шартнома пулларини тўлаш мақсадида таълим кредити олиш учун бир неча маротаба мурожаат қилган, аммо мурожаати ҳал этилмай қолиб кетган. Шундан сўнг қарз-ҳавола қилиб контракт пулларини тўлаган Ф.Шарқиева кимдан кўмак кутишни ҳам билмай сарсон бўлган. Республика Ишчи гуруҳининг кенгайтирилган йиғилиши давомида Фазилат Шарқиеванинг ушбу муаммоси ҳам ҳал этиб берилди.

Кенгайтирилган йиғилиш давомида Пахтакор туманида истиқомат қилаётган эҳтиёжманд ҳамда моддий ва маънавий кўмакка муҳтож 30 нафар хотин-қизга манзилли амалий ёрдамлар кўрсатилиб, муаммоларини ҳал этиш чоралари кўрилди. Хусусан, тумандаги оилавий аҳволи ночор, боқувчисини йўқотган 15 нафар аёлга жами 34,5 миллион сўм моддий ёрдам кўрсатилди. Ижтимоий ҳимояга муҳтож 6 нафар хотин-қиз замонавий тикув машиналари билан таъминланди. Даволанишга муҳтож бўлган 7 нафар хотин-қизга ўзи ва фарзандларининг саломатлигини тиклаши учун Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан санаторийларга бепул йўлланмалар берилиб, ногиронлиги бор хотин-қизларга ногиронлик аравачалари топширилди.

Манзилли ёрдам олганлардан бири кўп йиллардан бери оғир турмуш шароитида яшаб келаётган Шарифа Исмоилова бўлди. Унинг уй-жойи ўта таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Дераза ромлари носозлиги боис ёғин-сочинли кунларда оиланинг шароити янада оғирлашади. Боз устига доимий даволанишга муҳтож фарзандининг парвариши ҳам ўз зиммасида. Ишчи гуруҳи тавсиясига биноан Шарифа Исмоилованинг уй-жойи Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кўмагида таъмирлаб бериладиган бўлди.

4 яшар фарзандим билан барак типидаги уйларда яшаб келмоқдамиз, – дейди  Тумандаги “Тошкент” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Наргиза Халимулина –  Бунинг устига қарздорлик боис уйимиз электр тармоғидан узиб қўйилгани етмагандек, бегона одамнинг электр энергияси бўйича тўлови ҳам зиммамизга тушиб қолган эди. Ҳеч қаерда ишламаганим учун қарздорликни тўлаш имкониятига эга эмасман. Бунинг устига совуқ уйда фарзандимнинг ҳам соғлиғи ёмонлашган. Республика Ишчи гуруҳининг кенгайтирилган йиғилиши давомида менга қарздорликни бартараф этиш ва моддий аҳволимни яхшилашимга кўмаклашишларини эшитиб, жуда тўлқинланиб кеттим. Кўпдан бери ушбу муаммони ҳал қилолмай сарсон эдим. Оддий одамларнинг ҳам муаммолари тезкорлик билан ҳал этилаётганини ўзимнинг ҳаётимда кўрдим. Бунинг учун муҳтарам Президентимизга катта раҳмт.

– Оиламиз билан 10 йилдан бери ижарама-ижара кўчиб, яшаб келмоқдамиз, – деди “Ғалаба” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Турсуной Султонова. – Турмуш ўртоғимнинг соғлиғи яхши бўлмагани боис, ҳеч қаерда ишламайди. Молиявий имкониятимиз чекланганлиги боис кичик ёшдаги фарзандимни боғчага беролмаганман. Республика Ишчи гуруҳи оилавий шароитимизни ўрганиб чиққач, оиламизга ҳам амалий ёрдам кўрсатиладиган бўлди. Президентимизнинг оддий одамлар, айниқса хотин-қизларнинг турмуш шароитларини яхшилаш йўлида олиб бораётган саъй-ҳаракатлари натижасида биз каби уй-жойга муҳтож оилаларга манзилли ёрдам кўрсатилаётганидан беҳад бахтиёрмиз. Йиллар давомида ушалмаган орзуимизга етадиган бўлдик.

Зилола Темирова уй-жойи бўлмагани боис оиласи билан “Мингчинор” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги нотураржой биносида базўр кун кўриб келаётган эди. Ёлғиз фарзанди ногирон бўлган бу аёлнинг ишлашга ҳам имкони йўқ. Турмуш ўртоғи ишсиз. Оиланинг ягона даромади ногиронлиги бор фарзанди учун берилаётган нафақа пули. Айни кунда Зилола Темирова ва унинг оиласи жуда ночор аҳволда. Ушбу оиланинг ижтимоий-иқтисодий оғир шароитда яшаётганлиги ҳисобга олиниб, уй-жой билан таъминлаш масаласида амалий кўмак кўрсатилди.

Шунингдек, йиғилиш доирасида Пахтакор тумани масъулларига тумандаги “Дилором” ва “Олтинкўл” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жами 24 хонадонга мўлжалланган 2 та 2 қаватли турар-жой биноларини қуриш учун 6 миллиард сўмлик сертификат топширилди. Ер ости сизоб сувларини тортиш тизимини яхшилаш мақсадида тумандаги 6 та канализация насос станцияларини таъмирлаш учун 3 миллиард сўмлик, ёпиқ сув ҳавзасини капитал таъмирлаш учун 1 миллиард сўмлик сертификатлар топширилди.

– Муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар бугун Пахтакор тумунида яшаётган хотин-қизларнинг оилаларига ҳам етиб келганидан ғоятда мамнунмиз, – деди мазкур туманда яшовчи фаол аёл Бибимарьям Абдураимова. – Натижада туманимизнинг энг чекка қишлоқларида яшаётган хотин-қизларимизни кўп йиллардан бери қийнаб келаётган муаммолар ҳам ечим топмоқда. Туманимизда Касаба уюшмалари Федерацияси бошчилигида иш олиб борган Республика Ишчи гуруҳи уйма-уй юриб, хотин-қизларимизнинг ҳақиқий аҳқолини ўрганди. Энг муҳими аниқланган муаммолар қоғозда қолиб кетмади, шу кунниг ўзидаёқ кўплаб хотин-қизларимизга манзилли ёрдамлар кўрсатилди. Давлатимиз раҳбарининг юқори минбардан туриб хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий ва маиший шароитларини яхшилаш масаласига юксак эътибор қаратганлари натижасида бугун опа-сингилларимизнинг эртанги кунга бўлган ишончи ортди. Аёлларнинг турмуш шароитларини яхшилаш бўйича амалга оширилаётган ишлар уларнинг ҳаётдан рози бўлиб яшашларига хизмат қилмоқда.

Республика Ишчи гуруҳининг кенгайтирилган йиғилиши давомида тумандаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол ҳам чуқур таҳлил этилиб, масъул шахслар олдига тиббиёт ва таълим муассасалари, спорт объектлари, ижтимоий инфратузилма, коммуникация тармоқлари ҳолатини яхшилаш бўйича аниқ вазифалар қўйилди. Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг жойлардаги ижросига йўналтирилган изчил вазифаларни тезкорлик билан тўлиқ амалга ошириш механизмлари белгилаб олинди.

Республика Ишчи гуруҳи мазкур йўналишлардаги ишлар ижроси бўйича доимий мониторинг олиб боради.

Муҳаббат Ўрмонбекова

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси матбуот хизмати раҳбари