27.02.2020. Бугун мамлакатимизда хотин-қизлар турмуши фаровонлиги ва ҳаёт даражаси сифатини ошириш, аёл муаммоларига ечим топиб, дардига малҳам бўлиш масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Худди шу мақсадларда Президентимиз топшириғига биноан Республика ишчи гуруҳи тузилиб, ҳар бир ҳудудда, энг чекка қишлоқларда мунис опа-сингилларимизнинг турмуш шароитлари, мавжуд муаммолари ўрганилиши билан бирга, уларга ечим топиш чора-тадбирлари ҳам амалга оширилмоқда.
Касаба уюшмалари Федерацияси мутасаддилигида бир қатор ташкилотлар вакиллари таркибидаги ишчи гуруҳи айни кунларда бир вақтнинг ўзида Жиззах, Самарқанд ҳамда Хоразм вилоятларида баб-баробар иш олиб бормоқда.
Ишчи гуруҳнинг Самарқанд вилоятидаги фаолияти Пастдарғом туманидан бошланди.
Пастдарғом тумани аҳоли сони жиҳатидан вилоятда учинчи ўринни эгаллайди. Тумандаги 380 минг нафарга яқин аҳлининг 180 мингдан ортиғини хотин-қизлар ташкил этади.
Республика ишчи гуруҳи мазкур ҳудуддаги 106 та маҳалланинг ҳар бирида уйма-уй юриб, хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий ва маиший шароитларини ўрганмоқда. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, туманда оилавий ажримлар сони ҳам анча юқори – расман рўйхатга олинган тўрт минг нафардан ортиқ оиласи бузилганлар бор. Шунингдек, туманда ижтимоий муаммолар билан бир қаторда аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш борасида ҳам муаммолар оз эмас.
Ишчи гуруҳ аъзолари тумандаги Кичик Найман ва Катта Найман маҳалла фуқаролар йиғинларидаги ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларнинг хонадонларида бўлиб, уларни қийнаётган муаммоларни ўрганиш билан бирга манзилли ёрдам кўрсатиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратдилар. 3500 нафарга яқин аҳоли яшаётган Учтепа маҳалласидаги хотин-қизлар билан очиқ мулоқот ва суҳбатлар давомида мазкур маҳалла ҳудудида мактабгача таълим муассасаси ва дорихонанинг мавжуд эмаслиги, ички йўлларнинг ниҳоятда таъмирталаб эканлиги, кўчаларни ёритувчи бетон устунли чироқлар ўрнатилмагани боис ҳаёт учун хавфли бўлган қўлбола симёғочлар ўрнатиб олингани аниқланди. Боз устига мавжуд сув иншоотлари ҳам ҳалигача ишга туширилмаган, мини футбол, болалар боғчаси қуриш учун ер ажратиш масаласи ҳам эътибордан четда қолган.
Тумандаги Новчандир, Фурқат, Элбек, Галатут, Тўқбой, Янги авлод, Лолазор, Буюк Турон, Дўстлитк, Жағалбойли, Қатор терак, Навбаҳор, Фурқат, Зангибой, Парча чандир, Уску, Чимбой маҳаллаларида ҳам муаммолар анчагина. Маданият маҳалласида яшовчи Ойширин Худоёрованинг хонадони ўта таъмирталаб аҳволда, ўзи ишсиз. Оиланинг боқувчиси йўқ, хонадон соҳиби Рамазон Худоёров соғлиғидаги муаммолар сабаб ётиб қолган, шу боис оиланинг даромад манбаи ҳам мавжуд эмас. Хонадонда газ плитаси ва баллонига эҳтиёж бор.
Равот маҳалласида яшаётган Раъно Мусаеванинг турмуш ўртоғи вафот этган, ўзи 2-гуруҳ ногирони. Бир нафар фарзанди билан яшайди. Айни кунда соғлиғини тиклаши учун моддий ёрдам ҳамда рўзғор юритиши учун газ плитасига муҳтож.
Худди шу маҳаллада яшовчи Дилафрўз Абдушукурова оиласининг ҳам боқувчиси йўқ, турмуш ўртоғи оламдан ўтган, қизи эса ногирон. Мазкур оиланинг хонадони табиий газ тармоғига уланмаган, бугунги кунда электр тармоғидаги муаммоларни бартараф этиш ва газ баллони билан таъминлаш бўйича амалий ёрдамга муҳтож.
Айни кунда Республика ишчи гуруҳи томонидан Пастдарғом туманидаги хотин-қизлар муаммоларини ўрганиш ишлари давом этмоқда. Шу билан бирга аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерецияси Матбуот хизмати