11.03.2020. Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан “Хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш” бўйича Касаба уюшмалари Федерацияси мутасаддилигида тузилган Республика Ишчи гуруҳи Хоразм вилоятининг Гурлан туманида яшаётган турмуш шароити оғир хотин-қизларнинг аҳволини уйма-уй юриб ўрганди.
Хусусан, тумандаги 50 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 480 та кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва нотинч хонадонларда яшаётган хотин-қизлар билан очиқ ва самимий мулоқотлар ўтказилиб, аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича уларга амалий кўмак берилмоқда.
Жумладан, дори-дармон ҳарид қилиши ва саломатлигини мустаҳкамлашига кўмаклашиш мақсадида 35 нафар кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларнинг ҳар бирига 3 млн. сўмдан жами 105 млн. сўмлик моддий ёрдам кўрсатилди. Соғлиқларида муаммолари мавжуд ночор хотин-қизларнинг 10 нафарига Касаба уюшмалари Федерацияси тизимидаги санаторийларда дам олиб, соғломлаштирилиши учун бепул йўлланмалар берилди. Қарамоғида ногирон фарзанди ёки турмуш ўртоғи ногирон бўлган, уй шароитида касаначилик билан шуғулланиш истагини билдирган 10 нафар аёлга замонавий тикув машиналари олиб берилди.
Бундан ташқари моддий ва маънавий кўмакка муҳтож оилаларда яшаётган 50 нафар мактаб ўқувчиларига 20 млн. сўмлик мавсумий кийим-бош, костюм-шим ва кўйлаклар олиб берилди. Оғир шароитларда яшаётган, уй-жойи авария ҳолатидаги 10 нафар аёлларнинг уй-жойларини таъмирлаш учун манзилли моддий ёрдамлар кўрсатилди. Шунингдек, хотин-қизларнинг турмуш шароитларини яхшилаш мақсадида маиший техника жиҳозлари – газ плиталари олиб берилди. Уйида тўшашига шолчаси йўқ оилаларга гиламлар совға қилинди.
Макур хайрли ишларни амалга ошириш учун 300 млн сўм маблағ йўналтирилди.
Шунингдек, Республика ишчи гуруҳи ва тегишли мутасадди ташкилотлар ҳамкорлигида Гурлан тумани, Мустақиллик кўчасида жойлашган, кўп йиллардан буён фойдаланилмасдан турган собиқ ётоқхона биносини уйсиз оғир шароитларда яшаётган кам таъминланган оилалардаги аёлларга топшириш мақсадида унда 2-3 хонали 72 та хонадонга эга турар жой биносини қуриш масаласи ҳам муҳокама этилиб, амалий чора-тадбирлар кўрилиши режалаштирилди.
Тумандаги текстил фабрикасини тўлиқ қувватда ишлаши ва хотин-қизлар учун қўшимча 800 та иш ўрни яратиш мақсадида “Тантекс Гроуп” МЧЖ билан музокоралар ўтказиш хусусида ҳам келишиб олинди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати