[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

11.03.2020. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида кейинги йилларда мамлакатимизда хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ва нуфузини ошириш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш ҳамда ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан “Хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш” бўйича Касаба уюшмалари Федерацияси мутасаддилигида тузилган Республика Ишчи гуруҳи ана шундай эътибор ва ғамхўрликнинг яна бир амалий ифодаси бўлди.

Бугунги кунда мазкур Республика ишчи гуруҳи Хоразм вилоятида бўлиб, турмуш шароити оғир бўлган хотин-қизларнинг аҳволини ҳар бир маҳалла бўйича аниқ таҳлил қилган ҳолда уйма-уй юриб ўрганиб, уларга амалий кўмак бермоқда.

Ишчи гуруҳ даставвал вилоятнинг Гурлан туманида яшаётган хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганди. Туманнинг 50 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 480 та кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож ва нотинч хонадонларни ўрганиш жараёнида хотин-қизлар томонидан 637 та муаммолар билдирилди. Буларнинг аксарияти, яъни, 161 таси уй-жой билан таъминлаш ва мавжуд уй-жойини таъмирлаш, 189 таси моддий ёрдамга мухтожлик масаласи билан боғлиқ муаммолардир. Шунингдек, очиқ ва самимий мулоқотлар орқали туман хотин-қизларининг ижтимоий-иқтисодий ва маиший шароитларини ўрганиш жараёнида аниқланган муаммоларнинг 107 таси иш билан таминлаш, 93 таси саломатликни тиклаш, 25 таси тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун кредит ажратиш, 60 дан ортиғи эса таълим ва коммунал соҳалар, оилалардаги ижтимоий-маънавий муҳитнинг нотинчлиги билан боғлиқ эканлиги аниқланди.

Ишчи гуруҳ томонидан қишлоқ жойларда яшаётган аёлларни, мустақил ҳаётга қадам қўяётган қизларни ижтимоий ҳимоялаш, уларни қийнаётган муаммолар ечими бўйича кўмак кўрсатиш, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича манзилли ва муддатли “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, ижроси ташкил этилмоқда.

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати