24.06.2020. Шу пайтгача ногиронлик нафақасини олиб келаётгандим. Меҳнат дафтарчамни пенсия жамғармасига топширганман. Ёшга доир нафақага чиқишим керак бўлганда эса жамғармада меҳнат дафтарчам йўқолгани маълум бўлди. Бу холатда қандай йўл тутишим керак?
Меҳнат дафтарчаларини юритиш Ўзбекистон Республикаси Меҳнат вазирлиги (ҳозирда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги)да 1998 йил 7 январдаги 8/04-1-сон, Ўзбекистон Республикаси Ижтимоий таъминот вазирлигида (ҳозирда тугатилган) 1998 йил 7 январдаги 32-01-сон қарори билан тасдиқланган, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши билан келишилган ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида 1998 йил 29 январь куни 401-сон билан рўйхатга олинган “Меҳнат дафтарчаларини юритиш тартиби тўғрисида Йўриқнома”га асосан амалга оширилади.
Мазкур Йўриқнома қоидаларига биноан, меҳнат дафтарчаси йўқотиб қўйилган тақдирда, шунингдек, фойдаланиш учун яроқсиз бўлиб қолган (йиртилган, ёнган, ёзувлари бўялган) ҳолларда меҳнат дафтарчасининг дубликати ходимнинг охирги иш жойидан берилади. Демак Сизга меҳнат дафтарчангизни дубликати, меҳнат дафтарчангизни туман бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига топширишдан олдинги ишлаган ишхонангиз расмийлаштириб бериши керак.
Меҳнат дафтарчасини йўқотган шахс бу тўғрида охирги иш жойига ёзма хабар бериши лозим. Ченки хабарномадан сўнг 15 кундан кечиктирмасдан иш берувчи, аниқроғи охириги иш жойининг раҳбари унга, меҳнат дафтарчасининг биринчи бетини юқори кисмининг ўнг томонига “Дубликат” деб ёзилган ҳолда янги меҳнат дафтарчасини бериши керак.
Меҳнат дафтарчасининг дуликатини тўғри расмийлаштириш учун иш берувчи қуйидагиларга риоя этиши лозим.
Меҳнат дафтарчасининг дубликати умумий қоидаларга биноан тўлдирилиши керак. Меҳнат дафтарчасининг дубликати тўлдирилаётганда “Иши тўғрисидаги маълумотлар” бўлимида охирги иш жойидаги иши тўғрисидаги маълумотлар илгариги буйруқлар асосида ёзилади.
Ходим мазкур корхонага ишга кирмасдан олдин ҳам ишлаган бўлса, унда меҳнат дафтарчаси дубликати “Иши тўғрисидаги маълумотлар” бўлимининг 3-устунига, мазкур корхонага ишга келмасдан илгариги ишлагани тўғрисидаги ҳужжатлар билан тасдиқланган умумий иш стажи ёзилади. Бунда меҳнат дафтарчаси эгасининг олдинги умумий иш стажи жамланиб, яъни қайси корхонада, қайси даврда ва қайси лавозимларда ишлаган йиллари, ойлари ва кунлари умумий тарзда ёзилади. Масалан: бир иш жойида бошқа ишга ўтказилгани ва бошқалар кўрсатилмайди.
Ҳужжат билан тасдиқланган ва белгиланган тартибда расмийлаштирилган умумий иш стажи меҳнат фаолиятининг айрим даврлари бўйича қуйидагича ёзилади:
2-устунда ишга қабул қилинган сана кўрсатилади;
3-устунда ходим ишлаган корхона, цех ва мансаби, номи ёзилади.
Агар, тақдим қилинган ҳужжатларга ходимнинг мазкур корхонанинг ўзидаги бошқа доимий ишга ўтказилиши тўғрисидаги маълумот бўлса, унда бу тўғрида ҳам тегишли ёзув киритилади.
Сўнг 2-устунда меҳнат шартномаси бекор қилинганлик санаси кўрсатилади, 3-устунда эса ходим томонидан тақдим қилинган ҳужжатда тегишли маълумот бор бўлса, меҳнат шартномасининг бекор қилинганлиги хам кўрсатилади.
4-устунда, дубликатга ёзув киритилиши учун асос бўлган ҳужжатнинг номи, сон рақами ва санаси киритилади. Иш стажини тасдиқловчи ҳужжатлар эгасига қайтариб берилади.
Иш берувчи ходимга мазкур корхонага кирмасдан олдинги иш стажини тасдиқловчи ҳужжатларни олишда ёрдам кўрсатишга мажбурлиги ҳам шу Йўриқномада қайд этилган. Сизнинг ҳолатингизда, яъни Сиз ишламаётганлигингиз ва ўз навбатида Сизда иш берувчи йўқлиги сабабли, Сизга аввалги иш стажларингиз тўғрисидаги ҳужжатларни олишда туман бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси кўмаклашиши керак.
Нодира Каримова
Хамидулла Премкулов
Меҳнатни муҳофаза қилиш ва юридик бўлимлар томонидан тайёрланди