[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

21.09.2020. Хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳи Жиззах вилояти туманларидаги маҳаллаларда уйма-уй юриб, ижтимоий ҳимояга муҳтож аёлларга ҳар бир шаҳар, туман мутасаддилари билан ҳамкорликда манзилли ёрдам кўрсатганликлари ҳақида аввал ҳам хабар бергандик.

Дўстлик тумани «Боғзор» ҚФЙ Ўзбекистон кўчаси, 21/1-уйда яшовчи Мавлуда Жубашованинг 3 нафар фарзанди бор. Турмуш ўртоғи мавсумий ишлар билангина машғул, шу сабабли оила моддий етишмовчиликдан қийналаётган эди. Хонадонга тикув машинаси берилгач, аҳвол тубдан ўзгарди.
– Касаба уюшмалари томонидан қилинган ушбу ёрдам бизни муҳтожликдан халос этди, – дейди Мавлуда. – Очиғи, ҳаётим бунчалик тез ўзгаришини кутмагандим. Энди тикув машинасида кўрпа-ёстиқ жилдлари ва бошқа буюмлар тикиб, оилам эҳтиёжи учун зарур маблағни ўзим топяпман.
Манзилли дастур асосида тумандаги 6 нафар аёлга ўзини ўзи банд қилишда 8 миллион сўмликка яқин моддий кўмак­лашилди. 23 нафар хотин-қизга даволаниш, кийим-кечак олиш, коммунал хизматлардан қарздорлигини тўлашда 66 миллион сўм ажратилди.
Бундай ёрдамдан вилоятнинг барча туманларидаги эҳтиёжманд аёллар четда қолмади. Умуман, шу кунга қадар касаба уюшмалари маблағлари ҳисобидан 629 нафар хотин-қизга даволаниш, дори-дармонлар олиш, коммунал тўловлар ва бошқа эҳтиёжлари учун 1 миллиард 121 миллион 332 минг сўм маблағ сарфланди.
Шу давр ичида касаба уюшмалари Федерацияси томонидан вилоят бўйича ўз-ўзини банд қилиш имкониятига эга хотин-қизлардан 167 нафарига ишлаш имконияти яратиб берилди. 300 миллион 845 минг сўм маблағ сарфланиб, аёлларга тикув машинаси, чорва моллари олиш, кичик иссиқхона қуриш, сартарошликни йўлга қўйишда кўмаклашилди.
Умуман, вилоятдаги 799 нафар эҳтиёжманд хотин-қизга моддий ёрдам кўрсатиш, бандлигини таъминлаш маънавий қўллаб-қувватлаш тадбирларига 9 миллиард 342 миллион 200 минг сўм маблағ сарфланди.
Касаба уюшмаларининг хотин-қизларни қўллаб-қувватлашга қаратилган хайрли ишлари давом этаётир.

Муқимжон Исмоилов