28.10.2020. Қашқадарё вилоятидаги синтетик суюқ ёқилғи (GTL) ишлаб чиқариш заводи қурилиш майдонида “Enter Engineering Pte.Ltd.” компаниясининг 2000 нафардан ортиқ ходимлари ўтказган норозилик акцияси сабабини аниқлаш, аниқланган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш бўйича зарур амалий ёрдам кўрсатиш бўйича Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Қобилжон Қирғизалиев бошчилигида тузилган Ишчи гуруҳи ўрганиш ишларини якунига етказди.
Ишчи гуруҳи томонидан корхонадаги вазият ўрганилганда маълум бўлганидек, корхонада дастлаб ходимлар 22 кун ишлаб, 8 кун дам олиш тартибида ишлашлари белгиланган. Covid-19 пандемияси бошланганидан кейин ушбу тартиб ўзгартирилиб, ишчи ходимлар 60-70 кун давомида ишлаганлар. Вахта усулида отгулга кетган ходимлар мажбурий тартибда 10 кун карантинда бўлишган.
Бундан ташқари ўрганишлар давомида ходимларни яшаш жойларидан иш жойларига олиб келиш учун мавжуд 130 дан ортиқ автобуснинг 20 тадан ортиғи эски, ўриндиқлари ва совутиш воситалари талабга жавоб бермайдиган ҳолатда эканлиги аниқланди.
Компанияда мавжуд 10 та овқатланиш жойида моноблок, яъни электрон кириш тизими ўрнатилган бўлиб, ишчи ходимларнинг ID card билан рўйхатдан ўтиб, ошхонага киришлари белгиланган. Овқатланишга моноблок орқали ўтиш жараёни ишчиларнинг 30-60 дақиқалик навбатда қолиб кетишларига сабаб бўлган. Шунингдек, 21 октябрь куни эрталаб соат 7:30 да ишчилар учун мўлжалланган ошхонадаги моноблок тизимида техник носозлик юзага келган ва оқибатда улар кундалик овқатланишга кира олмаган.
Вазиятни янада ойдинлаштириш мақсадида ижтимоий-меҳнат шароитлари билан боғлиқ 14 та саволдан иборат саволнома тузилиб, ишчилар ўртасида эркин сўровнома ўтказилди. Сўровномада 1200 нафардан ортиқ ходим (респондент) иштирок этди.
Ўрганишларда аниқланган ҳолат ва компания ходимлари томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар таҳлил этилиб, ходимлар номидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Қ.Қирғизалиев, Энергетика, нефт-газ ва геология ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши раиси Ш.Қурбонов ва Қашқадарё вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси Б.Джўраев, иш берувчи томонидан “Enter Engineering Pte.Ltd.” компанияси бош директори ўринбосари Т.Абдуллаев, компаниянинг Механизация бошқармаси бошлиғи Д.Сайфуллозод, “UNIGLOBE FZE” компанияси директори ўринбосари А.Ким ўртасида аниқланган муаммоларни бартараф этиш бўйича музокаралар олиб борилди. Натижада мавжуд камчилик ва муаммоларни бартараф этиш бўйича келишувга эришилиб, Ишчи гуруҳи таклифи ва ташаббуси асосида ижтимоий-меҳнат муносабатларига тааллуқли бир қатор масалалар ўз ечимини топди. Хусусан:
- Иш берувчи томонидан ходимларга хизмат кўрсатувчи автотранспорт парки модернизация қилиниб, қўшимча равишда 20 та янги автобус ҳарид қилинди.
- “Enter Engineering Pte.Ltd.” компанияси касаба уюшма қўмитаси марказлашган бўлганлиги сабабли GTL лойиҳаси бўйича алоҳида бошланғич касаба уюшма ташкилоти тузилиб, алоҳида жамоа шартномаси ишлаб чиқиш ишларига киришилди.
- Овқатланиш жойларида моноблок (электрон кириш тизими) олиб ташланди.
- Ошхона хизмати администраторлари ўзгартирилиб, хизмат кўрсатувчи ходимлар сони оширилди.
- Овқат сифати қайта кўриб чиқилиб, кучайтирилди ва 1- ҳамда 2- овқат рационига қўшимча таомлар киритилди.
- Вахта шароитидаги иш тартиби 22 кун иш, 8 кун дам олиш тартибига қайтарилди.
- Ишчиларнинг эҳтиёжлари учун маиший шариотларни кенгайтириш мақсадида қўшимча бозор ва савдо дуконлари ташкил этилиши белгиланди.
Келишувда белгиланган вазифаларнинг ижроси Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан назоратга олинди.
https://kasaba.uz/pinup-casino-ru/
Бугунги кунда корхона ходимлари бир маромда меҳнат қилмоқдалар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати