05.11.2020. 2020 йилнинг 5 ноябрь куни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг навбатдаги Мажлиси бўлиб ўтди.
Мажлисни Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Қудратилла Рафиков олиб борди.
Видеоконференц алоқа шаклида онлайн тарзда ўтказилган Мажлис ишида Марказий студиядан Касаба уюшмалари Федерацияси раҳбарияти, бўлим мудирлари ва тасарруфдаги ташкилотлар раҳбарлари, барча тармоқ касаба уюшмалари Республика кенгашлари раислари ва мутасаддилари, ҳудудий студиялардан Қорақалпоғистон ва барча вилоятлар касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмалари раҳбар ҳамда мутасаддилари, касаба уюшма фаоллари иштирок этдилар.
Мажлис кун тартибидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг 2020 йил 11 ноябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган VIII Қурултойида ўқиб эшиттириладиган “Янги Ўзбекистон – янги касаба уюшмалари: Федерациянинг 2016-2020 йиллардаги фаолияти ва миллий тараққиётнинг замонавий босқичида касаба уюшмаларининг устувор вазифалари тўғрисида” мавзуидаги ҳисобот маърузаси ҳамда маърузачини тасдиқлаш тўғрисидаги масала муҳокама этилди. Мазкур маърузада асосий эътибор мамлакатимизда Президентимиз ташаббуслари билан охирги 4 йилда барча соҳаларда бирдек инсон манфаатлари йўлида олиб борилаётган ислоҳотлардан келиб чиққан ҳолда касаба уюшмалари фаолиятини такомиллаштириш йўналишидаги тизимли тадбирлар, касаба уюшмалари фаолиятининг устувор йўналишлари, хусусан, ходимларнинг меҳнат соҳасидаги ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва ҳуқуқлари ҳимоясини кучайтириш, жамоа шартномалари ва тармоқ келишуларида меҳнаткашлар учун қўшимча имтиёз ва кафолотлар кўламини кенгайтириш, нодавлат секторидаги корхона, ташкилот ва муассасалар ходимларини касаба уюшма аъзолигига жалб этиш борасидаги кенг қамровли ишлар натижаларига қаратилганлиги таъкидланди.
Мажлисда мамлакатимизда халқимиз турмуш даражаси ва фаровонлигини ошириш бўйича олиб борилаётган чуқур ўйланган ижтимоий сиёсат бугун ўз ижобий самарасини браётгани алоҳида қайд этилди. Касаба уюшмалари тизимида олиб борилаётган янгиланиш ва такомиллаштириш жараёнлари натижасида фаолиятнинг учтувор йўналишларидаги вазифаларни амалга оширишда бошланғич касаба уюшмалари фаоллиги ошаётганига ҳам эътибор қаратилди.
Йиғилишда шунингдек, янги ташкил этилган Маданият, спорт ва туризим касаба уюшмаси Республика кенгашини Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси аъзолигига қабул қилиш тўғрисидаги масала ҳам муҳокама этилди. Бугунги кунда туризм, маданият ва спорт соҳаларида ҳам туб янгиланиш ва ўзгаришлар олиб борилаётгани, ушбу соҳаларнинг ривожланиши мамлакатимиз иқтисодиёти ривожланиши, халқимиз фаровонлиги ортиши ҳамда янги иш жойлари яратилишига хизмат қилиши таъкидланди.
Мажлис кун тартибидан ўрин олган иккала масала йиғилиш иштирокчилари томонидан кенг муҳокама этилиб, Кенгаш аъзолари томонидан бир овоздан маъқулланди.
Мажлис якунида муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати