5.12.2020. Бугунги кунда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ва меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоялаш билан бирга улар ўртасида спортнинг оммавийлигини ошириш, бу орқали соғлом турмуш тарзи барқарорлигини таъминлаш борасида ҳам тизимли ишларни амалга оширмоқда. Шу мақсадда мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида турли соҳа ходимлари ўртасида қатор спорт тадбирлари ўтказиб келинмоқда.
Президентимизнинг “Соғлом турмуш тарзини кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони бу борадаги ишларни янги босқичга олиб чиқиш имконини берди. Мазкур Фармон ижроси юзасидан барча меҳнат жамоаларида тизимли тадбирлар, шу жумладан ходимлар гимнастикаси, оилавий спорт мусобақалари, саломатлик қадамлари каби лойиҳалар амалга оширилмоқда.
Ана шундай тадбирлардан бири Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Жисмоний тарбия ва спорт-соғломлаштириш ишлари бошқармаси томонидан жорий йилнинг 5 декабрь куни Касаба уюшмалари Федерациясининг “Яккасарой” спорт мажмуасида ўтказилди. “Спорт – саломатлик гарови” шиори остида “Очиқ эшиклар куни” тарзида ўтказилган мазкур спорт-соғломлаштириш тадбирларида турли соҳа ходимлари билан бир қаторда уларнинг оила аъзолари ҳам иштирок этдилар.
“Очиқ эшиклар куни” тадбирида иштирок этган меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари оммавий ишлаб чиқариш гимнастикаси, югуриш, стол тенниси, дартс, соғломлаштириш юриш марафони, шахмат ва шашка мусобақаларида дўстона беллашдилар. Меҳнаткашлар фарзандлари ўртасида эса ҳаракатли ўйинлар бўйича мусобақалар ўтказилди. Спорт-соғломлаштириш тадбирлари давомида Республика ихтисослаштирилган комплекс болалар ва ўсмирлар спорт мактаби тарбияланувчиларининг кўргазмали чиқишлари ҳам ташкил этилди.
Мусобақаларда қатнашиб, ғолиб чиққан ва бир қатор номинацияларда совриндор бўлган иштирокчилар ҳамда уларнинг фарзандларига касаба уюшмалари совғалари топширилди.
Барчамиз гувоҳи бўлиб турганимиздек, охирги йилларда Президентимиз томонидан аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, уларни жисмоний тарбия ва оммавий спорт билан шуғулланишга кенг жалб этиш орқали соғлом турмуш тарзини ривожлантириш масалаларига катта эътибор қаратилиб, тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур йўналишлардаги кенг қамровли ишларга муносиб ҳисса қўшиш мақсадида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан меҳнаткашлар ва уларнинг оила аъзолари саломатлигини муҳофазалаш, спорт-соғломлаштириш, жисмоний тарбия ва спорт тадбирларига кенг жалб этиш, меҳнат жамоаларида спортнинг оммавийлиги ошириш борасидаги ишлар сифатини кучайтиришга йўналтирилган меъёр ва тадбирлар жамоа келишувлари ва шартномаларига киритилди. Бунинг натижасида корхона, ташкилот ва муассасаларда меҳнат қилаётган ходимлар ўртасида жисмоний тарбия ва спортни тарғиб этиш, ходимларни спорт-соғломлаштириш тадбирларига кенг жалб этиш орқали саломатлигини мустаҳкамлаш, оммавий спорт билан мунтазам шуғулланишлари учун етарли шарт-шароитларни яратиш ишлари амалга оширилмоқда.
Фикримиз далили сифатида Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан Конститутциямизнинг 28 йиллигига бағишлаб “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ тизимидаги корхона, ташкилот ва муассасалар меҳнаткашлари ўртасида 3 босқичда ўтказилган Спартакиада мусобақаларини келтиришимиз мумкин.
Тошкент, Қўқон, Бухоро, Термиз, Қарши ва Қўнғирот минтақавий темирйўл узели касаба уюшма ҳудудий қўмиталари, корхона ва ташкилотларнинг бирлашган ҳамда бошланғич касаба уюшма ташкилотларида санитария-эпидемиология меъёрларига риоя қилган ҳолда ўтказилган мазкур спорт тадбирларининг қуйи босқичларида жами 350 нафардан ортиқ ишчи-ходимлар иштирок этдилар. Уларда ғолиб бўлган ходимлар “Локомотив” Марказий жисмоний тарбия ва спорт клубида ташкил этилган Республика спартакиадасида иштирок этиш имкониятига эга бўлдилар.
Мазкур якуний босқичга етиб келган 72 нафар темирйўлчилар спортнинг дартс, кегли, қисқа масофага югуриш ва эстафета турлари бўйича мусобақаларда ўзаро куч синашдилар. Ғолиблар Ўзбекистон темирйўлчилари ва транспорт қурувчилари касаба уюшмаси Республика Кенгашининг диплом ва қимматбахо совғалари билан тақдирландилар.
Қайд этиб ўтиш зарурки, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан спортнинг оммавийлигини ошириш мақсадида амалга оширилаётган мазкур йўналишлардаги ишлар меҳнаткашлар ўртасида соғлом турмуш тарзи тарғиботини кучайтириш, айниқса, ходимлар ва улар оила аъзоларининг бўш вақтларидан самарали фойдаланишларини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати
(Муҳаббат Ўрмонбекова, тел: (90) 347-28-58)