[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

25.01.2021. Бугунги кунда мамлакатимизда бунёдкорлик ишлари жадал суръатларда олиб борилаётир. Кўплаб турар ва нотурар жойлар, йирик заводлар, замонавий инфратузилма объектлари қад ростламоқда. Ўз-ўзидан савол туғилади: уларни барпо этаётган ишчи-ходимларга қандай ­шароитлар яратиляпти? Хавфсизлиги қанчалик ҳимоя қилинган? «Турон» санаторийсида Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерация­­си ва Капитал қурилиш бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган «Иш жойи­даги хавфсизлик – инсон саломатлиги гарови» мавзусидаги семинарда шу каби саволларга жавоб изланди.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 27 ноябрдаги «Ўзбекистон Респуб­ликаси қурилиш тармоғини модернизация қилиш, жадал ва инновацион ривожлантиришнинг 2021-2025 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони ижроси доирасида ўтказилган ушбу тадбирда иш берувчи ва ходимнинг меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақида батафсил тушунча берилди.
– Тизимимиздаги корхона ва қурилиш ташкилотларида муҳандис-техник, ишчи-ходимлар соҳага тегишли ҳужжатларни синчиклаб ўрганиб, уларга оғишмай риоя қилмоқда, – деди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши Капитал қурилиш бошқармаси бош­лиғи Ҳайдар Фозилов. – Саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бераётир. Хусусан, меҳнатни муҳофаза қилиш ва саноат хавфсизлиги бўйича жойларда амалга оширилаётган ишлар натижасида қурилишда авариялар ҳамда ходимлар билан бахтсиз ҳодисалар шу пайтга қадар бирор маротаба содир бўлмади.

Семинарда техника хавфсизлиги ва меҳнатни муҳофаза қилиш ишларини назорат қилувчи доимий комиссия ишини кучайтириб, цехларда, қурилиш объектларида техника хавфсизлиги кунларини ўтказиш, унда объектлардаги муҳандис-техник ходимларнинг соҳа бўйича билими, ишчи-ходимларнинг тиббий кўрикдан ўтгани, ёнғин, энергия хавфсизлиги чуқур ўрганилиши лозимлиги алоҳида таъкидланди.
«Меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонун қабул қилиниши муносабати билан касаба уюшмаларининг ҳуқуқлари кенгайтирилиб, бу борада бир қатор ишлар амалга оширилгани, хусусан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларига касаба уюшмаларининг асосланган таклифлари мунтазам равишда киритиб борилишига эришилгани айтиб ўтилди.
– Меҳнатни муҳофаза қилиш тизимида ягона давлат сиёсатини юритиш, ходимларга қулай ва хавфсиз меҳнат шароитларини яратиш, бу борада профилактика тадбирларини олиб боришда меҳнатни муҳофаза қилишга оид қонунчиликнинг аҳамияти жуда катта, – деди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси кенгаши Меҳнатни муҳофаза қилиш бўлими мудири Нодира Каримова. – Меҳнатни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат сиёсати корхоналарнинг ишлаб чиқариш фаолияти натижаларига нисбатан ходимнинг ҳаёти ва соғлиғи устуворлиги, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалардан жабрланган ёки касб касаллигига чалинган ишловчиларнинг манфаатларини ижтимоий ҳимоялаш тамойиллари каби қатор жиҳатларга асосланади.
Касаба уюшмаларининг жамоатчилик назоратини ташкил қилиш ўта муҳим масала бўлиб, комиссия иш берувчининг қонунлар ва меҳнатни муҳофаза қилиш масалалари бўйича норматив ҳужжатлар талабларига риоя этиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширади, мазкур соҳада касаба уюшмалари аъзолари манфаатларини ҳимоя қилади. Лекин муаммолар ҳам йўқ эмас. Жумладан, қурилиш ташкилотларида ишчиларнинг асосий қисми мехнат қонунчилигида белгиланган тартибда шартнома тузмасдан, «оғзаки келишув» билан ишга ёлланмоқда. Бунинг натижасида уларга жамоа шартномаларида белгиланган имтиёз ва кафолатлар татбиқ этилмаяпти. Транспорт, йўл ва капитал қурилиш, қурилиш индустрияси ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгаши меҳнатни муҳофаза қилиш ­бўйича бош мутахассиси Дилдора Ҳошимова ўз маърузасида шу каби жиҳатларга тўхталиб ўтди.
Семинарда қатнашчилар мавзу юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
– Ушбу тадбир иш берувчилар учун ҳам, ишчи-ходимлар учун ҳам бирдек фойдали бўлди. Қаердаки, иш жараёнида хавфсизлик тўлиқ таъминланса, ишловчилар ҳам бу борада етарли малакага эга бўлса, бу ерда фаолият тўғри йўлга қўйилганидан далолат беради, – дейди «HomeFlex» қурилиш компанияси савдо бўлими раҳбари Адҳам Ҳабибов. – 450 нафарга яқин ишчи-ходим меҳнат қилаётган ташкилотимизда меҳнат муҳофазаси ва хавфсизликка риоя қилиш масаласига биринчи галдаги вазифа сифатида қаралади. Ишчи-ходимлар хавфсизлик қоидалари билан доимий таништириб борилади. Энг муҳими, уларга барча шароитлар яратиб берилган. Яъни махсус кийим-бош, ҳимоя воситалари билан таъминланган. Бепул иссиқ овқат ташкил этилган. Узоқдан келувчиларга автобус хизмати йўлга қўйилган.
Семинар доирасида қурилиш соҳасида махсус кийим ва ҳимоя воситалари ишлаб чиқарувчи ташкилотлар маҳсулотлари кўргазмаси ҳам ташкил этилди.

Салим Абдураҳмонов