26.01.2021. Жиззах вилояти, Ғаллаорол тумани, Қашқабулоқ ҚФЙ, Қорағўйли қишлоғида яшовчи фуқаро Қирғизбой Курбанов “Даштобод пахта тозалаш” АЖда чилангар (слесарь) лавозимида 1989 йилдан ишлаб келган ва 1989 йилнинг 9 октябрь куни содир бўлган бахтсиз ходиса оқибатида оғир тан жарохати олган. Бахтсиз ҳодиса ишлаб чиқариш билан боғлиқ деб топилиб, Н-1 шаклидаги далолатнома расмийлаштирилган ва иш берувчи томонидан тасдиқланиб, “Даштобод пахта тозалаш” АЖ томонидан ҳисобга олинган. Шундан сўнг у ногиронлик нафақасига чиқиши билан бирга соғлиғига етказилган зарар пуллари иш берувчи томонидан тўлаб келинган.
2015 йилга келиб Ғаллаорол туманлараро 28-сонли ТМЭКнинг 2015 йил 3 декабрдаги №0002066 сонли хулосасида Қирғизбой Курбановнинг ногиронлик гуруҳи II-чи, касбий меҳнат лаёқати йўқотилганлиги даражаси фоизда 70% муддатсиз қилиб белгиланган.
“Даштобод пахта тозалаш” АЖ иш берувчиси Қ.Курбановга ойма-ой тўланиши лозим бўлган соғлиғига етказилган зарар пулларини 2020 йилнинг март ойидан 2020 йилнинг 1 сентябрига қадар тўламаётганлиги сабабли у ушбу зарар пулларини ундириб беришда амалий ёрдам сўраб Жиззах вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасига ариза билан мурожаат қилган.
Ариза Жиззах вилояти касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмасининг меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича етакчи мутахассиси Алишер Бурханов томонидан ўрганилганда, “Даштобод пахта тозалаш” АЖнинг Қ.Курбановдан 2020 йилнинг март ойидан 2020 йилнинг 1 сентябригача жами тўланмаган соғлиғига етказилган зарар пулларидан қарздорлиги 3 миллион 906 минг 408 сўмни ташкил қилиши аниқланди.
Вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгаши ушбу миқдордаги зарар пулларини Қ.Курбановга тўлаб бериш бўйича “Даштобод пахта тозалаш” АЖ иш берувчисига 2020 йилнинг 19 сентябрь куни тақдимнома киритади.
– “Даштобод пахта тозалаш” АЖ иш берувчиси томонидан тақдимномадаги талаблар бажарилмаганлиги сабабли низони суд тартибида кўриб чиқишлик учун жабрланувчи Қ.Курбанов манфаатида Фуқаролик ишлари бўйича Зарбдор туманлараро судига даъво аризаси киритилди, – дейди Жиззах вилояти Касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси Кенгашининг Меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича етакчи мутахассиси Алишер Бурханов. – Қувонарли томони шундаки, Касаба уюшмаси аралашуви билан фуқаро Қ.Курбановнинг ҳуқуқий манфаатлари химоя қилиниб, унга етказилган моддий ва маънавий зарар пуллари ундириб берилишига эришилди. Хусусан, Фуқаролик ишлари бўйича Жиззах туманлараро суди 2020 йилнинг 13 ноябрь куни ишни кўриб чиқиб, “Даштобод пахта тозалаш” АЖдан Қ.Курбанов фойдасига 4 миллион 398 минг 860 сўм миқдоридаги соғлиғига етказилган зарар пулларини ҳамда 4 миллион сўм миқдоридаги маънавий зарарни ундириш тўғрисида Ҳал қилув қарорини чиқарди ва зарар пуллари ундириб берилди.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати