28.05.2021. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Манзилли дастури доирасида, шунингдек, “Халқаро ҳамширалар куни” муносабати билан “Кўҳинур” санаторийсида жорий йилнинг 17-27 май кунлари республикамизнинг тиббиёт муассасаларида халқ саломатлиги йўлида самарали ва фидойилик билан хизмат қилаётган 50 нафар ҳамшира бепул соғломлаштирилди.
Маълумки, “Кўҳинур” санаторийси Тошкент вилоятидаги иқлимий курортлардан бири ҳисобланади.
Ўз фаолиятини 2020 йилда бошлаган мазкур санаторийнинг умумий майдони 6 га ни ташкил этади. Алоҳида дид ва эътибор билан амалга оширилган бунёдкорлик ишлари боис “Кўҳинур” санаторийсида дам олиб, даволанувчилар учун ҳар томонлама қулайликлар яратилган.
Санаторий жойлашиш ҳудуди, табиий иқлимий таъсирига кўра кардиологик, неврологик касалликларни даволаш учун ихтисослаштирилган. Ушбу маскан саломатликни тиклаш ва турли касалликларнинг олдини олишга хизмат қилувчи замонавий тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган, даволаш-ташхислаш хоналари ташкил этилиб, физиотерапия, даволаш жисмоний тарбияси, уқалаш, иссиқлик, сув билан даволаш муолажалари, фитотерапия, лазеротерапия, психотерапия каби усуллардан кенг фойдаланилмоқда.
Касаба уюшмалари томонидан ташкил этилган ижтимоий акция давомида юртимизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган ҳамшираларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш, парҳез овқатлантириш орқали улар саломатлигини мустаҳкамлаш билан бир қаторда, бўш вақтларини мазмунли ўтказишлари учун турли маданий-маърифий тадбирлар, диққатга сазовор масканларга саёҳатлар ташкил этилди.
– Санаторийнинг малакали шифокорлару ҳамширалари, қўли гул ошхона ходимлари бизга катта эътибор ва масъулият ила, хушмуомалалик билан хизмат қилишмоқда, – деди Қорақалпоғистон Республикасининг Шуманай тумани тиббиёт бирлашмаси ҳамшираси Гулшода Сафарова – Дам олишимизнинг дастлабки кунлариданоқ, ўзимизда ижобий ўзгаришларни ҳис қилдик. Булардан ташқари, тиббий муолажалардан бўш вақтимизда масъул ходимлар томонидан хушовоз хонандалар иштирокида концерт дастурлари ҳамда Тошкент вилоятининг диққатга сазовор жойларига саёҳатлар ташкил қилинмоқда.
– Биз Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси ташкил этган ушбу хайрли тадбирдан жуда мамнун бўлдик. Камтарона меҳнатимизни қадрланаётганидан, саломатлигимизни мустаҳкамлашимиз учун амалий ёрдам кўрсатилаётганидан миннатдормиз, – деди Сурхондарё вилоятининг Қумқўрғон тумани кўп тармоқли марказий поликлиникаси ҳамшираси Ҳикматой Тўхтаева.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати