14.06.2021. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида жойлашган “Анор” болалар соғломлаштириш оромгоҳида 12 июнь – Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш кунига бағишланган тантанали тадбир ўтказилди.
Байрамона руҳда ўтказилган мазкур ижтимоий акциядан кўзланган мақсад – аҳолининг, шу жумладан ўғил-қизларнинг Ўзбекистонда болалар меҳнатига йўл қўймаслик масаласи давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлигидан хабардорлик даражасини янада ошириш, шунингдек, худди шу мақсадда олиб борилаётган тизимли саъй-ҳаракатларни кенг жамоатчиликка, шу жумладан жаҳон ҳамжамиятига етказишдир.
Тадбир доирасида Касаба уюшмалари Федерацияси мутахассислари томонидан турли ёшдаги болажонларга мазкур сананинг моҳияти интерактив усуллар орқали тушунтириб берилди. Хусусан, Касаба уюшмалари Федерацияси вакиллари томонидан иштирокчиларга қишлоқ хўжалигида меҳнат муҳофазаси ишлари ҳамда мамлакатимизда бола ҳуқуқларининг таъминланиши тўғрисидаги кўргазмали материаллар ёрдамида батафсил маълумотлар берилиб, мавзуга оид қатор танлов ва викториналар ташкил этилди.
Маълумот ўрнида айтиб ўтмоқ жоизки, бугунги кунда дунё бўйлаб 5 ёшдан 17 ёшгача бўлган 152 миллион нафар бола асосан қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва саноатда меҳнат қилмоқда. Ишлаётган болаларнинг деярли ярми (72,5 миллион нафари) ўзларининг соғлиги, хавфсизлиги ва маънавиятига таҳдид қилувчи хавфли ишларни бажаради. Шу боис жорий йилги “Бутунжаҳон болалар меҳнатига қарши кураш куни” дунё миқёсида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташаббуси билан қабул қилинган “Болалар меҳнатига қарши кураш халқаро йили” чора-тадбирлари доирасида ўтказилмоқда. Махсус ҳафта давомида ўтказиладиган тадбирлардан кўзланган мақсад – болалар меҳнати соҳасида янги глобал баҳолар ва тенденцияларни муҳокама қилиш ҳамда “Болалар меҳнатига қарши кураш халқаро йили” вазифаларини бажаришдаги ютуқларни намойиш этишдир.
Алоҳида фахр билан таъкидлаш зарурки, Ўзбекистонда ўсиб келаётган ёш авлоднинг ҳар томонлама баркамол ривожланиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилган бўлиб, ушбу масала давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Бола меҳнатидан фойдаланишга йўл қўймаслик бўйича муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан Давлат сиёсати доирасида Ўзбекистон Республикасида бола ҳуқуқларини ҳимоялашнинг кучли механизмларини янада ривожлантиришга, шунингдек, халқаро конвенцияларга мувофиқ миллий қонунчилик базаси ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштиришга йўналтирилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Натижада Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳолатларининг мавжуд эмаслиги Халқаро меҳнат ташкилоти экспертлари томонидан ҳам дунё миқёсида эътироф этилмоқда.
Ўзбекистонда болалар меҳнатига йўл қўймаслик борасида амалга ошириб келинаётган кенг кўламли яора-тадбирларнинг яна бир амалий самараси сифатида Барқарор ривожланиш мақсадларининг асосий мақсадларидан бири, яъни 2025 йилга келиб болалар меҳнатига барҳам бериш вазифаси муддатидан олдин бажарилган кам сонли мамлакатлардан бири Ўзбекистон дея тан олинганини ҳам келтиришимиз мумкин.
Бундай ҳол мамлакатимиз инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш ғоясига содиқлигини ҳамда бундан буён ҳам амалий ислоҳотлар йўлидан боришини намоён этиш баробарида, кўрилаётган чоралар яхлит, барқарор ва орқага қайтмас тус олганидан далолатдир.
Ўзбекистонда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ишлари ижтимоий сиёсатнинг доимий устуворлиги сифатида қабул қилинган. Хусусан, аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар соғлигини муҳофаза қилиш ишлари олиб борилмоқда. Бунинг натижасида фертил ёшдаги аёллар, болалар ва ўсмирлар тиббий кўрик билан тўлиқ қамраб олиниши, туғма нуқсонли болалар дунёга келишининг олдини олиш таъминланган. Шунингдек, Ўзбекистонда 2 ёшгача бўлган барча ўғил ва қизлар бепул эмланиши йўлга қўйилган бўлиб, бунинг натижасида дифтерия, полиомиелит ва қоқшол каби касалликларга тўлиқ барҳам бериш имконияти яратилган. Бугунги кунда республикамизда болаларнинг 92 фоизи ривожланиш параметрлари бўйича Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти стандартларига жавоб беради. Ўсиб келаётган авлод саломатлигининг халқаро рейтингида Ўзбекистон 161 мамлакат ичида биринчи ўнталикка киради.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамлеясининг 72-сессиясидаги нутқида қуйидагиларни таъкидлаган эди: “Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ. Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси “вируси” тарқалишининг олдини олишдир. Бунинг учун ёш авлодни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш лозим, деб ҳисоблаймиз”.
“Анор” болалар соғломлаштириш оромгоҳида ташкил этилган тантанали тадбирда Президентимизнинг ана шу сўзлари алоҳида таъкидлаб ўтилди. Тадбир доирасида болалар учун махсус тайёрланган тематик фильмлар ва роликлар ҳам намойиш этилди. Болалар ўртасида ташкил этилган расмлар, рақс, куй, қўшиқ ва шеърлар танловлари, квилинг, сузиш эстафеталари, конструкторлик, ҳунармандчилик, саҳна кўринишлари, ўғил-қизлар билан бола ҳуқуқлари борасида ўтказилган савол-жавоб викториналари Ўзбекистонда яшаётган болажонларнинг нақадар иқтидорли ва билимли бўлиб улғаяётганини, халқаро конвенциялар бўйича юксак хабардорлик ва билимларга эга эканликларини намоён этди.
Байрам иштирокчиларида расм чизиш танлови катта қизиқиш уйғотди. Бунда ўзбекистонлик ёш истеъдод эгалари бошқа мамлакатларнинг таълим олиш ўрнига ишлашга мажбур бўлаётган болалари билан ўз бирдамлигини кўрсатган ҳолда, мамлакатимизда ёш авлод учун яратилган имкониятларни намойиш этишга ҳаракат қилдилар. Расм чизиш танлови ғолиблари ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ижтимоий акция давомида мамлакатимизда Президентимиз ташаббуслари билан барча соҳаларда бирдек, хусусан, ижтимоий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш, аҳолининг репродуктив саломатлигини мустахкамлаш, оналар, болалар ва ўсмирлар саломатлигини муҳофаза қилиш борасидаги ишларни янги босқичга олиб чиққани эътироф этилди. Қайд этилганидек, бунинг натижасида фертил ёшдаги барча аёллар, болалар ва ўсмирлар тўлиқ тиббий кўриклар билан қамраб олиниб, ҳоли саломатлигини мустахкамлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган жисмоний тарбия ва спортни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбекистонда болалар меҳнатига йўл қўймаслик борасида халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилган самарали механизмлардан яна бири мамлакатимизда таълим билан бир қаторда болажонларни соғломлаштириш соҳасига кўрсатилаётган юксак эътибор ва унинг натижаларидир. Чунки, болалар меҳнатига қарши кураш борасида мактаб ёшидаги болаларнинг ёзги соғломлаштириш ишларини ташкил этиш муҳим профилактик аҳамиятга эга. Мазкур жараён ҳар йили Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан мувофиқлаштириб келинмоқда. Жорий йилги соғломлаштириш мавсумида мамлакатимиз миқёсида жами 1 545 та стационар турдаги оромгоҳлар ва соғломлаштириш майдончалари фаолияти йўлга қўйилиб, уларда жами 261 608 нафар болани дам олдириш режалаштирилган. Ушбу мақсадлар учун қарийб 80 млрд. сўмдан зиёд маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган.
Тадбир давомида юзу кўзлари кулиб турган бахтиёр ўғил-қизлар мамлакатимизда барча болажонларнинг тўлақонли билим олишлари, ҳар томонлама камолга етишлари, таътил даврида мароқли дам олишлари учун давлатимиз томонидан яратиб берилган шарт-шароитлардан мамнун эканликларини, Ўзбекистон ҳақиқий маънода бахтиёр болалар мамлакати эканлигини ўз шеър ва қўшиқлари орқали изҳор этдилар.
Тадбир якунида болажонлар бутун дунё болаларига эзгулик ва бахт тиладилар ҳамда дунё болаларининг урушсиз ва зиддиятларсиз ҳаётга бўлган умидлари тимсоли сифатида самога юзлаб рангбаранг пуфаклар учирдилар.
Муҳаббат ЎРМОНБЕКОВА,
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати раҳбари