29.06.2021. Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда кимё тармоғидаги ёшларнинг ҳар томонлама етук мутахассис бўлиб камол топишига бўлган интилишларини қўллаб-қувватлаш, ўзи танлаган касбга нисбатан ҳурмат ва фахр туйғусини шакллантириш, иқтидорли ёш мутахассисларнинг касбий билим даражасини аниқлаш, ёш мутахассислар орасида соғлом рақобат муҳитини вужудга келтириш ва ёш мутахассисларнинг инновацион ғоя, лойиҳа ҳамда технологияларини ҳаётга татбиқ этиш орқали ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида “Йилнинг энг фаол ёш кимёгари” танловини ўтказиб келмоқда.
Куни кеча Д.И.Менделеев номидаги Россия кимё-технология университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида “Йилнинг энг фаол ёш кимёгари” танловининг республика босқичи ўтказилди.
Мазкур танлов ёшларнинг ҳуқуқий маданияти ва фаоллигини ошириш, шунингдек, иқтидорли ёш мутахассисларни муносиб рағбатлантириш, йигит-қизларда Она Ватанга муҳаббат ва мамлакатда рўй бераётган воқеаларга даҳлдорлик ҳиссини оширишга ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда десак, муболаға бўлмайди.
“Йилнинг энг фаол ёш кимёгари” танловининг биринчи босқичида 1500дан ортиқ корхона, ташкилот ва муассасаларда фаолият олиб бораётган 6 минг нафарга яқин ёш мутахассислар иштирок этдилар. Улар орасидан саралаб олинган 700 нафар ёш кимёгар ҳудудий босқичларда иштирок этди. Ҳудудий босқичда ғолиб бўлган энг фаол ёш мутахассислар республика босқичига йўлланма олдилар.
Республика босқичида дўстона беллашган ёш кимёгарлар билим ва салоҳиятини баҳолашда ёш мутахассисларнинг ишлаб чиқаришга жорий этилган янги лойиҳалари, уларнинг ишлаб чиқариш ҳажми ва унумдорлигини оширишдаги аҳамияти, ёш мутахассислар инновацион ишланмаларининг Республикамиз иқтисодиётини ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси асосий мезонлардан бири бўлди. Шунингдек, ёш мутахассислар томонидан амалга оширилаётган илмий изланишларнинг долзарблиги ҳамда уларнинг республикамиз илм-фани, ишлаб чиқариш самарадорлигини янада ривожланишига муносиб ҳисса қўшишдаги ўрнига алоҳида эътибор қаратилди. Энг муҳими танлов орқали ёш мутахассисларнинг янги ишланма ва кашфиётлари юзага чиқарилди.
Ана шундай ишланмалардан бири сифатида “Фарғонаазот” АЖ Илмий техник ривожлантириш бошқармаси етакчи мутахассиси Бурхон Исақов томонидан тақдим этилган “Гидразин гидрат ишлаб чиқариш” лойиҳасидир.
Мазкур лойиҳа хусусида шуни айтиш жоизки, бугунги кунда гидразин гидратнинг қўлланилиш соҳаси кенг бўлиб, сув ва буғ айланиш қувурларини коррозиядан ҳимоя қилишда, рангли ва қимматбаҳо металларни ажратиб олишда, шиша ишлаб чиқаришда, қишлоқ ҳўжалигида ўсимликлар зараркунандаларига қарши восита сифатида, органик синтезда ва бошқа соҳаларда кенг ишлатилади.
Таъкидлаш зарурки, бугунги кунга қадар гидразин гитрат республикамизга импортдан кириб келмоқда. Маҳаллий хомашёлар ҳамда корхонанинг мавжуд ишлаб чиқариш курилмаларидан фойдаланиб маҳсулот ишлаб чиқарилиши маҳсулот таннархининг камайишига олиб келади ва маҳсулотни қўшни давлатларга экспортга йўналтиришга имконият яратилади. Лойиҳанинг амалиётга татбиқ қилиниши натижасида республикамизнинг қарийб 10,0 млрд. сўм маблағи иқтисод қилинишига эришилади.
“Йилнинг энг фаол ёш кимёгари” танлови ёш мутахассисларнинг юқоридаги каби ишланма ва лойиҳаларини рўёбга чиқариш имконини берди.
Танлов жараёнида ҳакамлар хайъати қарорига мувофиқ “Аммофос-Максам” АЖ Аммафос-2 цехи мастер технологи А.Ғуломов 1-ўринни қўлга киритиб ғолиб бўлди.
2-ўрин “Максам-Чирчиқ” АЖ Лойиҳалаш конструкторлик бўлимининг муҳандис конструктори З.Валиляевага насиб этди.
“Фарғонаазот” АЖ Илмий-техник ривожланиш бошқармаси етакчи мутахассиси Б.Исақов ҳамда “Деҳқонобод калий заводи” АЖ Илм-фан ва инновация бўлими етакчи муҳандиси, инновация бўйича менеджери М.Пўлатов 3-ўринга муносиб деб топилдилар.
Танловнинг барча ғолиб ва совриндорлари Кимё ва фармацевтика саноати ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши ва “Ўзкимёсаноат” АЖ томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати