[:uz]Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Портали[:ru]Портал Федерации Профсоюзов Узбекистана[:oz]Oʻzbekiston kasaba uyushmalari Federasiyasining Portali[:uzl]Oʼzbekiston kasaba uyushmalari Federatsiyasining Portali[:]

Сайт тест режимида ишламоқда

15.07.2021. Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясиннг 2020 йил 11 ноябрь куни бўлиб ўтган VIII-қурултойида Федерация раиси Қудратилла Рафиков Ўзбекистон Мустақиллигининг 30 йиллигига бағишлаб ҳар бир тармоқ касаба уюшмаси Республика кенгашлари томонидан ҳудудларда 30 тадан янги иш ўринларини яратиш ташаббусини илгари сурган эди. Мазкур ташаббус барча тармоқ кенгашлари томонидан бир овоздан қўллаб-қувватланиб, тегишли тартибда амалий ишларга киришилгани бугун кўплаб ишсиз аҳолининг бандлигини таъминлаш имконини бермоқда.

Хусусан, Ўзбекистон металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши томонидан Андижон вилоятининг Асака шаҳрида 30 та янги иш ўрнига эга бўлган “Auto motors kasaba tekstil” мсъулияти чекланган жамияти ташкил этилди.

Тикувчиликка ихтисослашган ушбу корхонада 31 турдаги махсус кийим-бош ва шахсий ҳимоя воситаларини ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

Куни кеча  куни “Auto motors kasaba tekstil” корхонасининг тантанали очилиш маросими булиб ўтди.

Унда Ўзбекистон металлургия ва машинасозлик саноати тармоқлари ходимлари касаба уюшмаси Республика Кенгаши, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Андижон вилоят Кенгаши, туман ҳокимлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси, Асака шаҳри жамоатчилиги ва фаоллар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.

Айни кунда янги корхонада Асака шаҳрида жойлашган маҳаллаларда истиқомат қилаётган хотин-қизлар бандлиги таъминланди. Уларнинг 6 нафари “Аёллар дафтари”га киритилган ишга муҳтож хотин-қизлардир. Қолган хотин-қизлар кам таъминланган оилалардан бўлиб, ўз меҳнатлари билан оилаларига даромад келтириш имкониятига эга бўлганларидан жуда мамнун эканликларини билдирдилар.

Эндиликда мазкур корхонадаги бўш иш ўринларида меҳнат қилишни хохлаган, аммо, қўлида хунари йўқ аёлларни туман ўкув марказида касб-ҳунарга ўргатиш ишларини амалга ошириш ҳам режалаштирилган. Чунки, келгусида “Auto motors kasaba tekstil” корхонасида мавжуд иш ўринлари сонини 60 тага етказиш кўзда тутилган.

 

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Матбуот хизмати